Линклар

Ўзбекистоннинг қатор шаҳарлари бозорларида сотилаётган картошка қимматлади. Бу йил қиш қаттиқ келиб сақланаётган картошканинг бир қисми музлаб қолгани ва баҳорги картошка ҳали пишиб етилмагани нарх ошишига сабаб бўлгани айтилмоқда.

Ўзбекистоннинг қатор шаҳарлари бозорларида сотилаётган картошка қимматлади. Бу йил қиш қаттиқ келиб, сақланаётган картошканинг бир қисми музлаб қолгани ва баҳорги картошка ҳали пишиб етилмагани нарх ошишига сабаб бўлгани айтилмоқда.

Ўзбекистонлик журналист Тошпўлат Раҳматуллаев Озодлик билан суҳбатда сўнгги икки ҳафта давомида Самарқанд шаҳрининг “Сиёб” бозорида картошка нархи кескин кўтарилганини айтди.

- Картошка нархи, икки ҳафталар бўлди, бирданига кўтарилди. Ҳозир “Сиёб” бозорида картошка 2500-2600 атрофида сотиляпти. Янгиси энди чиқа бошлади. 7000-8000 сўмдан сотиляпти, дейди ўзбекистонлик журналист.

Унга кўра, кузда Самарқанд шаҳрида бир килограмм картошка нархи 500-600 сўм, март ойи бошида эса 1500-1700 сўм бўлган.

Қашқадарёлик Қудратилла Муртазоев Озодлик билан суҳбатда шу кунларда Шаҳрисабз бозорида ҳам картошка нархи тахминан 400 сўмга ошганини айтди.

- Ҳозир картошканинг килоси 2000-2200 сўм. 10-15 кун олдин 1700-1800 сўмдан сотилаётган эди. Ҳисоблаб чиқсангиз, 300-400 сўмга ошди-да, дейди шаҳрисабзлик Қудратилла.

Унга кўра, ҳозир Шаҳрисабз бозорида бошқа сабзавотлар нархи кўтарилмаган. Бир килограмм пиёз минг сўм атрофида сотилмоқда.

Айни пайтда, тошкентлик Тўлқин Исаев Озодликка “Фарҳод” бозорида картошка камроқ бўлгани боис нарх тахминан 500 сўмга ошган, деди.

- Фархадскийга якшанба куни тушган эдим, (1 килограмм картошкани) 2800-2900 сўмдан сотишаётган эди. Бир ҳафтача олдин 2400-2500 сўм эди. Анча тортилиб қолган. Янги картошка чиқиши арафасида доим шунақа, дейди тошкентлик Тўлқин.

Озодлик суҳбатдошларига кўра, картошка нархининг ошишига бу йил қиш қаттиқ келиб деҳқонлар ўрага кўмиб қўйган картошканинг бир қисми музлаб, ириб кетгани нарх кўтарилишига сабаб бўлган.

Шу ўринда ўзбек оилалари энг кўм истеъмол қиладиган озиқ-овқат маҳсулоти, яъни, картошка нархи ошиб кетишининг олдини олиш учун қандай чоралар кўриш керак, деган савол туғилади.

Тошпўлат Раҳматуллаев фикрича, баҳор фаслида нархлар кўтарилишининг олдини олиш учун мева-сабзавот сақланадиган йирик омборхоналар ташкил қилиниши лозим.

- Масалан, аҳоли сони маълум, қанча мева ва қанча сабзавот истеъмол қилиниши маълум. Шунинг учун кузда керакли миқдорда мева-сабзавотни тайёрлаш ва сақлаш чораларини кўриш керак-да, дейди журналист Тошпўлат Раҳматуллаев.

Расмий маълумотларга кўра, 1990 йили Ўзбекистонда 300 минг тонна картошка етиштирилган.

Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, ҳозир мамлакатда 130 минг гектар ерга картошка экилади.

Ўтган йил Ўзбекистон бўйича 2 миллион 250 минг тонна картошка ҳосили етиштирилган.

2014 йилда 2 миллион 350 минг тонна картошка етиштириш мўлжалланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG