Линклар

Европа Кенгаши Парламентлараро Ассамблеяси Россияни жазога тортди


Россия жорий сессияда ЕКПАда овоз бера олмайди.

Россия жорий сессияда ЕКПАда овоз бера олмайди.

Европа Кенгаши Парламентлараро Ассамблеяси Россия делегациясини жорий cессия даврида овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилди. Бир кун аввал ЕКПА Қримни аннекси қилган Россияни қораловчи резолюцияни ҳам маъқуллаган эди.



Европа Кенгаши Парламентлараро Ассамблеяси (ЕКПА) 10 апрель куни қабул қилган резолюция 145 депутат томонидан маъқулланди, 21 депутат унга қарши чиқди. Ассамблеянинг 22 вакили бетараф қолди.

ЕКПА ялпи мажлисида бу масалага оид муҳокамаларни Россия делегацияси бойкот қилди.

Арманистоннинг ЕКПАдаги тўрт делегатининг барчаси резолюцияга қарши овоз берди. Сербиянинг етти делегатидан уч нафари ва саккиз француз делегатининг уч нафари ҳам резолюцияни қўллаб-қувватламади. Резолюцияга қарши овоз берганлан орасида Финляндиянинг икки ҳамда Германия, Греция, Венгрия, Исландия вв Молдованинг биттадан делегатлари бўлди.

Москва делегацияси энди 2014 йилги сессия тугагунига қадар овоз бериш ҳуқуқига эга бўлмайди.

Россия делегацияси шунингдек, Ассамблея бюроси, ЕКПА раиси қўмитаси, ЕКПА доимий қўмитасидаги ваколатлари ҳамда тузилма доирасида сайловларни кузатиш миссияларида иштирок этиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилинди.

Ассамблея шунингдек, Москва “вазиятни деэскалация қилиб, Қримни аннексия қилиш қарорини бекор қилмаса”, Россия делегациясини бошқа “ваколатларидан ҳам маҳрум қилиш ҳуқуқини” сақлаб қолади, дея қарор қилди.

9 апрель куни Европа Кенгаши Парламентлараро Ассамблеяси Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилган Россияни қораловчи резолюцияни қабул қилган эди.

Ассамблея 9 апрел куни Страсбургда ўтказилган фавқулодда мажлисида маъқуллаган резолюцияда Россия ўз ҳаракатларини оқлаш учун илгари сурган иддаоларнинг бирортаси “ҳақиқий фактларга асосланмаган” дейилади.

Даниялик депутат михаель Ааструп Йенсен “овоз бериш ҳуқуқининг олиб ташланиши Россия Президенти Владимир Путинга аниқ мужда бўлади”, дея таъкидлади.

ЕКПА, шунингдек, Киевда иқтидорга келган янги ҳукумати легитимлигини ҳам тан олиб, “ҳокимият ўзгариши Украинанинг демократик тараққиёти учун имкониятлар эшигини очди”, дея баён қилди.

ЕКПАдаги Россия делегацияси раҳбари Алексей Пушков резолюцияни қоралаб, Россия “ўзининг ташқи сиёсати ва тамойилларини ўзгартириш” ниятида эмас, дея таъкидлади. Пушков Россия ўзининг ЕКПАдаги келгуси иштирокини қайта кўриб чиқади, дея қўшимча қилди.

Пушковнинг “Бу оқни қора, қорани оқ деб атовчи таассуфга лойиқ ҳужжатдир”, деган сўзларидан иқтибос келтирмоқда ИТАР-ТАСС агентлиги.
XS
SM
MD
LG