Линклар

Андижон Ахборот технологиялари коллежининг уч нафар ўқувчиси ўз курсдоши Улуғбек Қосимовни калтаклаб ўлдириб қўйди. Бу ҳақда хабар берган Озодлик манбасига кўра, талабалар курсдошини хўрлаб, Ўзбекистон гимнини айтишга мажбурлаган. Расмийлар эса талабалар ўртасидаги жанжалнинг қиз талашиб чиққанини айтмоқдалар. Бу сўнгги ойда Андижонда талабаларнинг ўзаро жанжали оқибатида ўқувчи ҳалок бўлган иккинчи ҳолатдир.

Андижон Ахборот технологиялари коллежининг уч нафар ўқувчиси 17 март куни коллеж биносида курсдоши Улуғбек Қосимовни уриб ўлдириб қўйди. Бу ҳақдаги хабар Озодликка 10 апрель куни етиб келди.

Озодликнинг Андижондаги манбасига кўра, жанжал ўқувчиларнинг курсдошини Ўзбекистон мадҳиясини айтишга мажбурлаши ортидан келиб чиқан:

“Андижон шаҳридаги Алоқа коллежида биринчи курс талабасини катта курслар уриб, мадҳия айттирган. Натижада у калтакдан вафот этган”, деб хабар берди манба.

Озодликнинг Андижон шаҳар ҳуқуқ тизимидаги манбаси ўқувчиларнинг ўз курдошини мажбурлаб мадҳия айттирганини рад этар экан, бу воқеа коллеж ташқарисида содир бўлганини айтади:

“Андижон Ахборот технологиялари коллежининг 1-курс ўқувчилари Б. Абдулҳафизов, Ш. Муҳсинов ва С. Абдураҳмоновлар шу коллежнинг биринчи курс ўқувчиси Улуғбек Қосимов билан ўзаро жанжаллашиб, унга тан жароҳати етказишган. Бу воқеа коллеж ташқарисида, 17 март куни соат бирларда 46- мактабнинг олдида бўлган”, дейди Озодликнинг расмий тизимдаги манбаси.

Унга кўра, болалардан бирининг қаттиқ зарбасидан сўнг Улуғбек боши билан ерга йиқилган ва орқа мияси қаттиқ лат еган.

Касалхонага олиб борилган Улуғбек Қосимовнинг боши операция қилинган, бироқ у орадан бир ҳафта ўтиб, 24 март куни касалхонада жон берган.

Озодликнинг ҳуқуқ тизимидаги манбасига кўра, йигитлар ўртасидаги жанжал қиз талашиб чиққан:

“Улуғбек 8-март куни курсдош қизларидан бирига совға берган. Лекин анаву уч боладан биттаси ҳам бу қизни яхши кўрган. Хуллас¸ жанжал қизнинг ортидан келиб чиққан”, деди манба.

Манбанинг айтишича, айни пайтда бу воқеа юзасидан жиноят иши қўзғатилган ва суриштирув жараëни давом этмоқда. Улуғбек Қосимовни ўлдирганликда айбланаётган уч талаба ҳозирда уй қамоғида сақланмоқда.

Айнан 17 март куни Андижонда яна бир талаба юқори курс талабаси зўравонлиги қурбони бўлган эди.

Андижон Қишлоқ хўжалик институти ëтоқхонасида 17 март куни кечқурун Агрономия факультети талабаси Умиджон Остонаев зинадан тушаëтганида туртиниб кетгани учун 3-курс талабаси Беҳзод Маъмуров томонидан уриб ўлдирилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG