Линклар

Москвада оғир меҳнат қилиб озиб кетгани ва паспортидаги фотосига ўхшамай қолгани боис Россия чегарасидан чиқарилмаган қирғизистонлик Маратбек Эшонқулов ниҳоят 2,5 йил ўтиб маҳаллий судда оқланди. Домодедово шаҳар суди паспорт ҳақиқатан уники экани ва ФСБ келтирган экспертиза хулосалари Эшонқуловни чегарани ноқонуний кесиб ўтганликда айблаш учун сохталаштирилган, деб топди.

Москвада оғир меҳнат қилиб озиб кетгани ва паспортидаги фотосига ўхшамай қолгани боис Россия чегарасидан чиқарилмаган қирғизистонлик Маратбек Эшонқулов ниҳоят 2,5 йил ўтиб маҳаллий судда оқланди. Домодедово шаҳар суди паспорт ҳақиқатан уники экани ва ФСБ келтирган экспертиза хулосалари Эшонқуловни чегарани ноқонуний кесиб ўтганликда айблаш учун сохталаштирилган, деб топди.


14 апрель куни Москва вилояти Домодедово шаҳар суди судьяси Ольга Пишчукова Россия чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга уринганликда айбланган Қирғизистон фуқароси Маратбек Эшонқуловни қарийб 3 йиллик маҳкамадан кейин беайб деб топди.

Ўз камчиликларини тан олмаган ФСБнинг Чегара хизмати терговчилари суддан Эшонқуловни 25 минг рублга жаримага тортиш, аммо “муддати ўтиб кетгани боис уни жазоламасликни” сўраган.

Маратбекнинг москвалик адвокати Филипп Шишов Россия ҳуқуқ тартибот идораларининг ишни сохталаштиргани 2,5 йиллик тортишувлар, саноқсиз экспертизаю маҳкамалар, ҳақоратлару калтаклардан кейин ниҳоят судда ўз исботини топганини гапирди.

- Қирғизистон консуллиги томонидан иш юзасидан норозилик нотаси юборилди. Улар томонидан яна қандайдир амалиётлар бўлади. Биз эса, ўз ўрнимизда, моддий ва маънавий зарарни қоплаш учун даъво аризаси билан судга мурожаат қиламиз. Агарда прокуратура суд қарори устидан шикоят қилмаса 10 кун ичида, Маратбек ўз юртига эсон-омон чиқиб кетади, деди “Презумпция” адвокатлик идораси вакили Филипп Шишов Озодликка.

Адвокат 2011 йил ноябридан бери Россия хавфсизлик ходимлари Маратбек Эшонқуловни айбдор деб топиш учун 4 экспертиза, 2 фотоэкпертиза, 2 ҳужжатлар техника-криминалистика экспертизаси ва 100 яқин гувоҳларни сўроққа тутган.

Ҳимоячига кўра, қурилишда ишлаб, юк ташиб озиб кетган ва ўзига ухшамасдан қолган муҳожир иши билан маҳаллий ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари қизиқиш билдириши ортидан, ўз ҳамкасбларининг “қовун тушуриб қўйгани”ни аллақачон тушуниб етган прокуратура ишни ёпди-ёпди қилишга уринган: прокурорлар уни айбини бўйнига олиш эвазига жиноий ишни тўхтатишни ваъда қилган.

Россия пойтахтига 2010 йилда келиб, бир йил ишлаб ва бироз пул йиғиб олган 26 ёшли Боткен вилоятининг Қизилқия шаҳридан бўлган Маратбек Эшонқулов, 2011 йил ноябрида “Домодедово” халқаро аэропорти паспорт назорати ходими томонидан тўхтатилган ва рейсдан қолдирилиб, алоҳида хонага олиб кетилган.

Паспорт назорати ходимлари паспортдаги шахс мутлақо унга ўхшамаслиги ва у қалбаки ҳужжат билан Россияга кириб-чиқишга уринаётганликда айбланган.

- "Сенинг паспортинг эмас” дейди. Аслида бу менинг паспортим! Мен стройкада ҳаммол бўлиб ишладим. 12, балким 15 килога оздим. Грузчикликда кунига қоп ташиб оздим-да. Бизга кунига 20 тонналик КАМАЗдан тўрттаси келади! Кунига 80 тонна юк туширасиз... Шунданми, ейиш-ичишнинг мазаси йўқлигиданми – озиб кетибман, деган эди Озодлик билан суҳбатда Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари ўз айбига иқрор бўлишни истамаётганини гапирган Маратбек Эшонқулов.

Қирғизистонлик бу мардикор йигит Домодедово чегара хизмати ходимлари уни 3 кун аэропортда ушлаб тургани, паспорт сохта эканига иқрор бўлишга мажбурлаб, бир неча маротаба калтаклашганини ҳам гапириб берган эди.
Қирғизистон Республикаси консуллик бўлими вакиллари кафиллиги остида қўйиб юборилган. Элчилик Маратбекнинг паспорти ҳақиқий эканини тасдиқловчи ҳужжатларни Қирғизистондан келтирган.

Лекин ФСБ ва терговчилар уларни инобатга олишдан бош тортган. Устига-устак, Домодедово шаҳар прокурори муовини Олег Сталнов розилиги билан, Федерал хавфсизлик хизмати тафтишчиси Александр Татаринов Эшонқулов Маратбекни Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 322-моддаси (Россия Федерацияси чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш) асосида жиноий жавобгарликка тортган эди.

Озодлик билан суҳбатда Маратбек ҳозирда Москвада 3 йилдан буён ҳеч қаерда ишлашга рухсати бўлмагани қариндошлари қарамоғида қолаётганини гапиради. У Москвадан эсон-омон чиқиб кетса, бошқа қайтиб Россияга келмаслигини айтади.

- Мени оқлашди. Менинг мен эканлигим исботланди! 2,5 йил олдин уйга жўнаган эдим, уйда 3,5 йил бўлмадим. Етар! Қирғизистонда ишим бор эди – гипсокартон заводида ишлардим оператор бўлиб, яна ўша ерга ишга жойлашаман. Қизилқияда ота-онам, акам ва синглим кутяпти. Бошқа бу ерга қайтиб келмайман, бас, дейди 3,5 йиллик умри зое кетганидан афсусланган Маратбек Эшонқулов.

Суҳбат сўнггида муҳожир Россиядан эсон-омон чиқиб кетса, Қирғизистонда "адвокатликка ўқишга кириши" ниятидан қайтмаганини айтди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG