Линклар

logo-print

“Иегов гувоҳлари” аъзосининг майити мусулмонлар қабристонига қабул қилинмади


Тошкент вилояти Ўртачирчиқ тумани Туябўғиз шаҳарчасида яшовчи 68 яшар чол олти йил аввал ислом динидан чиқиб, “Иегов гувоҳлари” сектасига аъзо бўлгани боис унинг майитини мусулмонлар ҳам, насронийлар ҳам ўз қабристонида дафн қилишга рухсат бермади. Озодлик манбаларига кўра, 9 апрель куни вафот этган чолнинг мурдасини орадан икки кун ўтиб, у яшаган маҳалладан анча узоқда жойлашган бошқа бир насронийлар қабристонига кўмишга аранг муваффақ бўлишган.


Туябўғиз шаҳарчасининг Адолат маҳалласи фуқароси бўлган ва "Иегово шоҳидлари" сектасига аъзо бўлган 68 яшар қария (Маълум сабабларга кўра, марҳумнинг исми очиқланмади - Таҳр.) 9 апрель куни вафот этгач, унинг фарзандлари отасининг майитини мусулмонлар қабристонига дафн қилишга ҳаракат қилишган.

Воқеадан хабардор Озодлик манбасига кўра, чолнинг майити Туябўғиз шаҳарчасидаги на мусулмонлар, на насронийлар қабристонига қабул қилинган:

“Чол ўлгач, унинг фарзандлари отасининг майитини мусулмонлар қабристонига дафн қиламиз дейишди. Лекин маҳалла имоми бунга рухсат бермади. Уйи яқинида жойлашган насронийларнинг қабристони ҳам майитни қабул қилмади. Икки кун югуриб, Ташморе яқинидаги бошқа бир насронийларнинг қабристонига қўйишган. Лекин ҳозир барибир чолнинг ўғиллари отасининг майитини очиб, мусулмонлар қабристонига жойлаштириш ҳаракатида яна югуриб юришибди”,- деди воқеадан хабардор Озодлик манбаси.

Ўртачирчиқ туман ҳокимлигининг исмини очиқламаётганимиз мулозимига кўра, сўнгги йилларда қария инсульт бўлиб, тўшакка михланиб ётган ва маҳалла имомлари уни ўлмасидан аввал майитининг мусулмонлар қабристонига қабул қилинмаслиги борасида огоҳлантиришган:

“Масжид домласи бир неча бор уни огоҳлантирган. У ўлмасидан аввал маҳалла имомлари уйига боришди. Дўзахга тушасан қайт бу йўлингдан, дейишган. Кейин агар калима келтириб “Алҳамдуллоҳ”ни айтсанг, сенинг майитингни ўзимизнинг қабристонга қўямиз. Бўлмаса қўйилмайди, дейишган. Барибир у қайтмади. Лекин у ўлгач, ўғиллари уни мусулмонлар қабристонига кўмишни сўраб имом олидига боришган. Имом рухсат бермагач, уни урмоқчи ҳам бўлишган. Кейин ўғиллари ҳокимиятга келишди. Лекин бу ишга ҳокимлик аралаша олмаслигини айтдик”,- деди ҳокимлик мулозими.

"Жанозага боришга СНБдан қўрқишди"

Туябўғиздаги Озодлик манбасига кўра, чол ўлгач, унинг жанозасига маҳалладан жуда оз одам келган:

“Жанозага маҳалладан ҳеч ким келмаган. Қўшнилари ҳам чиқмаган. Кўпчилик борсак, СНБнинг рўйхатига тушамиз, деб қўрққан. Чунки “Иегов гувоҳлари”нинг ҳаммаси СНБ рўйхатида. Эшитишимизча, баъзи қариндошлари ҳам улар билан борди-келдини йиғиштириб қўйган”,- деди манбамиз.

Ўртачирчиқ туман ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, марҳумнинг оила аъзолари ҳам “Иегов гувоҳлари” сектасига аъзо бўлган:

“Чолнинг оиласи, кейин уларнинг ён қўшниси ҳам оилавий равишда шу сектага аъзо бўлишган. Шу ҳудудда тахминан 150 одам ушбу секта аъзоси ҳисобланади. Уларнинг бошқа динга ўтишига қонунимизда қаршилик йўқ. Лекин улар орасида миссионерлик билан шуғулланадиганлари кўп. Ўтган йили 5-6 киши шу сектага бошқаларни даъват қилгани учун 5 миллион сўмдан жаримага ҳам тортилган”,- деди Ўртачирчиқ туман ҳокимлигининг исмини очиқламаётганимиз мулозими.

"Ғайридинларни мусулмонлар қабристонига қўйиш мумкин эмас"

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансурнинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, Туябўғиздаги чол билан боғлиқ воқеада маҳаллий имомлар шариат қонунлари доирасида ҳаракат қилишган:

- Фиқҳий-шаърий китобларимизда, агар ғайридин - ислом динидан бошқа дин вакиллари вафот этган бўлса, унинг мурдасини мусулмонлар қабристонига қўйилмасин, мабодо билмасдан қўйилган бўлса ҳам кейин кўчириб қўйилсин, деб ёзилган. Барча 4 мазҳаб фиқҳий китобларимизда ҳам бор бу масала. Энди кейинги пайтда ота-бобоси мусулмон-мўмин бўлиб, миссионерларнинг даъвати билан уларнинг дини қабул қилаётганлар бор. Ўзи христиан динини қабул қилган бўлса ҳам вафот этса, унинг қариндошлари уни барибир мусулмонлар қабристонига олиб боришаяпти. Лекин бунга рухсат берилмайди,- деди шайх Абдулазиз Мансур.

Шайх билан суҳбатни тўлиқ равишда қуйида тинглашингиз мумкин:


"Муаммони ҳукумат ҳал қилиши лозим"

Дин эркинлиги масалалари билан шуғулланувчи Норвегиядаги Форум- 18 ташкилоти вакили Феликс Корлининг Озодликка айтишича, Ўзбекистон ҳукумати Туябўғиздаги "Иегов гувоҳлари" аъзоси билан содир бўлган воқеанинг такрорланишининг олдини олиши лозим:

- Агар оқсоқоллар ёки мусулмонлар ўзга дин вакилларини мусулмонлар қабристонига қабул қилмаса, маҳаллий ҳукумат бунинг ечимини топиши лозим. Чунки насронийлар ҳам “Иегов гувоҳлари”ни насроний ҳисобламайди. Уларнинг докторинасини ўзгача ҳисоблашади. Шунинг учун улар ҳам “Иегов гувоҳлари”ни ўз қабристонига қабул қилишмайди. Бундай вазиятда албатта ҳукумат бирор йўлини топиши лозим. Улар учун мавжуд қабристонлардан жой ажратиши ёки уларга алоҳида жой ажратиб бериши лозим,- деди Феликс Корли.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG