Линклар

Тошкент ҳокимияти Coca-Cola маҳсулотларини арзон-гаров савдога чиқарди


Uzbekistan - Cola-cola in sale in tashkent, WhatsApp

Uzbekistan - Cola-cola in sale in tashkent, WhatsApp

Тошкентнинг Чорсу бозори қоқ ўртасида истеъмол муддати битишига бир ой қолган Coca-Cola ичимликлари сотилмоқда. "Эски жўва деҳқон бозори" маъмуриятидан олинган маълумотга кўра, Тошкент шаҳар ҳокимиятининг 14 апрель кунги бўйруғи асосида ширкат учун кўчма савдо растаси ташкил қилинган.

Шаҳар ҳокимияти талаб қилди

14 апрель куни Тошкент шаҳридаги Чорсу бозорида Coca-Cola ширкатининг муддати тугашига бир ой қолган маҳсулотлари арзон нархда сотила бошлади.

"Эски жўва деҳқон бозори" маъмуриятидан олинган маълумотга кўра, Тошкент шаҳар ҳокимиятидан ширкат маҳсулотларини улгуржи ва арзонлаштирилган нархда сотиш тўғрисида махсус буйруқ келган.

"Тепадан хат келди, шунақа Cola сотиш учун жой ажратилсин, деган. 14 апрелдан бошлаб, арзонлаштирилган нархда сотилсин, деб нархлари билан хат келдида. Ҳозир шу кўчма машинада сотиляпти. Бир неча кунга ташкил қилинсин, дейилган хатда", деди бозор маъмуриятининг Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатлашган ходими.

Озодликнинг Чорсу бозоридаги манбаси йўллаган хабарда айтилишича, арзон-гаров савдога чиқарилган ичимликлар муддати битишига бир ой қолган.
WhatsApp тармоғидан Озодликка йўлланган сурат.

WhatsApp тармоғидан Озодликка йўлланган сурат.

"Hoziram sotilvotti astatkadi mollar srogi tugashiga 1 oy qolgan. Butilichni kola 450 som fanta 2800 som. kola firmasi sotvotti, muddati maygacha manam oldim, qiziq chunki" деб ёзди Озодликка WhatsApp орқали хабар йўллаган манба.

У хабарига илова қилган суратда Fanta ичимлиги акс этган унда истеъмол муддати 2014 йилнинг 21 майигача, ишлаб чиқарилган муддати эса 2013 йилнинг 22 декабрида, деб кўрсатилган.

"Эски жўва деҳқон бозори" маъмурияти вакили Coca-Cola ширкати маҳсулотлари нега арзонлаштирилган нархда ва ошиғич сотилаётгани сабаблари ҳақида маълумот бермади.

Бу маҳсулотларини Ўзбекистонда ишлаб чиқарадиган Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD ширкатидан ҳам бу борада бирор изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Давлат активлари маркази чора кўришни бошлади

Январь ойидан буён Coca-Cola ичимлигини ишлаб чиқармаётган Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD ширкатидаги давлат активлари 7 апрель куни Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Давлат активларини бошқариш марказига ўтказилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорида ширкатда Ўзбекистон ҳукумати улуши 57,12 фоизни ташкил қилгани айтилган.

Ширкатдаги давлат улушларини ўз тасарруфига олган марказ расмийлари давлат активларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш режаларини очиқламаган.

Аммо, Тошкент шаҳар ҳокимиятининг "Эски жўва деҳқон бозори" маъмуриятига ушбу ширкат маҳсулотларини ошиғич тарзда улгуржи ва арзонлаштирилган нархда сотиш ҳақида йўллаган мактубини бу чоралардан бири сифатида тахмин қилиш мумкин.

"Оптовикларда бир ойлик заҳира бор"

7 апрель куни Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатлашган ширкат менежерларидан бири Тошкентдаги улгуржи савдо нуқталарида ширкатнинг бир ойга етадиган маҳсулотлари заҳираси борлигини айтган эди.

"Оптовий точкаларда бизда ишлаб чиқарилган Coca-Cola запаси ой охиригача бемалол етади", дея таъкидлаган ширкат вакили.

Ҳозир пойтахт бозорлари ва савдо дўконларида Coca-Cola ҳануз камёблигича қолмоқда. Тошкентдаги бир қанча савдо дўконларидан олинган маълумотга кўра, маҳаллий тужжорлар аллақачон бу ичимликни қўшни Қозоғистондан олиб келишни ҳам бошлаб юборган.

"Тошкент бозорларида "московский кола" сотилаяпти"

14 апрель куни эса Озодлик тасарруфига келиб тушган яна бир суратли хабарда Тошкентдаги савдо расталарида Россияда ишлаб чиқарилган шиша идишдаги Coca-Cola ичимлиги пайдо бўлгани айтилди.
WhatsApp орқали Тошкентдан йўлланган сурат.

WhatsApp орқали Тошкентдан йўлланган сурат.

​Сочида бўлиб ўтган Қишки Олимпиада ўйинлари мусобақаси рамзи туширилган ярим литрлик шиша идишдаги Coca-Cola 6250 сўмдан сотилмоқда.

"Samarqand darvozada sotilvotti, moskovskiy, narhi rosa qimmat 6250. bunaqasi bizda sotilmagan. olimpiada belgisi bor kuringda oldin bu pulga 1,5 litr baklashka berardi", деб ёзди "московский кола" мазасини татиган Тошкентдаги манба.

"Мегазавод май ойи ўрталаридан Coca-Cola чиқаради"

Айни пайтда Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD ширкатининг Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатлашган мулозимлари ҳозирча ширкат тасарруфида ишлаб турган асосий корхона - Бектемирдаги Мегазавод тез орада Coca-Cola ишлаб чиқаришни қайта йўлга қўйишга ҳозирлик кўраётганини маълум қилган.

- Coca-Cola ишлаб чиқаришда керак бўладиган концентрат поставкасида узилиш бор эди. Шунинг учун уч ойча чиқармадик. Лекин Bonaqua суви, Burn энержайзери, чойларимиз чиқарилаяпти. Бир ойга бориб-бормасдан концентрат ҳам келишни бошлайди. Проблема ҳал бўлади яқинда,- деган эди ширкат мулозими 7 апрель кунги суҳбатда.

"Coca-Cola ширкатида текширувлар давом этмоқда"

Озодликка Тошкентдаги манбанинг маълум қилишича, Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD ширкатида шу йилнинг январь ойидан бошланган ҳуқуқ-тартибот ва солиқ идоралари текшируви ҳануз давом этмоқда.

Бу текширувлар ўтган йилнинг октябрь ойидан бошлаб Гулнора Каримова бизнес тизимларида Ўзбекистон прокуратураси ва МХХ ойлардан бери ўтказаëтган текширувларнинг бир қисми ўлароқ кўрилмоқда. Чунки, бу ширкатнинг 2001 йилдан бери президент тўнғич қизи Гулнора Каримова тасарруфига ўтгани айтилади.

Қарийб 4 ойдан буён давом этаётган суриштирув натижасида ширкатнинг маҳаллий бошқарувчиларидан иккитасининг ҳибсга олингани хабар қилинган. Уларга ширкатнинг 12 миллион АҚШ долларига тенг маблағини ноқонуний ўзлаштирганлик ва мамлакатга олиб келинган 4,6 миллион АҚШ долларилик шакар учун сохта декларация тузганлик айби қўйилгани айтилган.

Шунингдек, Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD ширкатининг яна икки бошқарувчиси Алишер Эргашев ва Шоҳруҳ Собировлар 2012 йил июлида Швейцария прокуратураси бошлаган жиноят ишда гумонланувчи сифатида тиркалган.

Бу жиноят ишда президент қизи Гулнора Каримова ҳам гумонланувчи сифатида ўтмоқда.

Ўзбекистондаги Coca-Cola менежерлари¸ қолаверса¸ унинг расмий эгаларидан бири бўлган Гаяне Авакян ҳам Швейцария прокуратураси томонидан катта миқдордаги пул ювиш амалиëтларида гумон қилинмоқда.

Ўзбекистон бозорида 1993 йилдан бери фаолият олиб бораётган “Coca-Cola Ichimligi – Uzbekistan LTD” қўшма корхонаси турли идишларда беш хил – Coca-Cola, Coca-Cola Zero, Fanta, Sprite, Bonaqua ва Fuse Tea, Ice Tea салқин ичимликларини ишлаб чиқаради.

Ширкат Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг собиқ эри¸ АҚШ фуқароси¸ асли афғонистонлик ўзбеклардан бўлган Мансур Мақсудий оиласи томонидан Тошкентда ташкил қилинган эди.

2001 йилда Ўзбекистон президентининг қизи Мақсудийдан ажрашгач, Гулнора Каримова собиқ эрининг ўша пайтда 60 миллион АҚШ долларига баҳоланган "Coca-Cola Ichimligi - Uzbekistan" корхонасини тортиб олгани айтилади.

Coca-Cola ширкатининг Россия, Украина ва Белорусдаги филиалларини муовиқлаштирувчи бўлимидан олинган маълумотга кўра, филиаллардаги давлат активлари сони 50 фоиздан ошиқ бўлган мамлакатлардан бири Ўзбекистон бўлса, яна бири Хитойдир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG