Линклар

logo-print

“Навоийазот” ва “Фарғонаазот” ўтган йилдан бери ишчилар ҳақини бермаяпти


“Навоийазот” ва “Фарғонаазот” кимё заводларида жами 20 мингга яқин одам ишлайди.

“Навоийазот” ва “Фарғонаазот” кимё заводларида жами 20 мингга яқин одам ишлайди.

Ўзбекистондаги иккита йирик завод “Навоийазот” ва “Фарғонаазот” корхоналарининг 20 мингга яқин ишчилари тўрт ойдан бери маошларини ололмаяпти. “Навоийазот” расмийлари январь ойи маошлари ҳали ҳам берилмаганини Озодлик билан суҳбатда тан олди. “Фарғонаазот” заводидаги Озодлик манбасига кўра, корхона ишчиларига ҳатто ўтган йилнинг ноябрь ва декабрь ойлари маошлари тўлиқ берилгани йўқ. “Навоийазот” ва “Фарғонаазот”ни ўз таркибига олувчи “Ўзкимёсаноат” давлат ширкати вакиллари бу ҳолатни изоҳлашдан қочишди. Кейинги пайтларда Ўзбекистондаги давлат ташкилотлари ишчилар ойликларини вақтида беролмаётгани билан боғлиқ ҳолатлар тез-тез учрамоқда.



“Навоийазот” ва “Фарғонаазот” корхоналарида ўтган йилнинг охиридан бери маошлар тўланмаётганини Озодликнинг Навоий ва Фарғонадаги манбалари билдиришди.

“Фарғонаазот” корхонасидаги Озодлик манбасининг айтишича, сўнгги бор март ойининг бошида корхона ишчилари пластик карточкаларига ўтган йилнинг ноябрь ва декабрь маошларининг бир қисми тушириб берилган.

“8 март куни ноябрь ва декабрь ойликларининг аввал 25 фоизи, кейин 30 фоизини тушириб беришди. Яъни амалда ноябрь ойининг ойлигини олганмиз холос. Бу йили эса умуман ойлик кўрганимиз йўқ. Раҳбарият бунинг сабабини тушунтирмаяпти. Ким ойлик ҳақида оғиз очса, дарров ишдан бўшатиш билан қўрқтишяпти”, дейди Озодлик манбаси.

“Фарғонаазот” раҳбарияти билан боғланиш имконияти бўлмади.

Лекин Озодлик мухбири айни муаммони бошдан кечираётган бошқа ўғит ишлаб чиқарувчи корхона “Навоийазот” заводи расмийси билан бу борада гаплашишга муваффақ бўлди. Ўзбекистондаги энг йирик кимёвий корхона ҳисобланган “Навоийазот”да ҳам тўрт ойдан бери маош берилмаётганини бу корхона вакили Озодлик билан суҳбатда тасдиқлади.

Шахси сир қолишини истаган завод ходимининг айтишича, маошлар охирги марта ўтган йилнинг декабрида берилган.

“Заводимиз банк олдидаги мажбуриятларини бажара олмагани сабабли ойликларни бера олмаяпмиз. Саноат Қурилиш банкидан қарздор бўлиб қолганмиз, шу сабабдан банкдаги пулларимизни ололганимиз йўқ. Январь, февраль ва март ойлари учун маошлар берилмагани рост”, деди “Навоийазот” корхонасининг ходими Озодликка.

Ўзбекистондаги энг йирик “Навоийазот” кимёвий заводида, расмий маълумотларга кўра, 12 мингдан ошиқроқ, “Фарғонаазот” корхонасида эса, 7600га яқин одам ишлайди.

Иккала корхонани ўз таркибига олувчи “Ўзкимёсаноат” давлат ширкати расмийлари 20 мингга яқин ишчига нега тўрт ойдан бери иш ҳақи берилмаётгани тўғрисидаги Озодлик саволига жавоб беришдан қочишди.

“Ўзкимёсаноат” давлат акциядорлик ширкати раҳбари вазифасини вақтинча бажараётган Нормат Иброҳимов билан ҳам боғлана олмадик. Леикн давлат ширкатининг молия ишлари бўйича мутасаддиси Раҳмонберди Тўхмаков билан боғландик. Бироқ бу мутасадди Озодлик мухбири телефон қилаётгани ҳамда “Навоийазот” ва "Фарғонаазот" заводларидаги иш ҳақига доир вазият билан қизиқаётганини эшитиши биланоқ мухбирингиз овозини эшитмай қолди.

Эслатиш жоиз, “Ўзкимёсаноат” давлат ширкатининг раиси ўтган ойда алмаштирилган эди. Ҳамидулло Шерматовнинг ишдан четлатилиб, ўрнига муовини Нормат Иброҳимов вақтинча раис этиб тайинланиши сабабларидан бири давлат ширкатининг 3 триллион сўмдан ошиқ қарзи тўпланиб қолгани билан изоҳланган эди.

Давлат ширкатининг катта қарздорлиги “Навоийазот” ва “Фарғонаазот” заводларининг 20 мингга яқин ишчиларига тўрт ойдан бери маош берилмаётганига сабабчими, йўқми буни айтиш қийин. Лекин Ўзбекистонда давлат корхона ва ташкилотларига маошлар вақтида тўланмаётгани сурункали тус олаётган кўринади.

Шу ой бошроғида Озодлик “Ўзбекэнерго” акциядорлик компаниясига қарашли Сирдарё иссиқлик электр станциясининг бир ярим минг ишчиси 6 ойдан бери иш ҳақини олмагани тўғрисида хабар қилган эди.

Ундан аввал "Навоий" иссиқлик электр станцияси ҳам ўтган йилнинг ноябридан бери ишчиларга маош тўламагани ҳақида хабар қилган эдик.

Ўтган ҳафта эса Самарқанд Давлат архитектура ва қурилиш институти ўқитувчи ва талабаларига икки ойдан бери маош ва стипендиялар берилмаётгани тўғрисида ҳам Озодлик хабар қилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG