Линклар

logo-print
2013 йил давомида Россиядан Ўзбекистонга бўлган пул жўнатмалари ҳажми 17 фоизга ошди ва 6 миллард 633 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Россия Марказий банки тарқатган маълумотларга кўра, 2012 йилда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Россиядан Ўзбекистонга бундан роппа-роса 1 миллиард долларга кам маблағ юборган.

Пул жўнатиш бўйича яна ўзбеклар пешқадам


Ўтган йили Россиянинг турли ўлкаларидан Ўзбекистонга 6,633 миллиард доллар маблағ жўнатилган. Россия Марказий банки ҳисоботига кўра, бир йил олдин бу кўрсаткич тақрибан 17 фоизга камроқ бўлиб, 5,668 миллиард долларни ташкил этган.

Иқтисодий таҳлилчилар Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги умумий пул жўнатмалари ҳажми ҳам 1 миллиард оллардан кўпроққа ошганини қайд этдилар. Яъни ўтган йил давомида икки мамлакат ўзаро пул айирбошлаши 7 миллиард 196 миллион доллар маблағни ташкил этди.

Ўзбекистондан Россияга жўнатилган пул миқдори бир йилда 416 миллиондан 593 миллион АҚШ долларига етган яъни аҳоли томонидан Россияга олиб чиқилаётган пул маблағлари 35 фоиздан ошгани қайд этилди.

Бир қарашдан, ўртача ҳар бир пул жўнатмаси ҳажми ҳам ошган, деган хулоса чиқариш мумкин, зеро бу кўрсаткич ҳам 1742 доллардан 1901 долларгача етган.

Ўтган йилда Россиядан МДҲ мамлакатларига жами 20,7 млрд АҚШ доллари миқдорида маблағ жўнатилган ва бу бир йил олдинги кўрсаткичга нисбатан 1,5 млрд долларга кўпроқдир.

Йиллар давомида ўзбек муҳожирлари Россиядан уйларига пул жўнатишда МДҲ бўйича пешқадамликни қўлдан бермай келаяптилар

Россия Маркази Банки юқорида келтирилган рақамларни Anelik, BLIZKO, Coinstar Money Transfer, Contact, InterExpress, Migom, MoneyGram, PrivatMoney, UNIStream, Western Union, АзияЭкспресс, АЛЛЮР, Блиц, “Быстрая Почта”, “Золотая Корона”, ЛИДЕР ва “Почта России” маблағлар трансфери билан шуғулланувчи тизимлар келтирган маълумотлар асосида чиқарган.

"Банк ҳисоботида миллиардлаб доллар акс этмаган"

Москвада 7 йилдан буён меҳнат қилаётган Шерзодбек Озодлик билан суҳбатда Марказий Банк ҳисоботида ўзбек муҳожирларининг таниш-билиш орқали олиб кираётган миллионлаб, балки миллиардлаб доллар миқдоридаги пул маблағларини акс эттирмаганига эътибор қаратди.

- Одатда мен таниш-билишлар орқали кўпроқ пул жўнатишни афзал кўраман, чунки банкдан юборсанг – проценти бор. Кейин Ўзбекистон банкларида оилаларимиз вақтида пул олишга қийналишади. “Эрта келинг, индин келинг – бюджетимизда пул йўқ эди, компьютеримиз ишламаяпти, банк системаси ишламай қолди...” Ҳар куни ҳар хил баҳона! Бу ерда Ўзбекистонга машинада қатнайдиган акахонлар бор , ўшалар орқали бериб юбораман.

Мен камдан-кам банк орқали юбораман. Йилига мен тахминан 10 ой давомида ойига бир маротаба пул юборишга тўғри келади. Шундан, 5-6 маротаба бировдан юборадиган бўлсам, қолганини зарурат туғилса банк орқали юборишга мажбур бўламан,- дейди Шерзодбек.

Ўзбекистонлик бу муҳожир Россияда йилдан-йилга озиқ-овқат ва кийим-кечак махсулотлари, хизмат ва транспорт нархларининг ошиши билан бирга, муҳожирларнинг даромади деярли ўзгаришсиз қолаётганини ҳам қўшимча қилди. “Бу ердаги ҳаражатлар ошаётгани ҳисобига уйга юбораётган пулларимиз ҳажми ҳам камайиб боряпти”, деди Шерзодбек.

"Қора бозордагилар мазза қилаяпти"

Подмосковьеда меҳнат қилаётган Хушнуд исмли яна бир ўзбекистонлик муҳожир пул ўтказишда энг катта даромадни Ўзбекистонда турган валюта чайқовчилари оляпти, дейди.

- 100 доллар жўнатмоқчи бўлсангиз бу ердан рублга сотиб оласиз. Курс 35 рубль бўлса, бориб 37 дан сотиб оласиз: 2 рубл йўқотяпсиз ҳар бир доллардан. У пулни Ўзбекистонга юборасиз – уйдагилар уни олиб сўм қилиб ололмайди, чунки кассадан қора бозорнинг ярим нархига тўғри келади. Бу ерда ишлаб-ишлаб одамлар пул жўнатади, у ердаги қора бозордагилар роҳатини ва фойдасини кўради-да... Бир-икки юз доллар жўнатганга билинмаса керагу, катта пул жўнатганга сезилади. Демак, бу ерда йўқотади, юборишда йўқотади, қабул қилганидан кейин йўқолади,- дейди Хушнуд.

У Ўзбекистонда ҳукумат томонидан қўйилган қатор сунъий тўсиқлар ҳам муҳожирларнинг даромадига салбий таъсир кўрсатиши билан бирга ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ҳам муҳожирларни "шилиш"и ҳақида гапиради:

- Поездда юборсангиз ҳам кўпинча болалар олдириб қўяди, ўзимизни чегарачилар олиб қўяди. Шахсан ўзим ҳам кетишда декларациядаги пулни кўрсатсам, таможнядагилар бир нарсаларни деб пулимни олиб қўйишга ҳаракат қилади,- дейди Хушнуд.

Янги тартиб-қоидалар

Жорий йилнинг 1 апрелидан Ўзбекистонда банклар ва пул жўнатмалари халқаро тизимлари операторлари ўртасидаги ҳамкорликка оид янги тартиб-қоидалар жорий этилди.

Ўзбек расмийлари қарорига кўра, эндиликда бу мамлакатда ишламоқчи бўлган операторлардан халқаро рейтинг агентликлари рейтингига эга бўлиш ёки ўз ишончлилиги ва барқарорлигини тасдиқловчи банк кафолатларини тақдим этиш талаб этилади. Бундан ташқари 1 апрелгача операторлар Ўзбекистондаги ўз ҳамкорлари бўлган банкларда хорижий валютада пул жўнатмаларининг бир кунлик минимал тўлови ҳажмига тенг миқдорда суғурта депозитини очишлари лозим бўлади.

Бу орада Ўзбекистондаги бир қатор банклар айрим операторлар, жумладан, “Золотая корона” тўлов тизими орқали амалга оширилаётган операцияларни тўхтатди. Озодлик манбаларига кўра, янги тартиб-қоидалар Россияда “Мигом” тўлов тизими ёпилгани, бунинг натижасида Ўзбекистондаги кўплаб банклар зиён кўрганидан кейин қабул қилинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG