Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:00

Украина ИИ вазири: Славянскда "аксилтеррор амалиёти" бошланди


Украина Ички ишлар вазири мамлакат шарқида жойлашган Славянск шаҳрида аксилтеррор амалиёти бошланганини маълум қилди. Россия Киевни Украина шарқидаги Россия тарафдори бўлган фаолларга қарши куч қўлламаслик ҳақида огоҳлантирди. Айни пайтда Оқ Уй АҚШ Вице-президенти Жозеф Байден Украинага сафар қилишини билдирди.



Украина Ички ишлар вазири вазифасини бажараётган Арсен Аваков ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида Славянскдаги "аксилтеррор амалиёти"да барча хавфсизлик ташкилотлари вакиллари иштирок этаётганини билдирди.

Славянск россияпараст қуролли гуруҳлар 12 апрель куни милиция идораларини босиб олган Украина шарқидаги шаҳарлардан биридир.

Шанба куни қуролланган россияпараст намойишчилар Славянск шаҳар кенгаши биносига бостириб кириб, Россия байроғини кўтарган эди.

Краматорск шаҳрида қуролли гуруҳ шанба куни хавфсизлик кучлари билан отишмадан сўнг милиция бош қароргоҳини эгаллаб олди.

12 апрель куни Донецк шаҳрида милиция бошлиғи Константин Пожидаев Россия тарафдори бўлганлар мажбур қилгани боис истеъфога чиққанини эълон қилди.

Бир ҳафта олдин қуролли гуруҳлар Донецк шаҳридаги ҳукуматга тегишли асосий биноларни эгаллаб олган.
12 апрель куни Славянск шаҳридаги милиция идорасини босиб олган қуролли гуруҳ.
12 апрель куни Славянск шаҳридаги милиция идорасини босиб олган қуролли гуруҳ.


Украина шарқида ҳукумат бинолари ва милиция идораларига ҳужумлар давом этар экан, Киев ҳукумати буни "Россиянинг босқинчилиги”, дея атади.

13 апрель куни Славянск шаҳридаги журналистлар эрталаб шаҳар осмонида ҳарбий вертолётлар парвоз қилганини билдирди.

Аваков Фейсбукдаги саҳифасида фуқароларни кўчага чиқмай, уйда ўтиришни тавсия қилган. Вазир Славянск шаҳрида отишма бўлганини айтган.

Бироқ шаҳардаги Рейтерс мухбирига кўра, якшанба куни отишма овози эшитилмаган.

Мухбирлар фикрича, юзига ниқоб таққан, ҳарбий нишони бўлмаган қуролли шахсларнинг юқори даражада уюшқоқлик билан Шарқий Украинада давлат идораларига ҳужумлар қилиши Қримдаги воқеаларни эслатади.

16 март куни ўтказилган референдумдан кейин Россия Украинага қарашли Қрим ярим оролини ўз ҳудудига қўшиб олган эди.

Россия Киевни Украина шарқидаги Россия тарафдори бўлган фаолларга қарши куч қўлламаслик ҳақида огоҳлантирди.

Россияпараст фаоллар мухторият бўйича референдум ўтказиш ва Россияга қўшилишни талаб қилмоқда.

12 апрель куни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украина шарқида Россия тарафдорларига нисбатан Киев томонидан ҳар қандай куч қўлланилиши тўрт томонлама музокараларни таҳлика остига қўйиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

17 апрель куни Женева шаҳрида ўтказилиши режаланган музокарада Украина, Россия, АҚШ ва Европа Иттифоқи расмийлари иштирок этиши кутилмоқда.

Айни пайтда АҚШ Вице-президенти Жозеф Байден 12 апрель куни Сергей Лавров билан телефон орқали сўзлашуви чоғида, агар Россия Украина чегараси яқинидан ўз қўшинларини олиб чиқмаса ва Шарқий Украинадаги вазиятни юмшатиш бўйича ҳаракат қилмаса, Россияга нисбатан қўшимча чоралар қўлланилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Оқ Уй расмийлари АҚШ Вице-президенти Жозеф Байден 22 апрель куни Украинага сафар қилишини билдирди.

12 апрель куни Оқ Уй эълон қилган баёнотда Украина ҳукумати раҳбарлари ва фуқаролик жамияти вакиллари билан бўлажак учрашувда Байден Қўшма Штатлар "яхлит ва демократик Украина"ни астойдил қўллаб-қувватлашини алоҳида таъкидлаши маълум қилинган.
XS
SM
MD
LG