Линклар

Россия Украинага ўтаётган юклар транзитини тўхтатди


Россия ҳукумати Украинага транзитнинг тўхтатилгани у ердаги бўҳрон билан боғлиқлигини яширмаётир.

Россия ҳукумати Украинага транзитнинг тўхтатилгани у ердаги бўҳрон билан боғлиқлигини яширмаётир.

Россия чегарачилари Ўзбекистондан Украинага транзит йўли билан кетаётган 64 тонна юкни ортга қайтариб юборди. "Россельхознадзор" Украинага транзит қилинаётган ҳар қандай товар ва маҳсулотлар жўнатилган манзилига қайтарилишини билдирди. Чегарачилар бу ҳолат номаълум муддатгача сақланишини айтмоқда.



2014 йилнинг 9 апрель куни Россиянинг Ростов вилоятидаги Украина билан чегарада жойлашган Гуково темир йўл станциясига Ўзбекистондан етиб келган 1 вагон юк Россия Ветеринария ва фитосанитария назорати бўйича федерал хизмати (Россельхознадзор)нинг Ростов, Волгоград вилоятлари ва Қалмиқистон Республикаси бўйича бошқармаси қарори билан Украинага ўтказилмади.

Текширув пайтида рус чегара хизмати ходимлари Ўзбекистондан Украинага жўнатилган вагонда йирик қорамол тери резгисидан иборат 64 тонна оқсил чиқиндилари борлигини аниқлади, дейди Озодлик билан суҳбатда Россия чегараси ва транспортдаги Давлат ветеринария назорати бўлими бошлиғи Сергей Вовк.

- Бу чеклов нафақат Ўзбекистондан келаётган юкларга тегишли. Умуман, Россия Федерацияси бўйлаб транзит йўли билан Украинадаги қабул қилиб олувчига жўнатилган юкларга вақтинчалик чеклов қўйилди, жумладан Россия Давлат ветеринария назорати остидаги юкларга. Украинадан келаётган транзит юкларига ҳозирча бундай тўсиқ қўйилмаган. Яъни, тегишли рухсатнома ва молия-йўл ҳужжатлари асосида Россия орқали ўтаётган ёки олиб кирилаётган транзит юкларга бундай чеклов жорий қилинмаган – улар бемалол олиб кирилиши ва учинчи мамлакатларга олиб ўтилиши мумкин, деди Россия-Украина чегарасидаги Ветеринария бўлими бошлиғи Сергей Вовк Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистондан келаётган оқсил чиқиндилари “PENG SHENG CHARM” ширкати томонидан Украинанинг Луганск вилоятидаги “Лисичан желатин заводи”га юборилгани маълум бўлди. Сергей Вовк тўхтатиб қолинган ўзбек юкига махсус акт тузилиб, у юк жўнатувчи манзили бўйича қайтариб юборилганини маълум қилди.

“Гуково” чегара-назорат пунктининг бош ветеринари Сергей Вовк бу қарор жорий йилнинг 4 апрелидан кучга кирганини Украинадаги бўҳрон туфайли Россельхознадзор раҳбарияти томонидан қабул қилинганини илова қилди.

“Россельхознадзор” расмий сайтида бу масала юзасидан берилган изоҳда, “Россия Федерацияси ҳудуди орқали Украинадаги қабул қилиб олувчига жўнатилган юклар транзитига 2014 йилнинг 28 мартидан ФС-ЕН-7/4740 қарори асосида вақтинчалик чеклов” жорий қилингани айтилган. Россия Ветеринария ва фитосанитария назорати бўйича федерал хизмат Украинага ўтаётган юклар транзити вақтинчалик тўхтатилганини “Россия ва Божхона Иттифоқи ветеринария-санитария талаблари ва қоидалари қўпол ва бир неча маротаба бузилгани” сабаб қилиб кўрсатилди.

Айни пайтда, Украина тарафи Россия ҳукуматини “савдо урушини” бошлаганликда айбламоқда. Асосан МДҲ мамлакатлари билан савдо-иқтисодий алоқаларга эга Украина ишлаб чиқарувчилари катта зарар кўраётгани ва кўплаб ишлаб чиқариш корхоналари зарурий хом-ашёсиз ўз фаолиятини деярли тўхтатгани маълум.

Бунга жавобан, Украина “Россельхознадзор”и Россиядан келтирилаётган конфет, балиқ, пишлоқ ва бошқа қатор товарлар сотилишига таъқиқ қўйди.

Украина ҳукумати Россия билан имзоланган “Божсиз савдо тўғрисидаги давлатлараро Келишув”дан чиқиши масаласини муҳокама қилаётгани хабар қилинмоқда. Мутахассислар Украинанинг бу шартномадан чиқиши Россиядан киритилаётган, масалан, автомобиллар нархини 12 фоизгача ошириб юборишини таъкидламоқда.

Кузатувчилар Украина-Россия ўртасидаги ўзаро шартномаларнинг бекор қилиниши энг аввало Россия бозорига мўлжалланган Украинанинг шарқий минтақаларидаги ишлаб-чиқариш корхоналарига жиддий зарар келтириши мумкинлигидан, Россия эса ўзининг энг йирик савдо бозоридан маҳрум бўлишидан огоҳлантирмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG