Линклар

logo-print
Россиянинг “НТВ” ва "Россия" телеканали орқали эфирга берилган лавҳалар "қаҳрамони" бўлган бир киши ҳам украин радикали, ҳам шу радикаллардан азоб кўрган жабрдийда сифатида пайдо бўлди.

40 яшар Андрей Петков бир кунда Россиянинг ҳам “НТВ” ҳам "Россия" телеканаллари эфирга узатган лавҳалар қаҳрамонига айланди.

Ҳар икки лавҳада Украинанинг Николаев шаҳридаги россияпарастлар ва украин миллатчилари ўртасидаги 7 апрель кунги тўқнашувлар ҳақида гап боради.

"НТВ" канали лавҳасида Петков Украинадаги бендеровчиларнинг хорижлик инструктори сифатида интервью беради.

Россия канали сюжетида эса шу бендеровчилардан жабр кўрган россияпараст намойишчи сифатида гавдаланади.

Энг қизиғи ҳар икки лавҳада қаҳрамоннинг исми Андрей Петков, деб тилга олинади.

"НТВ" каналига кўра, Петков 20 йил аввал Германияга ҳижрат қилган, яқинда эса у россияпарастларга қарши ҳаракатларни ташкиллаштириш учун Украина жанубидаги Николаев шаҳрига келган.

"Россия" каналида эса Петков николаевлик маҳаллий россияпараст, у шаҳар майдонига Киевнинг "радикалчилар"дан иборат ҳукуматига норозилик билдириш учун боргани айтилади.

Ким экан у Петков?

"НТВ" телеканали лавҳасида Петков “украин миллатчилари”нинг хорижлик ёлланма инструктори.
У Германиядан Украинадаги “Ўнг сектор” ҳаракатини қўллаб қувватлаш, уларни россияпарастларга қарши тайёрлаш, шикаст етказиш амалларини ўргатиш учун 500 минг евро миқдорида пул ва махсус кийим –бош олиб келганини айтади.

- Майдон учун пул олиб келдим, 500 минг евро. 50та комплект кийим бош ҳам бор,- дейди Петков "НТВ" журналистига.

Россия телеканали эфирга берган Николаевдаги тўқнашувлар ҳақидаги сюжетда эса Петков, аксинча, "Ўнг сектор"чилардан жабр кўрган антимайдончи ролида.

"Россия" каналининг лавҳаси жаноб Петковнинг "Ўнг сектор"чи радикаллар тарафидан калтаклангани воқеаси билан бошланади.

Лавҳада Петков Украина ҳукуматига норозилигини билдириш учун Николаев шаҳри марказига келгани ва радикаллар уни калтаклаганини иддао қилинади.

"40 ёшли Петков яна ярим йилгача юролмайдиган бўлиб қолди. Ҳозир у операцияга тайёрланмоқда. 7 апрел куни у Украинанинг янги ҳукумати фаолиятидан норозилигини очиқ билдириш учун марказий майдонга келганида радикалларнинг ҳужумига учрайди", - дейди кадр ортидан гапирган "Россия" телеканали мухбири.

Кейин кадрда касалхонада ётган, кроватига Георгий лентаси боғланган ўша Андрей Петков кўринади.

Ушбу икки сюжетни кўрган телетомошабинлар жунбушга келганини айтади.

- Украинадаги ҳодисаларга нисбатан Россия пропагандасининг учига чиққан кўриниши бу. Бундан ортиқ шармандаликни тасаввур қилиш қийин, - деб билдирди Кирилл Мартинов.

Андрей Петков фақат "Россия" ва "НТВ" каналларида кўриниш бермаган. 9 апрель куни у Россия тарафидан аннексия қилинган Севастополнинг "НТС" телеканалида ҳам рол ўйнаб берди.
XS
SM
MD
LG