Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:23

Кореядаги ўзбекларнинг 13-ойлиги Ўзбекистонга ўтказилиши мумкин


Кореяда ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари шартнома муддати битганидан сўнг олишлари керак бўлган Твежикгим – 13-ойликни эндиликда Ўзбекистондан олишлари мумкинлигига оид гап-сўзлардан ташвишга тушган. Бироқ Озодликнинг Корея Меҳнат вазирлигига яқин манбаси ҳозирча бу гаплардан хавотирга тушиш ўринсиз, деб ҳисоблайди.


Корея Меҳнат вазирлигига яқин манбанинг Озодликка маълум қилишича, яқин ойлар ичида Жанубий Кореяда шартнома асосида ишлаётган ўзбекистонликлар шартнома муддати битганидан сўнг бериладиган Твежикгим, яъни 13-ойликни Ўзбекистондан оладиган бўлиб қолишлари мумкин.

Суҳбатдошимизга кўра, аввалроқ Корея Меҳнат вазирлигига Вьетнам расмийларидан Твежикгимни Вьетнамга ўтказиб бериш ҳақида талабнома келиб тушган. Шундан сўнг кореялик расмийлар бу мамлакатда ишлаётган 15 та давлат фуқароларига бериладиган твежикгим пулини муҳожирларнинг ватанларидаги Меҳнат вазирликларига ўтказиб бериш масаласини муҳокама қила бошлаганлар.

“Корея Меҳнат вазирлиги бу масала юзасидан май ойи охирларида бир қарорга келиши кутилаяпти”, деди Озодлик манбаси.

Твежикгим пули муҳожирларнинг ватанларидаги Меҳнат вазирликларига ўтказиб берилишига оид гап-сўзлар Жанубий Кореяда ишлаётган ўзбекистонликларни ҳам ташвишга солиб қўйган.

Икки йилдан буён Кореяда ишлаётган ва исми ошкор қилинишини истамаган ўзбекистонлик муҳожирга кўра, ишчининг ойлик маошидан ташқари бўлган Твежикгим пули Кореяда шартнома асосида камида бир йил ишлаган одамларга берилади, уч-тўрт йил ишлаганларга эса шу пайтгача 10 мингдан 13 минг долларгача пул бериб келинган. “Бу пул Ўзбекистонга ўтказиб берилса, чўғи камайиб кетиши мумкин”, дейди ўзбекистонлик муҳожир:

- Ўзбекистонга ташласа пулни, давлат курсида ҳисобланади-ю, тўғрими? Бу қора бозор билан тўғри келмайди, 100 минг атрофида фарқ бор. 10 минг (доллар) атрофида бўлса, 8 минг, 7 мингларга айланиб қолади-да. 7 мингга айланганидан кейин уни пластик карточкага ташлаб бераркан. Пластик карточкадан кейин қандай қилиб ечиб олсак бўлади? Бу ёғи ҳам ўйлантираяпти. Униям кунига 200 минг (сўм)дан ортиқ ишлатиб бўлмас эканми... Шунақа гаплар ҳам бор экан, - деди ўзбекистонлик муҳожир.

Бу муаммога жавоб излаб, ўзбек муҳожирларини Кореяга жўнатиш билан шуғулланувчи Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги қошидаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигига қўнғироқ қилдик.

Агентликнинг исмини айтмаган ходими Ўзбекистон билан Корея расмийлари ўртасида имзоланган меморандумга мувофиқ, Твежикгим пули Кореядаги корхона масъуллари томонидан бевосита ўзбекистонлик ишчининг қўлига берилишини айтиб, ҳозирча бу тартибда бирор ўзгариш бўлиши кутилмаётганини қайд этди:

- Ўн учинчи зарплата Ўзбекистондан берилмайди. Буни (Кореядаги) корхонанинг ўзидан олиш мумкин. Ундаям ҳамма корхона бермайди твежикгимни. Меморандум, соглашениеда унақа нарса кўрсатилмаган-да, тушуняпсизми? Именно ҳозир ишлаётган соглашениеда унақа нарса кўрсатилмаган. Бизга ҳозир, биласизми, неча йилдан буён пул келмаяпти? Почти олти-етти йил бўлиб қолди, - деди Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги вакиласи.

Сўнгги расмий маълумотларга мувофиқ, Жанубий Кореяда 15 мингдан зиёд ўзбекистонлик муҳожир шартнома асосида ишлаяпти. Агар Твежикгим пули Ўзбекистонга ўтказиб бериладиган бўлса, АҚШ долларининг расмий курси ва “қора бозор” курси ўртасидаги фарқ туфайли, энг камтарин ҳисоб-китобларга кўра, ўзбекистонлик муҳожирларнинг умумий ҳисобда 30 миллион доллар атрофида пул йўқотишлари эҳтимолдан ҳоли эмас.

Бироқ Корея Меҳнат вазирлигига яқин бўлган Озодлик манбаси “ўзбек муҳожирларининг тушкунликка тушишларига ҳали эрта”, деган фикрда.

“Ҳозир турли давлатлардан келиб ишлаётган ва бу гапдан хабар топган меҳнат мигрантлари Корея Меҳнат вазирлиги биноси олдида митинглар ўтказаяптилар. Ажабмаски, шу норозилик намойишлари туфайли Меҳнат вазирлиги Твежикгимни муҳожирларнинг ватанларига ўтказиб бериш фикридан воз кечса...”, деган Озодлик манбаси бизга бу масала бўйича июнь ойи бошларида мурожаат қилишни тавсия қилди ва ўша пайтда Озодлик муштарийларига Корея расмийларининг бу борадаги якуний қарорини айтишни ваъда қилди.

XS
SM
MD
LG