Линклар

Меҳнат муҳожири Россияда "Тез ёрдам"дан бепул фойдаланиши мумкин


Россия касалхонасига оғир аҳволда мурожаат қиладиган меҳнат муҳожирларига тиббий ëрдам кўрсатилмаслик ҳоллари кўпайгани айтилади.

Россия касалхонасига оғир аҳволда мурожаат қиладиган меҳнат муҳожирларига тиббий ëрдам кўрсатилмаслик ҳоллари кўпайгани айтилади.

Россия ҳукумати 2014 йил мартида қабул қилган мигрантларга тиббий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қарорига биноан, барча турдаги тез тиббий ёрдам, ҳаёт учун хавфли бўлган барча тиббий-жарроҳлик амалиётлари муҳожирларга бепул кўрсатилиши лозим. Бу ва бошқа маълумотлар Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой жамиятлари Халқаро Федерацияси томонидан уюштирилган брифингда келтирилди.

Россия ҳукумати 2014 йил мартида қабул қилган мигрантларга тиббий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қарорига биноан, барча турдаги тез тиббий ёрдам, ҳаёт учун хавфли бўлган барча тиббий-жарроҳлик амалиётлари муҳожирларга бепул кўрсатилиши лозим.

Муҳожирлар орасида ОИТС ва сил каби юқумли касалликларга чалинганлар сони йил сайин кўпайиб бормоқда.

Бу ва мигрантларнинг Россиядаги тиббий муаммоларига доир бошқа маълумотлар Россия Жамоатчилик Паталатасида Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой жамиятлари Халқаро Федерацияси томонидан уюштирилган брифингда келтирилди.

Федерация вакиллари Россияда хавфли инфекцияларни айнан муҳожирлар тарқатаётгани тўғрисидаги маълумотлар ҳақиқатдан йироқ эканлигини ҳам таъкидлаб ўтдилар.


9 апрел куни ўтказилган бринфингда сўзга чиққан Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой жамиятлари Халқаро Федерациясининг Россиядаги минтақавий ваколатхонаси раҳбари Даврон Мухамадиев миграция масаласида мавжуд айрим нотўғри тасаввур ва қотиб қолган қарашларга йиғилганлар эътиборини қаратди.

- Афсуски, сўнгги пайтларда ижтимоий хавфли касалликлар тарқалишига қарши кураш ва соғлиқни сақлаш масалалари Россияда миграция билан шуғулланувчи у ёки бу давлат тузилмалари учун шахсий манфаатлар йўлида фойдаланиш объектига айланмоқда. Биз учун барча жойда объектив маълумотлар тарқатилиши жуда муҳимдир. Айниқса мигрантларга нисбатан сунъий яратилаётган стереотиплар уларга бўлган муносабатни ҳам шакллантирмоқда. Масалан, Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Cил касаллигига қарши кураш хизмати 2012 йилда атиги 2,2 фоиз хорижий фуқарода бу касаллик аломатларини аниқлаган. Вазирлик хулосаси: сил касали тарқалишига мигрантлар таъсири деярли кузатилмади, деди айрим маҳаллий оммавий ахборот воситалари ва ҳатто давлат идоралари бошлиқлари овоза қилаётган маълумотларни инкор этган медицина фанлари доктори Даврон Мухамадиев.

Мутахассис меҳнат муҳожирлари орасида сил ва ОИТСга чалинганлар сони доимий равишда ўсиб бораётганини ҳам айтиб ўтди.

Маълум бўлишича, 2012 йилда Россия сил касали тарқалиши бўйича жаҳон давлатлари орасида хавфли 27- ўринни эгаллаган: шу йили ҳар 100 минг кишига 68 нафар силга чалинган шахс тўғри келгани аниқланган. Россия бўйича жами силга чалинган беморлар сони – 97 542 киши. Россияда меҳнат қилаётган муҳожирлар бу кўрсаткичнинг 8 фоизини ташкил этади.

Сил асосан иқлими мураккаб бўлган Урал орти ва Сибирь ўлкаларида кенг тарқалгани айтилди.

Шу билан бирга, Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой жамиятлари вакили Россияда янги қабул қилинган миграция қонунларида силга чалинган ёки бошқа хавфли юқумли касаллик орттирган хорижлик мамлакатдан муайян муддатга чиқариб юборилиши, ОИТС юқтирган муҳожирларга эса умрбод Россия чегараси ёпилишига алоҳида тўхталиб ўтди. У бу амалиёт инсон ҳақларининг қўпол бузилишидир, деди.

- Россия Федерацияси ҳукуматининг 2014 йил март ойидаги мигрантларга тиббий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги сўнгги қарорига биноан, барча тез тиббий ёрдам муолажалари, ҳаёт учун хавфли бўлган барча тиббий-жарроҳлик амалиётлари муҳожирларга бепул кўрсатилиши лозим. Кўпинча - биз кузатганимиз – муҳожирлар тез тиббий ёрдам чақирса “Сенда регистрациянг борми?”, деб сўрашар экан ёки операциядан кейин яқинларига “Сиз кассага шунча пул тўлашингиз керак!” дейишар экан. Бу на инсонийлик, на тиббиёт ходими ахлоқига мос келади! Ҳозир бу қонунга ҳам зиддир, дейди Даврон Мухамадиев.

Йиғилишда иштирок этган Қизил Хочнинг Россиядаги силга қарши кураш маркази раҳбари Вероника Агапова ўтган 2013 йилнинг биринчи 10 ойи давомида Россияга ишлагани келган 1 миллион 250 минг муҳожир тиббий кўрикдан ўтганини қўшимча қилди. Бош мутахассис, жумладан ОИТС юқтириб олган муҳожирлар сони бўйича рақамларни очиқлади.

- 2013 йилда Россияда 77 мингдан зиёд одам Орттирилган Иммун Тақчиллиги Синдроми (ОИТС) га чалингани аниқланди. Ҳатто шу рақамлардан “хориж фуқаролари ОИТСни тарқатиш бўйича энг хавфли тоифага киради”, деб тарқатилаётган маълумотлар, юмшоқроқ айтганда, ҳақиқатга тўғри келмайди, деди Қизил Хочнинг Россиядаги силга қарши кураш маркази раҳбари Вероника Агапова.

Жамият вакиллари 2012 йилнинг ўзида Россиядан 5957 киши турли юқумли касалликлари аниқлангани туфайли мамлакатдан бадарға қилинганини билдиришди.

Озодлик билан суҳбатда Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой жамиятида меҳнат муҳожирлари тиббий нуқтаи назардан энг ҳимояланмаган қатлам бўлиб қолаётганини таъкидлаб ўтишди.

Бунга муҳожир учун ягона тиббий полисларнинг ҳанузгача жорий қилиниши тегишли давлат идоралари томонидан чўзилаётгани, россиялик иш берувчиларнинг ўз ишчилари соғлигига жавобгарлиги мутлақо белгиланмагани, муҳожирларнинг ўзлари ҳам санитария ва соғлиқни сақлаш қоидаларига кўп ҳолларда риоя қилмасликлари ва ҳуқуқий томондан ҳимояланмагани сабаб қилиб кўрсатилди.

Анжуман якунида Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой жамиятлари Халқаро Федерацияси раҳбарияти Россияда меҳнат қилаётган барча меҳнат муҳожирлари учун тиббий, соғлиқни сақлаш ва бошқа масалалар бўйича ташкил этилган махсус бепул телефонлар орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини маълум қилди.

Россия Қизил Хоч миграция масалалари бўйича жамоатчилик қабулхонаси телефон рақамлари:

+7-926-481-52-00.

Бундан ташқари, Миграция бўйича Халқаро ташқилот (МОМ) Россия бўйлаб ягона ахборот- ресурс марказини ишга туширди:

+7-926-011-56-86; 8-800-333-00-16.

Юқорида кўрсатилган рақамларга қўнғироқ қилган муҳожир Россияда яшаш ва ишлаш янги тартиблари билан танишиши, ҳужжат расмийлаштириш, қочқинлик, фуқаролик ва вақтинчалик яшаш қоидалари, тиббий суғурта ва муолажа юзасидан вужудга келган барча саволларига жавоб олиши мумкин.

Рус тилини билмаганлар ўзбек, тожик ва қирғиз тилларида сўзлашувчи мутахассислар ёрдамида ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишлари мумкинлиги айтилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG