Линклар

Наманганда шаръий хотинини сотиб юборган кимса 6 йилга қамалди. Андижонда давлат солиқ инспекциясининг икки расмийси пора билан ушланди. 1 июндан ўзбекистонлик болалар ротавирусга қарши эмланади. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Ўзбекистонда болалар ротавирусга қарши эмланади”

2014 йилнинг 1 июнидан Ўзбекистонда 2-3 ойлик чақалоқларни ротавирусга қарши эмлаш бошланади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги санитария-эпидемиология назорати бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилором Турсунова “Адолат” газетасига маълум қилади.

Янги вакцина ўткир юқумли ичак (диарея) касалликларининг олдини олиш мақсадида амалиётга татбиқ этилмоқда.

“Олиб борилган илмий-амалий изланишлар шуни кўрсатмоқдаки, ўткир ичак, яъни диарея касаллигидан азият чекаётган 25-30 фоиз болаларда мазкур хасталик ротавирус инфекцияси оқибатида юзага келар экан. Энг ачинарлиси, мазкур инфекциянинг олдини олиш мақсадида ҳўл мева, полиз экинларини қайнаган сувда ювиб тановул қилиш, қўлни тинимсиз дезинфекция қилиш ҳар доим ҳам кутилган натижани бермаслиги маълум бўлди. Ротавирус олдини олишнинг ягона йўли бу унга қарши эмлашдир”, дейди вазирлик расмийси.

“Кўздан пана” йўлларни таъмирлашга эътибор қаратилмаяпти”

Қишки ёғингарчиликлардан кейин Ўзбекистонда кўплаб йўллар носоз аҳволга келиб қолди. Пойтахт Тошкент кўчаларида ҳам ямоқ солинган йўллар кам эмас.
Ачинарлиси, “кўздан панароқ” жойлардаги йўлларни таъмирлашга эътибор қаратилмаяпти (“Оила даврасида”, 10 апрель).

Йўлларни таъмирлаш сифатига оид саволга жавоб берган “Ўзавтойўл” давлат ширкатига кўра, цемент-бетон қопламали йўллар 25 йил, асфальт бетонли қопламалар 18 йил, қора қопламалар 5-8 йил муддатда ишлаши лозим. Йўл тўшамасининг қалинлиги биринчи ва иккинчи тоифали йўлларда 60-100 сантиметр, учинчи ва тўртинчи тоифали йўлларда 20-60 сантиметргача бўлиши керак.

Йўлларга масъул давлат ширкатига кўра, аҳоли тураржойларидаги кўчаларни таъмирлаш, асфальтлаш учун фуқаролардан пул йиғиш қонунга зиддир.

“Наманганда шаръий хотинини сотиб юборган кимса 6 йилга қамалди”

1984 йилда Наманганда туғилган, икки фарзанднинг отаси Дилшодбек Дадабоев 12 нафар фуқарони сотишда айбланиб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилинди (“Диёнат”, 10 апрель).

Дадабоев Қозоғистонда катта маош эвазига иш бор дея ваъда бериб, ҳамшаҳарларини Тошкент орқали чегарадан ўтказиб юборади. Қозоғистонда эса уларни Дадабоевнинг қайнукаси Отабек Саматов кутиб олади ва паспортларини олиб қўйиб ишлатади.

Қайд этилишича, Дадабоев шаръий никоҳидаги хотини Д.Отаниёзовани ҳам сотиб юборади. 12 нафар одам савдоси қурбони ҳужжатларсиз, катта миқдордаги ойлик маошларини ололмасдан Ўзбекистонга қочиб ўтади.

Суд ҳукмига кўра, айбдорга жабрланувчиларга етказилган моддий зарарни қоплаш мажбурияти ҳам юклатилган.

“Тошкентда 13 ёшли қиз 5-қаватдан қулаб тирик қолди”

Тошкент шаҳри Юнусобод тумани 3-даҳа 15-уйида истиқомат қилувчи 13 ёшли мактаб ўқувчиси телефонда гаплашиб ойнадан тушиб кетди (“Даракчи”, 10 апрель).

Гувоҳларнинг айтишича, қизча жиддий жароҳатланмаган, фақат унинг ўмров суяги ва қўли синган. Телефонда гаплашаётган ўқувчи қиз кўп қаватли уй тагидаги томорқага тушган ва юмшоқ тупроқ сабабли омон қолган.

“Давлат солиқ инспекциясининг икки расмийси пора билан ушланди”

Андижон вилояти Булоқбоши тумани давлат солиқ идорасининг икки нафар ходими порахўрликда айбланиб қўлга олинди (“Ҳуқуқ”, 10 апрель).

Қўлга олинган солиқчилар исм-шарифи ошкор этилмаган. Маълум қилинишича, икки нафар солиқ расмийсининг бири бош инспектор, иккинчиси оддий инспектор лавозимида ишлаган. Солиқ нозирлари Булоқбошидаги тадбиркордан 500 доллар пора олаётганда қўлга туширилган. Айтилишича, порахўрлик билан боғлиқ аввалроқ рўй берган эпизодлар ҳам бор.

“Камолот” ёшлар ҳаракати раиси журналист билан учрашувдан қочди”

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати раиси Баҳодир Ғаниев турли баҳоналар билан журналист билан учрашувдан ўзини олиб қочди (“Новий век”, 10 апрель).

Газета мухбири Вероника Синягина икки ҳафтадан ошиқроқ муддатда ҳаракат раиси билан суҳбатлашишга уринган, аммо бундан натижа чиқмаган. Ҳаракат матбуот котиби билан ҳам бир неча кунлик уринишлардан кейин телефонда гаплашишга муваффақ бўлган.

Журналист жамоат ташкилоти раҳбарининг оммавий ахборот воситалари вакили билан учрашувдан қочиши демократик тамойилларга зид эканини ёзган.

В.Синягинага кўра, “Камолот” кўпроқ расмий тусдаги ҳаракат бўлиб қолмоқда, унинг даромад ва ҳаражатларига оид маълумотлар ҳам кўп-да ошкор этилмаётир.

“Отангни қози урса, додингни кимга айтасан?”

Суд департаментининг Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани бўлими раҳбари А.Абдуллаев ҳамда ижрочилар С.Хуррамов, Б.Ёқубов, А.Каримов ва С.Қудратовлар жарима сифатидан ундирилган миллионлаб сўм маблағни ўзлаштирган. Бу ҳақда “Даракчи” газетаси хабар берди.

Бўлим бошлиғи А.Абдуллаев турли муносабатлар билан жарима тўлаган 66 нафар фуқаронинг 8,3 миллион сўм пулини давлатга топширмай шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборган. Ҳужжатларни эса сохталаштирган.

Суд ижрочиси С.Хуррамов 200 га яқин фуқародан ундирилган 27 миллион сўмлик маблағни худди шу усулда ўзлаштирган. Қолган ходимлар ҳам суд департаментига топширилган маблағларни талон-тарож қилган. Хабар қилинишча, айбдорларга тегишли тартибда жазо берилган.

“Оролбўйидаги дунёдаги энг узун коллектор қурилди”

Қорақалпоғистонда узунлиги 193 километрни ташкил қилувчи коллектор, яъни кичик каналлар, қувур ва зовурлардан оқиб келадиган сувларни бир жойга тўплайдиган гидроиншоот қуриб битказилди (“XXI аср”, 10 апрель).

Ушбу иншоот дунёдаги энг узун коллектор экани хабар қилинган. Мазкур лойиҳанинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида Беруний, Элликқалъа ва Тўрткўл туманларининг экотизими тубдан ўзгарди. Сувларни бир жойга тўплаш орқали ҳосил бўлган йигирмадан ортиқ сунъий кўлларга бир пайтлар бу ерларни тарк этган қушлар қайтиб келмоқда. Янги балиқчилик хўжаликлари ташкил этилмоқда.

“Гўштга 200 граммдан ошиқ суяк қўшиш мумкин эмас”

Аксарият ҳолларда қассоблар гўштга катта миқдорда суяк қўшиб беради. Тошкент шаҳар давлат ветеринария лабораторияси директори Мелс Бекмирзаевга кўра, қассоблар гўштга шу аъзонинг иликли суягидан ёки ёғидан 200 грамм қўшиб бериши мумкин.

Ундан ортиқча суяк ва бошқа молнинг гўштидан қўшиб сотиш мумкин эмас. Қўшиб бериладиган суякка тоғай, курак, тиззадан пастки суяклар кирмайди.
Лаборатория раҳбарига кўра, сотувчи харидорнинг талабига қараб маҳсулот сотишга мажбур. Гўшт сифатига шубҳа туғилган ҳолатларда харидор маҳсулотга берилган ветеринария-санитария экспертиза хулосасини сўраши лозимлиги эслатилган.
XS
SM
MD
LG