Линклар

logo-print
Ўзини Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD собиқ менежери, деб тақдим қилган шахс ширкатнинг ноқонуний даромади қонуний даромадидан кўп бўлганини иддао қилиб, Озодликка боғланди. Йил бошида бошланган текширувлар ортидан Ўзбекистонни тарк этган менежер раҳбарият босими остида ноқонуний савдода иштирок этганини тан оларкан, бу схемалар фош этилиши керак, деб таъкидламоқда.


"Coca-Colaда бўладиган текширишдан огоҳлантиришган"

Ўзини Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD ширкатининг Савдо бўлимини бир йилдан ортиқ бошқарган собиқ менежерман, деб тақдим қилган 35 яшар ўзбекистонлик шу кунларда Ғарб давлатларидан бирида жон сақлаётганини айтиб, Озодликка боғланди. (У хавфсизлигидан хавотир қилиб исмини очиқламаслигимизни сўради ва биз шартли равишда уни Санжар деб атадик.)

Санжар ўтган йили 12 декабрда ширкатнинг савдо ишлари бўйича мутасадди раҳбарларидан бирининг текширув бўлиши ҳақидаги огоҳлантируви ортидан Ўзбекистонни тарк этганини айтмоқда.

"12 декабрь куни О.А. (масъулнинг исми сир сақланмоқда. - Таҳр.) келиб: "Текширув бошланаяпти, Ўзбекистондан чиқиб кетинглар!" деб айтди. Хуллас, ўтган йилнинг декабридан компанияда текширув бошланган. Кейин мен Россияга чиқиб кетдим ва у ердан Европага келдим. Ҳозир бу ерда жуда оғир шароитда яшаяпман ва шу хулосага келдимки, одамлар Coca-Colaда қанақа махинациялар бўлганини билиши керак", деб гап бошлади Санжар.

Ҳозирча Озодликда бу шахснинг Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD ширкати Савдо бўлимини бошқарганини тасдиқловчи далиллар йўқ. Аммо, унинг иддаолари Озодлик манбалари тарафидан қисман тасдиқлангани боис ҳавола этишга қарор қилдик.


"Ширкат ходимлари 18 миллион долларни ўзлаштиришда айбланди"

Озодлик тасарруфидаги маълумотларда ширкатда шу йил бошидан текширув бошлангани ва умумий суммаси қарийб 18 миллион АҚШ долларига тенг иқтисодий жиноятларда айланиб, икки маҳаллий раҳбари ҳибсга олингани айтилган.

Санжарнинг иддаосича, бу жиноятлар ширкат маҳсулоти дистрибюциясига масъул бўлган 26 яшар О.А. бошчилигидаги бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган ва бу шахс Ўзбекистон президенти тўнғич қизи Гулнора Каримовага тўғридан-тўғри итоат қиладиган, Тошкентда металл бизнеси ва юк ташиш билан шуғулланувчи хусусий ширкатлари бўлган пулдор аёл - О.А.(Аёлнинг исми сир сақланмоқда - Таҳр.)нинг ўғлидир.

Дарвоқе, металл бизнеси билан шуғулланувчи оила вакили бўлган 25 яшар О.А. исмли шахснинг 2013 йил ёзида Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD ширкати маҳсулотлари тақсимотига масъул қилиб тайинланганини ширкат расмийлари тасдиқлаган эди.

Санжарнинг иддаосича, бу шахс ширкатнинг солиқдан яширилган маҳсулотлари савдосини бошқарган.

"Компанияда катта партияда яширин кока-кола чиқарди. Оддий ҳисоб-китоб қилинг. Бир кунда 30 та нелегал фура (Coca-Cola маҳсулотлари ташиладиган катта юк машина - Таҳр.) чиқарилади. Агар ичимлик 6000 сўмдан сотилса баклашкаси¸ битта фура тахминан 50 минг АҚШ доллари бўлади. 30 фура чиқиб кетса агар¸ 1¸5 миллион доллар дегани. Чунки, битта фурада 12 тонна кола бўлади", дейди Санжар.


"Ноқонуний даромаддан прокуратура хабардор"

Санжарнинг иддаосича, яширин партиядаги Coca-Cola ичимликлари ҳажми қонуний чиқариладиган ҳажмга қарийб тенг бўлган ва бу ичимликлар Тошкент шаҳри, Бектемир туманидаги Мегазаводда тунда ишлайдиган 180 кишилик гуруҳ томонидан тайёрланган.

"Уч смена ишларди. Масалан, учинчи сменанинг Кока-коласини олардию рўйхатга турмаган дилерлар борку¸ шулар олиб кетарди тамом. Солиқ идораларига икки сменанинг отчёти бериларди. Биринчи смена эрталаб соат 8 дан кечки 5 гача эди. У ëғи 5 дан 12 гача иккинчи смена. Кечаси 12 дан эрталаб 8 гача учинчи смена ишларди. Конечно, буни милиция ҳам, солиқ ҳам, прокуратура ҳам биларди, лекин долясини оларди, индамасди", дейди ширкатнинг Бектемирдаги Мегазаводи Савдо бўлимини бир йилдан ортиқ бошқарганини иддао қилган 35 яшар Санжар.

Аммо, Бектемирдаги заводда уч сменада иш бўлганига оид бу иддаоларни Озодлик бошқа манбалардан тўлиқ тасдиқлатишга муваффақ бўлмади.

Хусусан, завод маъмуриятининг ўзидан бу борада изоҳ олишнинг имкони бўлмади. Ушбу заводда ҳозир ишлаётган ходимлардан бири Озодликнинг Тошкентдаги манбаси билан суҳбатда фақат бир сменада - эрталаб соат 8 дан кечки соат 5 гача иш бўлишидан хабардорлигини, WhatsApp орқали Озодликка боғланган ширкатнинг собиқ ишчиси эса 4 сменада иш ташкил қилинган пайтлар ҳам бўлгани ҳақида ёзди.


"Яширин даромад нақд пул кўринишда йиғилган"

Санжарнинг иддаолари асосида қилинган ҳисоб-китобга кўра, Мегазаводда ишлаб чиқарилган бир кунлик солиқдан яширилган ичимлик ҳажми 160 тонна, бундан келган даромад эса 1 ярим миллион АҚШ долларига тенг бўлган.

"Энди тасаввур қилингда¸ шу пайтлар эсимда бор¸ 2850 сўм Кока-коланинг ўзи турарди. Давлат нархи. 1¸5 литрлик баклашка. Лекин унинг устидаги шапкаси билан бирга¸ долясида¸ 3600 сўм бўлиб чиқарди. 700-750 сўм раҳбариятнинг ўзи олардида. Ундан ташқари нақд пулсиз ҳам савдо қиларди. Нақд пулсиз савдо қилганда¸ ундан ҳам 5 фоиз шапка оларди. Сиз анави 1 ярим миллионга шуни ҳам қўшинг, кейин чиқаринг бир кунлик нелегалний даромадни", деб даъво қилади Санжар.

Бу Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD ширкати маҳсулотлари ҳажмига доир илк норасмий маълумотдир. Ширкат маъмурияти бу борада Озодликка бирор изоҳ бермаган. Айни пайтда ширкатнинг ишлаб чиқариш ҳажмига доир расмий маълумотлар ҳам жамоатчиликка маълум эмас.


"Ширкатда ноқонуний дилерлар тармоғи бор"

Санжарнинг иддаосича, ноқонуний ишлаб чиқарилган товар маълум муддат яширин дилерларнинг яширин масканларида сақланган ва вақти-вақти билан заводда "носозлик бўлди" мазмунидаги сохта сабаблар билан маҳсулот таъминотида сунъий дефицитни яратилиб, оширилган нархда сотилган.

Санжар бундай дилерлардан иккисининг телефон рақамлари ва шахсига оид маълумотларни таҳририятга тақдим қилди. Озодлик мухбири берилган рақамлар орқали исми айтилган шахслардан бири билан боғланишга муваффақ бўлди. Шахсини тасдиқлаган кимса мавзу ширкатга оидлигини сезиши билан телефонини ўчирди, қайта боғланишнинг имкони бўлмади.

Санжарнинг иддаосича, қонуний рўйхатдан ўтмай ишлаган дилерлар маҳсулотни қарийб нақд пулга сотган ва улар тўғридан-тўғри ширкатнинг дистрибюцияга масъул раҳбари 26 яшар О.А.га бўйсунган, аммо бу масъулнинг исми ҳужжатларда акс этмаган.

"Бошқарув кенгаши бор эди¸ раҳбарият ҳам бор эди. Учредителлар бор эди. Энг каттаси бобонинг қизи - шу, Гулнора Каримова. Шунинг одами О.А. опа, унинг ўғли О.А. ҳамма ишни ҳал қиларди. Гаяне Авакян¸ Баҳодир Каримжоновлар заводда умуман кўринмасди. Гаянени бир йил ичида уч маротаба кўрганман, холос. Ҳужжатларга кўра, активлар эгаси Гаяне, лекин у ширкатда ҳеч киммасди. Асосий функционер Гулнора Каримова, бошқа ҳеч киммас", дея иддао қилди Санжар.


"Coca-Cola активларининг 49% Гаяне Авакянга тегишли"

Дарвоқе, Озодлик тасарруфидаги ҳужжатларга кўра¸ Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD ширкати активларининг 49 фоизи Rockdale/Muzimpex ширкати орқали Гулнора Каримованинг хос ëрдамчиси Гаяне Авакян томонидан сотиб олинган. Rockdale Holding эгаси Авакян¸ Muzimpex эгаси эса¸ Каримованинг яна бир яқин бизнес шериги Баҳодир Каримжоновдир. Айни кунларда Авакян Ўзбекистон Бош прокуратурасида оғир иқтисодий ва молиявий жиноятларда айбланиб¸ ҳибсга олинган. Каримжонов эса¸ ўзига қўйилаëтган айни айблардан қочиб¸ Дубайдан бошпана топган.

Ҳозир Ғарб давлатларидан бирида жон сақлаётган Санжар Ўзбекистонда қолган оиласи тақдиридан хавотирда экани, ўтмишда раҳбарлар қистови билан ноқонуний ҳаракатларга қўл урганидан афсусда эканини эътироф этди.


"Мен О.А.нинг касрига қолиб, юртни тарк этдим!"

Мухбирнинг: "Нега энди айнан ҳозир Гулнора Каримовага бўйсунган, деган иддао билан ширкат раҳбариларига қарши бу қадар оғир айбловларни илгари суряпсиз? Бундан сизга нима манфаат бор?" дейилган саволига Санжар шундай жавоб берди:

"Мен айтмоқчи бўлганим именно мана шу нақд пул оқими қаерда айланиши мана шу темный дилерларнинг номини айтмоқчиман. Может уларни ҳам кўриб чиқадиларми¸ деган маънода айтаяпман. Чунки биз шуларни деб страдать қилаяпмиз. О.А.нинг одами ҳаммаси. Уларни ҳам текшириш керак!" деб иддао қилди Санжар.

Озодликка Тошкентдаги манбанинг маълум қилишича, Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD ширкатида шу йил бошида бошланган ҳуқуқ-тартибот ва солиқ идоралари текшируви ҳануз давом этмоқда.

Бу текширувлар ўтган йилнинг октябрь ойидан бошлаб Гулнора Каримова бизнес тизимларида Ўзбекистон прокуратураси ва МХХ ойлардан бери ўтказаëтган текширувларнинг бир қисми ўлароқ кўрилмоқда.

Шунингдек, Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD ширкатининг яна икки бошқарувчиси Алишер Эргашев ва Шоҳруҳ Собировлар 2012 йил июлида Швейцария прокуратураси бошлаган жиноят ишда гумонланувчи сифатида тиркалган.

Бу жиноят ишда президент қизи Гулнора Каримова ҳам гумонланувчи сифатида ўтмоқда.

Ўзбекистондаги Coca-Cola менежерлари¸ қолаверса¸ унинг расмий эгаларидан бири бўлган Гаяне Авакян ҳам Швейцария прокуратураси томонидан катта миқдордаги пул ювиш амалиëтларида гумон қилинмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG