Линклар

logo-print

Алвидо Анталия - Банк ходимларининг хорижга чиқиши қаттиқ назоратга олинди


Кузатувчиларга кўра¸ Ўзбекистон тобора ўз сарҳадини турли чекловлар билан тўсиб¸ Шимолий Корея типидаги ëпиқ давлатга айланиб бормоқда.

Кузатувчиларга кўра¸ Ўзбекистон тобора ўз сарҳадини турли чекловлар билан тўсиб¸ Шимолий Корея типидаги ëпиқ давлатга айланиб бормоқда.


Ўзбекистондаги нафақат давлат¸ балки тижорий ва хусусий банк ходимлари ҳам бундан буëн фақат энг юқори раҳбариятдан махсус рухсат берилган тақдирдагина хорижга чиқиш мумкинлигидан огоҳлантирилмоқда. Бундай янги тартибнинг нафақат банк¸ балки давлат сирига бевосита ëки билвосита алоқадор деб кўриладиган фуқароларнинг барчасига дахлдор бўлиши кутилмоқда.

Туяни шамол учирса¸ эчкини осмонда кўр...

Ўзбекистон президенти 5 март куни имзолаган “Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғриси”даги қарори ортидан мамлакатдаги турли тизимлар ўз ички “чора-тадбирлари”ни белгилашга киришди.

Мансабдор шахсларнинг чет мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш, хизмат сафарлари самарадорлигини ошириш, Ўзбекистон Республикаси миллий хавфсизлигини таъминлаш ва давлат сирларини сақлаш мақсадида қабул қилинган президент қарори эндиликда нафақат бу қарорда махсус белгиланган¸ балки унда тилга олинмаган тизимлар¸ хусусан¸ банк тизимига ҳам татбиқ этилмоқда.

“Банкимизда мажлис бўлди¸ ҳаммани йиғишди. "Четга чиқишлар кўпайиб кетди. Банк серъëзная организация¸ бу сизга бозор эмас”¸ дейишди. Шунинг учун ишлаб¸ жойингизда жимгина ўтиринг¸ тинчлик керак бўлса¸ ҳеч қанақа чет эл-пет эл йўқ бундан буëғига. Индамай ўтирасиз энди. Бизга тепадан шунақа буйруқ келди¸ тепада ҳам мажлис бўлди¸ Марказий банкда шу ҳақда гапирилди. Хуллас¸банк ходимлари чет элга чиқмасин ¸дейишди. Бу нарса қаттиқ назоратга олинган” дейишди.

Бундан кейин жуда кучли зарурат туғилиб¸ чет элга чиқиши зарур бўлиб қолган банк ходимлари фақат ва фақат энг катта раҳбарият рухсати билан чиқиши керак бўларкан. Лекин бизнинг банк раҳбариятиям ўзича бунақа рухсат беролмас экан. Марказий банкдан сўраш керак бўларкан. Қисқаси¸ бу энди не так уж просто¸ шунинг учун жимгина ўтиринг¸ дейишди”¸ деб хабар қилди Озодликка Ўзбекистондаги очиқ акционерлик-тижорий банкларидан бирининг ўрта бўғин бошқарувида ишловчи ходими.

Унинг айтишича¸ кейинги йилларда банк ходимлари ўртасида ўз таътилида Туркия¸ Малайзия¸ Таиланд каби давлатларга оилавий дам олишга бориш анча урф бўлган ва банк бошқаруви ўтказган мажлисда бундан буëғига бундай анъананинг тугатилгани очиқ айтилган.

“Мажлисга келганлардан¸ хорижга чиқиш тақиқланганига оид янги тартибдан хабардор қилишди¸ мен бу мажлисда қатнашдим” деб исм-шарифи тўлиқ ëзилган тилхатга қўл қўйдириб олишди. Лекин ҳозир паспортида чиқиш визаси борлар четга чиқса¸ нима чора кўрилиши ҳақида аниқ айтишмади. Менимча¸ четга чиқсак¸ ишдан бўшатиб юборишса керак”¸ деб қўшимча қилди Озодликнинг тижорий банклардан биридаги ушбу манбаси.

Ушбу хабар билан айни пайтда¸ Ўзбекистондаги хусусий банклардан бирида бўлим бошлиғи лавозимида ишловчи бошқа манба ўз банки ходимларининг ҳам худди шундай хорижга чиқиш тақиқланганидан огоҳлантирилганини билдирди. “Бизда унақа мажлис бўлмади¸ лекин фақат махсус рухсат бўлсагина четга чиқиш мумкинлигини ҳаммамиз биламиз. Банк ходимларининг четга чиқиши мумкин эмаслигини ҳамма билади”¸ деди хусусий банк расмийси.

Ўрмонга ўт кетса¸ ҳўлу қуруқ баравар ëнади...

Ўзбекистон банкларида нафақат бошқарув таркибига кирувчи мулозимлар¸ балки оддий ходимларнинг ҳам хорижга чиқиши устидан кучли назорат ўрнатилганини изоҳлаган Озодликнинг ҳукумат тизимидаги манбаси¸ ана шу мақолни тилга олди.

“Бу нафақат банк тизими¸ балки давлат структураларининг барчасида бораëтган умумий тенденция. Президент қароридан кейин барча тизимлар¸ хусусан¸ банкларда ҳам хорижга чиқиш тартиби кескинлаштирилаяпти. Янги тартиб¸ нафақат давлат банклари¸ балки уларда ҳам давлатнинг улуши бўлгани боис¸ тижорат банкларига ҳам тааллуқли бўлади. Бу бир қараганда инсоннинг эркин ҳаракатланиш ҳаққини топтаëтгандек кўриниши мумкин. Лекин фуқаронинг шахсий ҳақаридан ташқари давлат ходими сифатидаги мажбуриятлари ҳам бор. Давлат хавфсизлиги учун шундай чора керак бўлса¸ уни қабул қилиш керак”¸ деган мазмунда изоҳлади бу тартибни давлат мулозими.

Айни пайтда¸ Озодлик билан ўз исми очиқланмаслиги шарти билан микрофонсиз суҳбатлашган бу расмий¸ банк ходимларининг хорижга чиқишини тақиқлаш тўғрисидаги ëзма буйруққа кўз тушмагани¸ банклар раҳбарияти қабул қилаëтган янги тартиб¸ айнан тепадан туширилган “президент қарори асосида чора кўрилсин”¸ деган мазмундаги кўрсатмага таянишини қўшимча қилди.

Мазкур манба¸ Ўзбекистонда давлат сирига¸ миллий хавфсизликка алоқадор ахборотга алоқадор деб кўрилаëтган расмийларнинг махсус рўйхатдаги шахслар даражасидан¸ бутун бошли тизимлар ходимларига қадар туширилаëтгани¸ хорижга чиқиши тақиқланган ëхуд кескин назорат остига олинган соҳалар кўламининг кенгайиб бораëтгани сабаби Украинадаги жараëнлар билан боғлиқ эканини тилга олди.

“Украинада давлатчилик тақдирини савол остида қолдирган ҳозирги воқеалар фонида Ўзбекистон ҳукумати давлат манфаатлари¸ миллий хавфсизликни янада ҳимоялаш заруратини ҳис этмоқда. Бу чора уларнинг шу мақсадда ўйлаб топган навбатдаги ҳаракатидир”¸ дейди Озодлик манбаси.

Шимолий Кореяча бошқарув модели?

Президент Каримов 5 март куни имзолаган “Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғриси”даги қарорга мувофиқ¸ Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, вазирлар, Олий Мажлис Сенати раиси ва Қонун чиқариш палатаси спикери, мамлакат Омбудсмани, Марказий банк раиси ва унинг ўринбосарлари, МХХ раиси, Бош прокурор, Марказий сайлов комиссияси раиси, Конституциявий суд, Олий суд ва Олий хўжалик суди раислари, Фанлар академияси президенти, Ўзбекистон республикаси инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази директори, вилоят ҳокимлари ва Тошкент шаҳри ҳокими – жами 25 та мансаб эгаси четга чиқиш учун шахсан Ўзбекистон президентидан изн олиши зарур.

Агар Тошкент шаҳар ҳокими хорижга чиқиш учун президентдан изн олиши лозим бўлса, Ўзбекистондаги бошқа шаҳарлар ҳокимлари Вазирлар маҳкамасидан рухсат сўрашлари керак бўлади. Улардан ташқари Вазирлар маҳкамаси ижроия девони масъул ходимлари ва ахборот-таҳлилий бўлимлари раҳбарлари, Миллий ахборот агентлиги бош директори, Миллий телерадиокомпания раиси ва унинг муовинлари, Бадиий академия раиси, туман ҳокимлари – жами 15 номдаги мансабни эгаллаб турган амалдорлар Ўзбекистондан чиқиш учун ҳукуматдан махсус рухсат олиши керак бўлади.

Конституциявий суд ҳакамлари, Ўзбекистондаги умумий юрисдикция ва хўжалик судлари судьялари, ИИВ, Адлия вазирлиги, Давлат божхона қўмитасига дохил олий таълим муассасалари раҳбарлари (ректорлари) ва ўринбосарлари (проректорлари), шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, МХХ Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси, Адлия вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Олий суд, Бош прокуратура, Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси ҳамда уларнинг ҳудудий ва тузилмавий бўлинмаларининг масъул ходимлари халқаро ва минтақавий ташкилотлар (БМТ, ШҲТ, МДҲ ва ш.к.) томонидан ўтказилаётган расмий тадбирларда иштирок этиш учун ўз командировкаларини Президент девонининг тегишли хизматлари билан мувофиқлаштиришлари лозим бўлади. Мансабдор шахсларнинг халқаро ва минтақавий ташкилотлар томонидан ўтказиладиган расмий тадбирларда иштирок этиши Ташқи ишлар вазирлиги орқали амалга оширилади. Бу мансаб эгаларининг хизмат сафаридан бошқа ҳолатларда хорижга чиқиши чеклаб қўйилган.

Президент қарорида қайд этилишича, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат сирларини сақлаш тўғрисида”ги қонунида давлат сири ёки ҳарбий сир бўлган маълумотлар билан ишлаётган ёки ишлаган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқлари ўзларининг ёзма розиликлари асосида чекланиши мумкинлиги белгилаб қўйилган. “Шу важдан давлат сири ёки ҳарбий сир бўлиб ҳисобланган маълумотлардан хабари бўлган мансабдорларнинг хорижий мамлакатларга чиқиши белгиланган тартибда махсус келишувга кўра амалга оширилиши лозим”, дейилади президент имзолаган ҳужжатда.
Президент қарори асосида кўлами кенгайиб бораëтган хорижга чиқишни чеклаш амалиëти¸ афтидан ушбу қарорда иқтибос келтирилган қонунга мосланмоқда.

Эндиликда мулк туридан қатъий назар¸ давлат сирига алоқадор деб топилган ҳар бир муассасанинг ўз ходимидан “шахсий ҳуқуқлари чекланиши”¸ хусусан¸ конституцияда кафолатланган эркин ҳаракатланиш ҳаққидан ўз ихтиëрига кўра воз кечаëтганига оид тилхат ëздириб олиш амалиëтининг нафақат банклар¸ балки давлатнинг ҳеч қандай сирга алоқаси бўлмаган бошқа идораларига ҳам кўчишини тахмин қилиш мумкин.

Ўтган йил охирида Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси махсус буйруқ чиқариб¸ ўз ходимларининг хорижга чиқишини чеклаган ва уларнинг фақат махсус рухсат бўлган тақдирдагина чиқиш амалиëтини жорий қилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG