Линклар

Бугун Қирғизистоннинг Бишкек, Ўш, Жалолобод ва Қорақўл шаҳарларида мухолифат митинглари бўлиб ўтди. Маълумотларга қараганда, Бишкекда митингда иштирок этмоқчи бўлган 500 киши қўлга олинган.

“Миллий мухолифат ҳаракати” томонидан уюштирилган митингларда бир неча минг одам иштирок этди. Бишкекдаги митингга, мустақил кузатувчилар 2 минг, ташкилотчилар эса 4 минг одам келганини айтмоқда. Ўшдаги митингга 700 киши, Жалолободдаги митингга 500 га яқин киши келгани хабар қилинди. Қорақўл шаҳрида эса митингга йиғилганларни милиция ходимлари қўлга олган.

Бишкек шаҳар ички ишлар бўлими матбуот котиби Бақит Сейитов митинг арафасида пойтахтдаги меҳмонхоналар текширилгани ва айрим меҳмонхоналарда қўлга олинган одамлар пул ваъда қилингани учун митингда иштирок этишга келгани аниқланганини айтди:

-Ўш ва Аламудин бозорлари атрофидаги меҳмонхоналар текширилганида, бу меҳмонхоналарда яшаётган фуқаролар бугунги митингда қатнашганларнинг ҳар бирига 1,5 минг сўмдан пул ваъда қилингани учун Бишкекка келганини айтишди. Бу маълумот ҳозир текширилмоқда, -деди Бақит Сейитов.

Бироқ мухолифат лидерлари бу маълумотни “мухолифатга тухмат” сифатида баҳоламоқда.

-Агар ҳукумат мана шундай провокацияларни давом эттираверса митингга келган йигитларни тўхтатиш қийин бўлиб қолади. 2005 йилда ҳам ҳукуматнинг провокациялари туфайли митингчилар ғазабга миниб, ҳокимият ағдарилган эди, -деди мухолифат лидерларидан бири Азимбек Бекназаров.

Митингчилар Канада ширкати томонидан ўзлаштирилган Қумтор олтин конни миллийлаштириш, олтин конини миллийлаштириш талаби билан ўтган йили митинг ўтказгани учун қўлга олинган одамларга нисбатан тергов ва таъқиб тўхтатилишини, президент ўз ваколатларидан чиқмаган ҳолда ўз вазифасини бажаришни, Бишкекдаги “Манас” халқаро аэропортининг Россияга сотилиши жараёни тўхтатилишини талаб қилмоқда.

Мухолифат лидерларидан бири Қамчибек Ташиев бу талаблар ҳукуматга расман тақдим этилишини айтди. “Ҳукумат бу талабларни бажармаган ҳолатда вазият қандай ривожланади?” деган саволга Қамчибек Ташиев “Ҳокимиятни куч билан босиб олиш учун ҳеч қандай ҳаракатлар бўлмайди. Ҳукуматнинг ҳаракатларини жамоатчилик баҳолаши керак ва кейинги ҳаракатларни жамоатчиликнинг баҳоси аниқлайди”, деб жавоб берди.

Мухолифат лидерларининг билдиришича, Бишкек милицияси пойтахтнинг турли жойларида митингда иштирок этиш учун келаётган 500 кишини қўлга олган ва уларга нисбатан куч қўллаган. Аммо шаҳар милицияси қўлга олинган 200 га яқин киши тушунтириш ишлари олиб борилганидан сўнг озод этилганини билдирмоқда. Қўлга олинганлар орасида Қамчибек Ташиевнинг ўғли ҳам бор.

Ўшда ва Жалолободда ўтган митинг иштирокчилари эса коррупцияда айбланиб қамоққа олинган парламент депутати Ахматбек Келдибековнинг озод этилишини талаб қилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG