Линклар

Украина жанубидаги Славянск шаҳар кенгаши биносини ишғол этган россияпарст гуруҳлар ҳукумат биносига Россия байроғини тикишди. Донецкдан юз чақирим шимолда жойлашган бу шаҳарда милиция бўлинмаси ва хавфсизлик идорасини ҳам қуролли гуруҳлар эгаллаб олган.



Украина жанубидаги Славянск шаҳрида бир неча кишидан иборат қуролланган гуруҳ милиция бўлимини ишғол этди.

Киев расмийларига кўра, гуруҳ қуролларни қўлга киритиш мақсадида туман милиция бўлимини босиб олган. Бўлимда йигирмадан зиёд автомат ва бошқа турдаги қуроллар борлиги айтилади.

Ишғолчилар ҳеч қандай талабни илгари сурмаган. Украина ички ишлар вазири Арсен Аваковнинг Фейсбук тармоғида ёзишича, милиция бўлимига ҳужум қилганлар камуфляж кийимидаги қуроллилардир.

- Уларга қарши қайтъий чора кўрилади, чунки намойишчилар ва террорчилар орасида фарқ бор, - деб ёзди Аваков.

Славянск Украинанинг Донецк шаҳридан юз километр шимолда жойлашган. Бу шаҳарда 130 минг одам истиқомат қилади.

Хабарларга кўра, туман ҳокимияти биноси ва хавфсизлик идорасини ҳам россияпараст гуруҳлар ишғол этган.

Шаҳар кенгаши биносига улар Россия байроғини тикишган. Ҳозир Украина расмийлари милиция бўлимини босиб олган гуруҳ билан сўзлашувлар олиб бормоқда. Украина ҳукумати шаҳарга махсус кучларни киритган.

Айни пайтда Славянскдан 100 чақирим жанубдаги Донецкда шаҳар маъмурияти, хавфсизлик идоралари биноларини эгаллаган россияпараст намойишчилар Россияга қўшилиш бўйича референдум ўтказилишини талаб этмоқда.


Киев Россия ҳукуматини Украинадаги айирмачиларга дастак бераётганликда айблаган.

Расмий Москва Украинадаги ҳодисаларда қўли йўқлигини билдирган. НАТО маълумотларига кўра, ҳозир Россия қўшинларини Украина чегарасига жамлаган.

Украина шарқидаги Донецк шаҳрида бир қанча маъмурий бинолар россияпараст айирмачилар тарафидан ишғол қилинаркан, мамлакат муваққат президенти Александр Турчинов Донецк вилояти хавфсизлик бошқармаси раҳбари Валерий Ивановни лавозимидан бўшатди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG