Линклар

logo-print

БМТ кузатувчилари “Ўзбекистон ҳукумати болаларни мажбуран пахтага чиқармади” деган хулосага келди


2013 йилнинг 11 сентябридан то 30 октябрга қадар Ўзбекистоннинг саккиз вилоятида мониторинг ўтказган БМТ қошидаги Халқаро меҳнат ташкилоти кузатувчилари 2013 йилги пахта мавсумида мажбурий болалар меҳнатидан систематик фойдаланилмади¸ деган хулосага келди. Тошкент ҳукуматининг пахта сиëсатини легитимлаштириш деб кўрилаëтган бундай хулоса¸ ҳуқуқ фаоллари хавотирича¸ мамлакатдаги пахта қуллигини янада кучайтиришга йўл очиши мумкин.

Мониторинг хулосалари ëки пахтазорда кўрилмаган ўзбек болалари

Халқаро меҳнат ташкилотининг юқори даражали мониторинг гуруҳи доирасида 10 нафар эксперт 11 сентябрдан 30 октябрга қадар Ўзбекистоннинг саккиз вилояти бўйлаб 40 минг километр йўл босди¸ 806 та жойга¸ хусусан¸ 406 та фермер хўжалиги, 206 та ҳовли¸ 275 та коллеж ва лицей¸ 120 та ўрта мактабни бевосита бориб кўрди ва 1592 та ҳужжатлаштирилган суҳбат ўтказди.

Женевадан келган кузатувчилар 50 кун давомида шунча йўл босиб¸ шунча одам кўриб келган хулоса¸ Ўзбекистонда 2013 йил давомида давлат ва ҳокимият 18 ëшга тўлмаган ўқувчи-талабаларни мажбуран пахта теришга олиб чиқмади¸ деган мазмунда бўлди.

“Мониторинг давомида кузатувчилар ҳаммаси бўлиб 62 нафар боланинг пахта даласида эканига гувоҳ бўлди. Шулардан 53 тасининг 182-конвенцияга кўра ўта хавфли меҳнат фаолияти деб топилиб¸ болалар меҳнати тақиқланган пахта териш билан шуғулланаëтгани аниқланди. 16-17 ëшдаги бу талабалар дарҳол ўқиш жойига қайтарилди. Уларни пахтага чиқарган маҳаллий фермер ва таълим муассаси расмийлари тегишли тарзда огоҳлантирилди¸ ҳайфсан берилди ва жаримага тортилди”¸ дейилади Халқаро меҳнат ташкилотининг 11 апрель куни Озодлик ихтиëрига етиб келган 78 саҳифалик ҳисоботида.

Халқаро кузатувчилар¸ 2013 йилги пахта мавсумида ўзлари сафар қилган ҳудудларда бирор таълим муассасасида ўқиш тўхтатилиб¸ ўқувчи-талабаларнинг оммавий тарзда пахтага ҳайдалганига гувоҳ бўлмаганлари¸ аксинча мактаб ва коллеж-лицейларда давомат текширилганда¸ талабаларнинг дарсга мунтазам қатнаб¸ дарсларнинг узлуксиз давом этгани тасдиқланганини ëздилар.

“Ижтимоий тармоқларда 2013 йил пахта мавсумида бевосита мажбурий болалар меҳнати билан боғлиқ деб ëзилган ўлим ҳолатлари текширилганда¸ уларнинг бирортаси бевосита пахтага алоқадор бўлиб чиқмади”¸ деб хулоса қилади БМТнинг Женевадан келиб¸ Ўзбекистонда 50 кун мониторинг олиб борган кузатувчилари.

“Пахта тераëтган болалар билан ўтказилган суҳбатларда улар “Сизни ким пахтага чиқарди?” деган саволга уларнинг аксарияти “Ўзим чиқдим” деб жавоб берди. Аëн бўлишича¸ талабалар коллеж ва лицей директорига “Кафолат хати” ëзиб бериб¸ ота-онаси ëки фермерга ëрдам бериш¸ ëки ватан олдидаги бурчни бажариш истаги билан пахта теришга рухсат сўраган”¸ дейилади халқаро кузатувчилар ҳисоботида.

Бир неча йил давом этган музокаралардан сўнг Ўзбекистон ҳукумати Халқаро меҳнат ташкилотининг 10 нафар Болалар меҳнатини тугатиш бўйича халқаро дастури мутахассисининг 2013 йилги пахта мавсумини бевосита кузатишига изн берди.

Ҳар бир мониторинг гуруҳи таркибида бир нафар халқаро ва бир нафар миллий мувофиқлаштирувчи¸ Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон фермерлар кенгашидан биттадан масъул¸ Ўзбекистон томони берган бир таржимон ва икки ҳайдовчи бўлган.

Халқаро кузатувчилар¸ Ўзбекистон ҳукуматининг мониторинг давомидаги ҳамкорлигини юқори баҳолаб¸ ўзларининг исталган жойга олдиндан огоҳлантирмай туриб сафар қилишлари¸ ота-оналар¸ ўқувчи-талаба¸ ўқитувчи ва фермерлар билан эркин суҳбат қуришга муваффақ бўлганларини алоҳида қайд этдилар.

Мустақил кузатувчилар халқаро кузатувчиларни иккиюзламачиликда айблайди

Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистонда мажбурий болалар меҳнатидан айнан давлат босими билан мунтазам фойдаланиш амалиëти кузатилмади¸ деб чиқарган хулосаси айнан 2013 йилги пахта мавсумини бевосита ўзлари кузатган маҳаллий ҳуқуқ фаолларини ҳайратга солмади.

“Ëнида камида Ўзбекистон ҳукуматининг 7 нафар вакили соядек эргашиб¸ қаерга¸ қачон боришию ким билан қандай гаплашишига қадар уюштириб юрган бу мутахассислар ўтказган бу мониторинг на мустақил ва на объективдир”¸ дейди Озодлик билан суҳбатда жиззахлик ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаев:

- Биз ҳам 2013 йил сентябрь-ноябрь ойларида Ўзбекистон¸ хусусан¸ Жиззах вилоятида мониторинг ўтказдик. Бу даврда вилоятдаги ҳамма коллеж-лицей ўқувчилари¸ 18 ëшга тўлмаган 1-2-курс талабалари ҳам пахта даласида эди. Биз ўз кузатувларимиз асосида йиғилган фактларни халқаро ташкилотларга юбордик. Кўринадики¸ бу фактлар инобатга олинмади. Бунинг сабаби эса¸ халқаро кузатувчиларнинг Ўзбекистон ҳукумати томонидан яхшигина манипуляция қилинганидир¸ дейди 11 апрель куни Озодлик билан суҳбатда Ўктам Пардаев.

Сирдарëлик ўқитувчи ва ҳуқуқ фаоли Исроилжон Ризаев ҳам айнан ўз кузатувлари асосида вилоят бўйлаб барча коллеж ва лицей ўқувчиларининг ноябрь ойи охирига қадар ҳокимият буйруғи билан мажбуран пахта терганини таъкидлайди.

- Албатта¸ ҳукумат бу манзаранинг халқаро кузатувчилар кўзига тушмаслиги учун обдон ҳозирланди ва мана кўринадики¸ томоша яхши уюштирилганидан¸ халқаро кузатувчилар Ўзбекистонда мажбурий болалар меҳнати йўқ¸ деган Тошкент истаган хулосани чиқарди. Бу хулоса халқаро ташкилотларнинг иккиюзламачилигини яна бир бор намойиш қилди¸ дейди бу ҳуқуқ фаоли.

Бу иккала ҳуқуқ фаоли¸ қолаверса аксар ўзбекистонликлар 2013 йилги пахта мавсумида мактаб ўқувчиларини пахтага чиқариш айрим ҳудудларда кузатилганига қарамай¸ ҳукумат мактаб ўқувчиларини далага чиқармаслик ҳақида махсус кўрсатма берганини эътироф этадилар.

Халқаро ҳисобот Ўзбекистон ҳукуматининг қўлини янада узайтиради

БМТ қошидаги Халқаро меҳнат ташкилоти кузатувчилар миссиясининг
Ўзбекистонда давлат ва ҳокимият болаларни мажбуран пахтага ҳайдаш амалиëтига алоқадор эмас¸ дея чиқарган хулосаси йиллардан бери халқаро майдонда танқидга учраб келаëтган Ўзбекистондаги пахта қуллиги вазиятини янада оғирлаштиради.

Озодлик халқаро кузатувчилар хулосаси юзасидан суҳбатлашган ҳуқуқ фаоллари ва оддий ўзбекистонликлар шундай фикрда якдил.

Ўтган йил ëзида¸ ҳали ХМТ мониторинг гуруҳи Ўзбекистонда иш бошламай туриб Инсон ҳуқуқлари миллий маркази раиси Акмал Саидов БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасида қилган маърузасида стол муштлаб, мажбурий болалар меҳнати мутлақ йўқлигини иддао қилган эди.

“Бундай хулосадан кейин Акмал Саидовга ўхшаган Ўзбекистон расмийлари столни эмас¸ мамлакатда давлат болаларни мажбуран пахта тердирмоқда¸ деганларни ана шу ҳисобот билан урса ажаб эмас”¸ дейди Озодлик билан суҳбатда ҳуқуқ фаоллари.

"ХМТ Мониторинг гуруҳи раҳбари яна Тошкентда. Гапирмайди"

Озодлик мухбирининг ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолларининг бундай танқидларига муносабат олиш¸ қолаверса¸ ҳисобот хулосаси туғдирган шубҳа ва саволларга жавоб олиш мақсадида Халқаро меҳнат ташкилотнинг Женевадаги Бош қаророгоҳига қилинган мурожаатлар натижасиз қолди.

ХМТ котибияти расмийси¸ қолаверса Болалар меҳнатини тугатиш бўйича халқаро дастур вакиласи бу ҳисобот бўйича матбуотга гапириш ҳаққи фақат бир шахс - Мониторинг гуруҳи раҳбари Тапола Каригагина берилгани ва ундан бошқа ҳеч ким бу масалага шарҳ бера олмаслигини қайта-қайта такрорладилар.

- Жаноб Тапиола айни кунларда яна Тошкентда ва у билан боғланиш имконини сизга бера олмаймиз¸ деган жавоб бўлди Озодлик мурожаатига.

Аëн бўлишича¸ ўзбек матбуотининг "Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистон пахта далаларида болалар мажбуран ишлатилмаслигини аниқлади" деб ëзиши айнан ХМТ кузатув гуруҳи раҳбари Тошкент расмийлари билан учрашаëтган кунга тўғри келди.

Озодлик текшируви

Аввалги йиллардаги каби 2013 йил давомида ҳам Озодлик радиоси Ўзбекистон пахта далаларидаги мажбурий¸ айниқса¸ болалар меҳнатига оид хабарларни ўрганиб¸ тасдиғини топган маълумотларни жамоатчиликка тақдим этиш билан шуғулланди.

Биргина 2013 йилги пахта мавсумида Озодлик ҳукумат тизимларидаги ўз ишончли манбалари орқали пахта билан бевосита боғлиқ 11 та ўлим ҳолатини аниқлади.

Айни пайтда¸ Озодликка тинимсиз мурожаат қилган ўзбекистонликлар 18 ëшга тўлмаган ўқувчи-талабаларнинг икки ярим ойдан кўпроқ вақт давомида мажбуран пахта теришганини ҳикоя қилиб бердилар.

(Бу фактларнинг барчасини Пахта- 2013 саҳифасидан топишингиз мумкин)

Алоқадор

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG