Линклар

Ўзбекистонда ноутбукидан диний маъруза топилган 19 яшар йигит 5,5 йилга қамалди

  • Садриддин Ашур

Тошкент вилояти, Бўка тумани суди 19 ёшли Қозоғистонда ишлаб, Ўзбекистонга қайтаётганида қўлга олинган Ҳомиджон Абудраҳимовни беш ярим йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида 17 март куни ҳукм чиқарган.

Суднинг бундай ҳукмига Ҳомиджоннинг ноутбукидан чиққан Тоҳир Йўлдош, Абдували қори, Рафиқ қори кабиларнинг диний маърузалари сабаб бўлган.

Ҳомиджон яқинларининг айтишларича, у ноутбукни бошқа одамдан сотиб олгани, компьютерни тушунмаслиги сабабли бу файлларни кўрмагани ҳақида судга берган кўрсатмалари инобатга олинмаган.


Андижон вилоятининг Марҳамат туманида истиқомат қилган 19 яшар Ҳомиджон Абдураҳимов Ўзбекистон Жиноят Кодексининг "Конституциявий тузумга тажовуз" ва "Контрабанда" моддалари билан айбланди.

Ҳомиджон Абдураҳимов тақдирини яқиндан кузатган “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, Ҳомиджон ўтган йилнинг 28 декабрь куни Қозоғистондан мардикорликдан қайтаётганида “Ғишткўприк” постида ҳибсга олинган:

- У камбағал бир оиладан. Ўтган йили мардикорликка Қозоғистонга борган. Ўша ердан ишлатилган бир ноутбукни қўлдан сотиб олган. Чегарадан ўтаётганда божхоначилар ноутбукни текшириб, унинг ичидан Тоҳир Йўлдош, Абдували қори, Обидхон қорининг диний маърузаларини топиб олган, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Шундан сўнг бу маърузалар Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин ишлари қўмитасига экспертизага юборилган ва экспертиза бу маърузалар "конституцион тузумга хавф солади", деган хулоса берган.

Абдураҳмон Ташановга кўра, бу маърузалар ноутбукда борлигини Ҳомиджон билмаган ҳам ва унинг судда берган бу ҳақдаги кўрсатмалари инобатга олинмаган:

- Ҳомиджон аслида умрида бир ракат ҳам намоз ўқимаган экан. Унинг яқинлари ҳам оиласининг диндан узоқда эканлигини айтдилар. Қолаверса, комьпютернинг ичидан бундай файллар чиққани у ҳали мамлакатнинг ичкарисига кирмай туриб тузумга тажовуз қилди, дегани эмас. Диний экстремизм нима эканлигини фаҳмига ҳам бормайдиган 19 яшар болани суд беш ярим йилга қамаб юборди, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистонга қайтаётган меҳнат муҳожирларининг ноутбуклари ва телефонлари чегара пунктларида қаттиқ текширилмоқда.

Телефони ёки комьпютеридан Ўзбекистонда маърузалари тақиқланган шахсларнинг аудио ёки видеоёзувлари чиққан одамлар ҳибсга олинмоқда.

Озодлик олган маълумотларга кўра, ҳибсга олинганларнинг баъзилари жарима билан қутулиб чиққан, аксарияти эса турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган.

Ўтган йилнинг январь ойида Тошкент вилоят суди 3 аёл ва 5 эркакни Обид қори ва Абдували қори маърузалари ёзилган кассеталарни уйида сақлагани учун 8 йилдан 18 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилган эди.

2013 йилнинг июль ойида қибрайлик Равшан Раҳматуллаевнинг компьютеридан ўзбекистонлик машҳур имомлар Абдували қори Мирзаев, Обидхон қори Назаров, Рашодхон Камоловнинг маърузалари топилгани учун у олти йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG