Линклар

Яманда ўзбекистонлик врач ўғирлаб кетилгани айтилмоқда


Яманнинг қишлоқ ҳудудларида минглаб ўзбекистонлик врачлар фаолият юритиши айтилади.

Яманнинг қишлоқ ҳудудларида минглаб ўзбекистонлик врачлар фаолият юритиши айтилади.

Яманда ўзбекистонлик врач ўғирлаб кетилгани хабар қилинмоқда. CA-News нашрининг Синхуа агентлиги хабарига таяниб, билдиришича, Яманнинг Мариб вилоятида ўғирлаб кетилган шифокор Ўзбекистон фуқароси бўлиши мумкин.

14 апрель куни пайдо бўлган хабарга кўра, исми келтирилаётган врач Яманга Россиядан келгани тахмин қилинмоқда.

Аввалроқ, Россия ташқи ишлар вазирлиги ўғирлаб кетилган врач Россия фуқароси эканини эълон қилган эди, бироқ Мариб вилояти расмийлари унинг Ўзбекистон фуқароси бўлганини айтмоқда.

Маҳаллий ахборот воситаларининг хабар қилишларича, ҳарбий кийимдаги қуролланган гуруҳ шифокорни ўғирлаб, номаълум томонга олиб кетган. Маҳаллий расмийлар вилоятдан чиқиш йўлларини тўсиб қўйганига қарамасдан, гаровгиргларнинг изи топилгани йўқ.

Яманда минглаб хорижлик тиббиёт ходимлари, жумладан ўзбекистонлик бир неча минг муҳожир шифокор борлиги айтилади.

Бундан аввал ҳам Яманда ўзбекистонлик ва бошқа давлат фуқаролари бўлган врачларнинг товон пули ундириш мақсадида ўғирлаб кетилиши ҳолатлари кузатилган.

Яманда 2011 йилда ҳокимият тинч йўл билан алмашиши ортидан мамлакатда беқарор вазият сақланиб қолмоқда.
XS
SM
MD
LG