Линклар

Украина шарқидаги Донецк ва Луганск шаҳларида маҳаллий ҳокимият бинолари юзлаб россияпараст намойишчи назорати остида қолмоқда.

Ишғолчилар маъмурий бинолар атрофида баррикадалар ўрнатган.

Украина Ички ишлар вазири Арсен Аваков мамлакатнинг шарқий минтақаларида маҳаллий ҳокимият биноларини ишғол қилган айримачиларга маъмурият биноларни бўшатишга 48 соатлик муҳлат берди.


Аваков ишғолчилар билан музокара иш бермаса, уларни ҳокимият биноларидан чиқариш учун куч қўлланилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Чоршанба куни Киевда ҳукумат мажлисидан сўнг журналистлар билан учрашган Аваков келаси икки кун ичида Луганск, Харьков ва Донецкдаги вазият ҳал этилишига умид билдирди.

– Бунинг икки йўли бор, музокара ёки куч қўллаш, - деди Украина ички ишлар вазири.

6 апрель куни юзлаб россияпараст намойишчилар Донецк, Луганск ва Харьковда ҳукумат биноларини ишғол қилди.

Донецкда маҳаллий маъмурият биносини ишғол қилганлар Донецкни "халқ республикаси" деб эълон қилдилар.

Луганск ҳокимияти ҳам уч кундан буён ишғолчилар назорати остида қолмоқда.

Харьковдаги ҳокимият биноси эса 8 апрель куни исёнчилардан озод этилди. Лекин Харьковда ҳам вазият бу билан барқарорлашгани йўқ.

Киев ва Ғарб ҳукуматлари Украина шарқида вазиятнинг кескинлашувида Москвани айбламоқда.

Қўшма Штатлар Россияга қарши янги санкциялар қўлланилиши ҳақида огоҳлантирди.

- Агар Москва Украина суверенитетига дахл қилишда давом этаверса, АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг кон қазиш ва энергоширкатлари ҳамда банкларига нисбатан янги санкциялар жорий қилишга тайёр, - деди АҚШ Давлат котиби Жон Керри сешанба куни АҚШ Сенатида қилган чиқишида.

Украина шарқидаги тартибсизликлар ва маъмурий биноларнинг босиб олинишига тўхталган Керри бу ҳудудларда “хаос” пайдо қилиш учун у ёққа "Россия агентлари юборилганини" айтди.

Керрига кўра, Россия хатти-ҳаракатлари Қримда бўлгани каби Украина шарқий вилоятларига ҳарбийларни киритиш учун баҳона яратишга қаратилган бўлиши мумкин.

АҚШ Давлат котиби келаси ҳафта Европада Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва Украина расмийлари билан учрашажагини қўшимча қилди.

Душанба куни Керри ва Лавров Украинадаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича тез орада АҚШ, Россия, Европа Иттифоқи ва Украина ўртасида музокара ўтказиш имкониятини муҳокама қилганди.

Бу суҳбат чоғида Керри Лавровга “Украина шарқидаги воқеалар ўз-ўзидан юзага келганга ўхшамаяпти”, деган.

Эртаси куни матбуот анжумани берган Лавров Россиянинг Украина шарқидаги воқеаларга алоқаси борлигига оид айбловларни рад қилган.

Россия Украина жанубий-шарқидаги оммавий норозилик намойишларини молиялаштираётганига оид айбловларни инкор қилган Сергей Лавров “буни америкалик ҳамкорларимиз виждонига ҳавола қиламиз”, деган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG