Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:29

Бухорода миссионерлик билан шуғулланган икки ўқитувчи жаримага тортилди


Бухоро шаҳрида беш киши ноқонуний равишда миссионерлик билан шуғулланиб, бухороликларни “Иегов гувоҳлари” сектасига даъват қилишда айбланиб, 500 минг сўмдан жаримага тортилди. Бухоро шаҳар халқ таълими бўлими маълумотига кўра, судланганлардан икки нафари ўқитувчи бўлиб, ҳозирда уларга мактабдаги фаолиятини давом эттиришга рухсат берилган.



Бухоро шаҳридаги 1-мактаб ўқитувчиси 43 яшар Дилором Раҳматова, 34-мактаб ўқитувчиси 48 яшар Дилбар Мўминова ва унинг ўғли Ойбек Ҳасанов ҳамда яна икки шахс ноқонуний равишда “Иегов гувоҳлари” сектасига даъват қилиш билан шуғулланганликда айбланиб, судга тортилди.

Бухоро шаҳар жиноят ишлари суди ҳукмига кўра, 5 айбланувчининг ҳар бири 500 минг сўмдан жаримага тортилган.

Ҳукмда айтилишича, судланувчилар жорий йилнинг январида Дилором Раҳматованинг уйида ушланган.

“Раҳматованинг уйидан "Рисоланинг мақсади", "Аллоҳнинг жозибадор фазилатлари", "Воиз", "Худованд Яҳовани тараннум этинг", "2013 йилнинг ояти" ва "2014 йилнинг ояти", "Ҳикматларга тўла бу дунё" каби "Иегов гувоҳлари"ни тарғиб қилувчи жами 80та брошюра ва варақа топилган”и ёзилади суд ҳукмида.

Тергов бир ой давом этиб, февраль ойининг охирида иш Бухоро шаҳар жиноят ишлари бўйича судига оширилган.

Бухоро шаҳар халқ таълими бўлимидан олинган маълумотга кўра, 18 йилдан буён мактабда бошланғич синфларга дарс бериб келаётган Дилором Раҳматова ҳамда 21 йилдан буён биология ўқитувчиси бўлиб ишлаётган Дилбар Мўминовага ҳозирда мактабда ўз иш фаолиятини давом эттиришга рухсат берилган.

“Раҳматова билан Мўминова борасида мактабларга тақдимнома жўнатилди. Шу тақдимнома асосида жамоада йиғилиш бўлиб, улар билан тушунтириш ишлари олиб борилди. Улар биринчи марта судланганини инобатга олиб, уларга имконият бердик. Улар қилган ишига пушаймонлигини айтиб, сектадан қайтганини эътироф этгач, ҳозирда ўқитувчилик фаолиятини давом эттираяпти”,- деди Бухоро шаҳар халқ таълими бўлимидаги манба.

Манбанинг айтишича, ҳозирда Раҳматова билан Мўминова участка нозирлари ва Бухоро шаҳар ҳокимлиги хотин-қизлар бўлими вакилларининг доимий назоратида қолмоқда.

Ўтган йилнинг декабрь ойида ҳам икки аёл “Иегов гувоҳлари”ини тағиб қилувчи китобларни тарқатиб, ноқонуний равишда миссионерлик билан шуғулланганликда айбланиб, маҳкамага тортилган эди.

Халқаро диний эркинликлар бўйича АҚШ комиссияси Ўзбекистонни "алоҳида хавотир уйғотувчи" давлатлар қаторига киритиб келади.

Мазкур ташкилот ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда турли диний оқимлар, жумладан, “Иегов гувоҳлари”, “Еттинчи кун адвентистлари”, “Баптистлар”, “Баҳоийлар” ҳамда “Буддавий”лари ўзбек расмийларининг доимий босимларига дуч келаяпти.

Ўзбекистон ҳукумати халқаро террорчилик ташкилотлари билан алоқадорликда гумон қилинган шахслар ёки гуруҳларни таъқиб қилишни диний эркинликни чеклаш эмас, балки ҳукуматга қарши қуролли қаршиликнинг олдини олиш билан изоҳлаб келаяпти.
XS
SM
MD
LG