Линклар

logo-print
Бразилиянинг алмисоқдан қолган “Канизак Изаура” сериали "Ёшлар" телеканалида қулларнинг пахта плантацияларида эксплуатация қилиниши акс этган саҳналари қирқилган ҳолда намойиш қилинмоқда. Телеканал кинотаҳририяти масъуллари бу ҳолга эски фильмнинг яроқсиз жойлари кесилган, кинолентанинг яроқсиз қисми эса айнан пахта терими акс этган саҳналар бўлиши мумкин, деб изоҳ берди.


Бразилиянинг “Канизак Изаура” фильми илк бор 1988 йилда Марказий телевидние орқали намойиш этилган эди.

Uznews.net хабарига кўра, фильмдаги пахта плантацияларида қулларнинг тер тўкиб меҳнат қилаётгани акс этган манзаралар кесиб ташланган.

Фильмнинг ўзбекистонлик иштиёқмандлари “Ёшлар” канали орқали намойиш этилаётган “Канизак Изаура” филмининг ўзбекча дубляжида Изауранинг жазирама қуёш остида пахта плантацияларида тер тўкиб ишлаши, терган пахтасини елкасига ортиб хирмонгача олиб бориши акс этган лавҳалар ғойиб бўлганини айтишади.

- Бу фильмни олдин ҳам кўрганман. Ҳақиқатан шундай жойлари бор эди. Ўзбекчасида пахта даласида қуллар ишлаётгани кўринмади, - дейди тошкентлик Гулруҳ.

Ўзбекистонлик журналист Абдураҳмон Ташанов ҳам фильмда шу пайтгача пахта плантацияларидаги қуллик саҳналари кўринмаганини айтади.

- Мен фильмни олдин кўрмаганман. Ҳозиргача 50та серияси қўйилган бўлса, шу пайтгача пахта плантацияларида қулларнинг ишлаши билан боғлиқ саҳна кўрсатилгани йўқ. Қулларни шакарқамиш плантациясида ишлаши акс этган лавҳалар бор. Пахта манзаралари ҳозирча йўқ. Балки кесган бўлиши мумкин, балки ўша сериряларга ҳали келмагандир, - дейди Ташанов.

“Ёшлар” канали кинотаҳририятининг ўз исмини айтмаган масъулларидан бири фильмнинг яроқсиз жойлари кесилгани, шу боис пахта терими акс этган саҳналар ҳам кесилиб кетган бўлиши мумкинлигини айтди.

- Архивдан шу эски фильмни топдик, брак жойлари бўлса у ёқ-бу ёғини тўғирладик. Балки, айнан пахта плантация жойлари брак бўлган бўлса кесилиб кетган бўлиши мумкин, - деди "Ёшлар" канали ходими.

"Канизак Изаура" фильмида Бразилиядаги ўтган аср бошларидаги қуллик даври ҳақида ҳикоя қилинади. Фильм қаҳрамони хушбичим ва ақлли Изаурадир. У командор Алмейда оиласининг чўриси.

Хўжайини сеньор Леонсио ўйнаши бўлишга рози бўлмаган Изаурани пахта плантацияларида ишлатиб жазолайди.

Лекин, бу кадрлар фильмнинг ўзбекча версиясида кўринмади.

– Жанубий Америкадаги пахта қуллиги билан ҳозир Ўзбекистондаги пахта қуллигининг аслида фарқи йўқ. Айнан шунинг учун бу манзара ўзбек томошабинидан яширилмоқда, - дейди Ўзбекистонда пахта далаларида болалар меҳнатига қарши курашиб келаётган Берлиндаги Ўзбекистон-Германия форуми раҳбари Умида Ниёзова.

Ўзбекистонда болалар ҳуқуқлари учун курашаётган ташкилотлар бу мамлакатда болалар ва катталар мажбурий меҳнатидан фойдаланиш, систематик тус олган амалиёт эканини эътироф қилишади.

Ўзбекистон-Германия форумига кўра, Ўзбекистонда ўтган йили 1 миллиондан ортиқ одам, жумладан, балоғатга етмаган болалар мажбурий меҳнатга жалб қилинган. 2013 йилги пахта қурбонлари сони эса 11 кишини ташкил этган.

Ўзбекистон расмийлари пахта теримига болалар жалб этилишини рад этиб келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG