Линклар

Лавров Киев раҳбарларини "жинояткорона" куч қўллаш оқибатидан огоҳлантирди


Россия ТИ вазири Сергей Лавров, Пекин ш., 2014 йил 15 апрель.

Россия ТИ вазири Сергей Лавров, Пекин ш., 2014 йил 15 апрель.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Киевни Украина шарқидаги бўҳронни ҳал қилиш йўлида "жинояткорона" куч қўлламасликка чақирди. Лавров Украина ҳукумати томонидан куч қўлланилиши Женевада ўтказилиши режаланган тўрт томонлама музокараларга путур етказиши мумкинлигидан огоҳлантирди.


15 апрель куни Пекинда сўзлаган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Киев ҳукуматини Украина шарқидаги ўнта шаҳарда давлат идораларини эгаллаб олган Россия тарафдорларига қарши куч қўлламасликка яна бир бор чақирди.

Лавров Украина ҳукумати томонидан куч қўлланилиши 17 апрель куни Женева шаҳрида Украина, Россия, АҚШ ва Европа Иттифоқи вакиллари ўртасида ўтказилиши режаланган тўрт томонлама музокараларга путур етказиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Россия Ташқи ишлар вазири Украина Бош вазири Арсений Яценюкнинг Украина шарқидаги Россия тарафдори бўлган айирмачиларга музокара ўтказиш ҳақидаги таклифини “кеч бўлса ҳам тўғри йўлдаги қадам” дея баҳолади.

Айни пайтда Украина президенти вазифасини бажараётган Александр Турчинов 15 апрелга ўтар кечаси хавфсизлик кучлари Донецк вилоятида “аксилтеррор амалиёти” бошлаганини маълум қилди.

Сешанба куни Украина парламенти йиғилишида сўзлаган Турчинов аксилтеррор амалиётлари босқичма-босқич, “пухта тайёргарлик ва масъулият билан амалга оширилиши”ни урғулади.

Россияпараст айирмачилар эгаллаб олган ҳукумат биноларини тарк этиши талаб қилинган Киев илгари сурган ультиматум муддати 14 апрель куни тугади. Бироқ айирмачилар ультиматумни бажармади.

Турчинов Россияни Украинада беқарор вазият юзага келтиришга уринаётганликда айблади.

- Россия Федерациясининг режалари шавқатсиз бўлган ва шундай бўлиб қолади. Улар нафақат Донбассда балки, Харьковдан Одессагача бўлган барча жанубий ва шарқий минтақаларда беқарорлик оловини ёқишни хоҳлайди,- дея баён қилди Александр Турчинов.

Россия ўтган ой Қримни ўз ҳудудига қўшиб олганидан бери Киев ва Ғарб давлатлари Москвани Украина шарқида тартибсизликлар келтириб чиқаришга уринаётганликда айблаб келмоқда.

15 апрель куни Пекинда сўзлаган Лавров Россиянинг Украинадаги тартибсизликларга алоқадор эканини инкор қилди.

Россия расмийлари фикрича, Киев Украина шарқидаги рус тилида сўзлашувчи аҳоли манфаатларини писанд қилмагани сабабли бўҳрон юзага келган.

АҚШ президенти Барак Обама россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан душанба куни телефон орқали сўзлашуви чоғида қуролланган россияпараст гуруҳларга таъсиридан фойдаланиб, уларни Украина шарқидаги эгаллаб олинган биноларни тарк этишга кўндиришга чақирди.

Кремль расмийларига кўра, президент Путин Украинадаги норозиликларга Россия махсус хизмати агентлари алоқадор экани ҳақидаги иддаоларни “ишончсиз маълумотга аососланган миш-мишлар” деб, уни инкор қилган.

Айни пайтда россияпараст айирмачилар Краматаорск шаҳридаги милиция идорасини тарк этди.

Донецк вилояти милицияси матбуот котиби Игорь Дёминга кўра, айирмачилар 12 апрель куни босиб олган милиция идораси биносини “ўз иҳтиёри билан” тарк этган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG