Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:14

Ўзбекистонда биопаспорт беришни Давлат персоналлаштириш маркази чеклаб қўйди


Қорақалпоғистоннинг Беруний тумани Паспорт столи олдидаги навбат
Қорақалпоғистоннинг Беруний тумани Паспорт столи олдидаги навбат
Ўзбекистон фуқароларининг биометрик паспорт олиши кун сайин қийинлашмоқда. Вилоятларда биометрик паспорт олиш учун одамлар ойлаб навбат кутмоқда. Паспорт бериш бўлимлари олдида ҳар куни 300-400 кишилик навбатлар пайдо бўлган.

Расмийларнинг айтишича, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Давлат персоналлаштириш маркази ҳар куни 70 та паспорт берилганидан сўнг вилоятлардаги марказлаштирилган аппаратларни ўчириб қўяётгани сабабли бундай катта навбатлар пайдо бўлмоқда.


Самарқанд шаҳридан Озодликка мурожаат қилган тингловчилардан бири паспорт олишдаги қийинчиликлар тўғрисида ёзди:

“Салом Озодлик. Шу биопаспорт ҳақида кўп мақола ёздингиз, лекин аҳвол ҳалиям ўша-ўша. Самарқанд шаҳрининг Ёшлар маркази олдидаги паспорт столи олдида ҳар куни камида 300 одам навбатда туради. Ура-ур, тўполон. Мен эрталаб 8 да боргандим, кечқурун соат 4 ларда навбатим келди. Наҳотки шуни тезлаштиришнинг имкони бўлмаса?”
, деб ёзди тингловчи.

Озодлик олган маълумотларга кўра, республиканинг аксарият вилоятларида биометрик паспорт олиш билан боғлиқ аҳвол шундай бўлиб қолмоқда.

Озодликнинг “Одноклассники” саҳифасидаги муштарийлар ҳам биометрик паспорт олишдаги муаммолар тўғрисида турли хил фикр билдиришди:

"Кеча бориб топшириб келдим документларни биопаспортга. Ур-тўполон, навбат йўқ, ким зўр бўлса кириб топшириб чиқаяпти. Қўлларим эшикка қисилиб, кўкариб қолган. Документларимни қабул қилишди, 2 ойда тайёр бўлади, деб жавоб беришди."

“Бизда Бекободда хам янги паспорт олиш муаммо бўляпти, сабаби шу соҳадаги ишловчилар пораям оляпти, таниш-билиш қиляпти. Бошлиги ёш бола, орқасида ишбилармон акалари бор.”

“Men joriy yilning noyabr oyida 4 kunda oldim, uzlari tel. qilib tayyor boldi pasportiz olib keting deyishdi”

“Ha, barini pul hal qilopti..”

“Pul gapirganda haqiqat jim turarkan...”

“Бизда, Хоразмда жуда қийин, тез олиш учун 150 минг сўрашди мандан. 15 кун ичида қилиб беришди”

“Мani qizim Fargona shaxridan yetti kunda oldi. Fargona shahar pasport stoli yaxshi ishlaypti”

“Мен Андижоннинг Шаҳрихониданман январь ойида паспортимни алмаштирдим 10 кунда ўзлари телефон қилишиб, илтимос паспортингизни олиб кетинг дейишди”.


Озодликнинг “Одноклассники”даги муштарийлари фикрларини келтирдик.

Биометрик паспорт олиш билан боғлиқ муаммолар жорий йилнинг биринчи февралидан бошланган.

Бунинг сабабини Ўзбекистон вилоятларидан биридаги Хорижга кириш чиқиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасининг исми сир қолишини сўраган мулозими очиқлади:

“Ҳақиқатан ҳам бугун паспорт олишга навбат жуда чўзилиб кетди. Бунинг асосий сабабчиси Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Давлат персоналлаштириш маркази бўлади. Чунки паспорт ёзадиган аппаратларимиз персоналлаштириш маркази билан боғланган. Ҳозир ҳар куни 70 та паспорт чиқарганимиздан кейин аппаратларни марказдан ўчириб қўйишади. Яъни кунига 70 дан ортиқ паспорт чиқармаслик лимити қўйилган”, дейди мулозим.

Суҳбатдошга кўра, жорий йилнинг февралигача улар ҳар куни 150тадан паспорт тайёрлашга улгуришган:

“Республиканинг вилоят, шаҳар ва туманларига 200 тадан ортиқ шундай аппарат қўйилган. Биринчи февралдан паспорт бериш 70 тагача қилиб чекланди. Энди эса лимитдан ташқарига чиқолмаяпмиз. Шунинг учун навбат кўпайиб кетяпти. Фуқаролар тўғри тушунишсин, айб бизда эмас”, деди Ўзбекистон вилоятларидан биридаги Хорижга кириш чиқиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасининг исми сир қолишини сўраган мулозими.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Давлат персоналлаштириш марказининг телефони кун бўйи жавоб бермагани учун бу масалага изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

2014 йилнинг 1 июлидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари чет элга фақат биометрик паспорт билан чиқиши мумкинлиги ҳақидаги Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 6 февралда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга чиқиши тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қароридан сўнг паспорт бўлимлари олдида турнақатор навбатлар пайдо бўла бошлади.

Айни пайтда Ўзбекистон Президенти фармонида эски русумдаги паспортлар 2015 йилнинг 31 декабригача амал қилиши белгилаб қўйилган эди.
XS
SM
MD
LG