Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:28

Наргиз Зокирова Юграда ушланганини инкор этди


Наргиз Зокирова
Наргиз Зокирова
Ўзбек ва Россия матбуотида “Голос” лойиҳаси юлдузларидан бири Наргиз Зокированинг Юграда ушлангани ҳақида хабар тарқалди . Сариқ матбуот хабарларида АҚШ фуқароси Наргиз Зокированинг қонунга зид равишда концерт берганлик учун ушлангани ëзилди. Озодлик билан суҳбатда асли ўзбекистонлик қўшиқчи бу хабарларни "уйдирма" деб атади.

“Голос” лойиҳасида ғолиб чиқиб, Россия ва бошқа мамлакатларда танилган қўшиқчи Наргиз Зокирова Ханти-Мансийск ўлкасида “ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланганлик” иддаоси билан ФМС ходимлари томонидан ушланганини хабар қилди Нижневартовскдаги маҳаллий “Экспресс-газета”.

Бу хабарда Нижневартовск шаҳридаги Санъат саройида ўтказилган концерт дастуридан кейин Наргиз Зокирова маҳаллий Федерал миграция хизмати ходимлари томонидан бир неча соатга ушлаб қолингани ва виза режимини бузгани учун унга нисбатан маъмурий протокол тузилгани айтилди.

“Обь” меҳмонхонаси хўжайини Елена Дергунова журналистларга Наргиз отелнинг энг яхши “Горбачёв яшаган” хонасида турганини айта туриб¸ ФМС ходимлари Зокирова паспортига босилган сайёҳлик визаси унинг мамлакатда меҳнат фаолияти билан шуғулланишга имкон бермаслиги асосида унга маъмурий чора қўллаганини билдирган. Шунингдек, Дергунова иддаосича¸ Наргиз Зокирова меҳмонхонага 12 минг рубл миқдоридаги хизмат ҳақларини тўлашдан бош тортиб, меҳмонхонани тарк этган.

Бу хабарни тарқатган “Экспресс-газета” мухбирлари изоҳ сўраб Нижневартовскдаги концерт ташкилотчиси Андрей Чмирёвга мурожаат қилган. Чмирёв эса¸ “Наргизнинг фақат ижодий кечага ташриф буюргани¸ унинг шаҳарда ҳеч қандай концерт бермагани”ни маълум қилган.

Озодлик мухбири воқеа тафсилотларини ўрганиш мақсадида Наргиз Зокированинг ўзига мурожаат қилди.

Facebook саҳифаси орқали мухбиримиз билан алоқага чиққан Наргиз Зокирова “Бунинг ҳаммаси уйдирма гап))) Менинг ишларим жойида, ҳеч ким мени ушлаб қолгани йўқ)))” (Да это полный бред!)))) Я в порядке, никто меня не задерживал))) дея жавоб қайтарди.

Айни пайтда¸ Наргизнинг Тюмень ўлкасининг бошқа шаҳарларида ўз концерт дастурлари билан чиқиш режаси жамоатчиликка эълон қилинган. Бу концертлар тақдири нима бўлишига оид саволга жавоб берган хонанда:
“Менда ҳамма ҳужжат жойида!!!)) Гастроллар айни авжида!)” (У меня есть все, что полагается!!!)) Гастроли в полном разгаре!)¸ деб ëзди.

Югра Федерал миграция хизмати бошқармасининг Озодлик мухбири билан ўзини таништирмасдан гаплашган расмийси АҚШ фуқароси бўлган ўзбек хонандасининг ушлангани ва унга нисбатан маъмурий протокол тузилганидан бехабарлигини айтди.

Урал федерал округида концерт беришни давом эттираётган Зокировлар сулоласи вакиласи Наргиз Сургут ва Екатеринбург шаҳарларида муваффақиятли чиқиш қилган. Бунинг бу шаҳарлардаги концертлари миграция хизмати ходимлари эътиборини ўзига жалб қилмади.
XS
SM
MD
LG