Линклар

logo-print

Расмий маълумотларга қараганда Қирғизистоннинг Бишкекдан кейинги иккинчи йирик шаҳри бўлган ва қарийб ярим миллионга яқин аҳоли яшайдиган Ўш шаҳрига газ берилишининг тўхтатилшишига “Қирғизгаз” ширкатининг Россиянинг “Газпром”ига сотилиши сабаб бўлган.

Ўш газ бошқармаси раҳбари ўринбосари Зина Азимкулованинг айтишича, “Қирғизгаз” Россияга 1 долларга сотилгани расман эълон қилинганидан сўнг Ўзбекистон газ таъминотини тўхтатиб қўйган. Ўшга газ қайта берилиши учун “Ўзбектрансгаз” ширкати билан бевосита Россиянинг “Газпром” ширкати музокара ўтказиши лозим.

-Биринчи чорак учун газ шартномаси 15 апрелгача тузилган эди. Бу шартномада “Агар корхона эгаси алмашса, газ таъминоти шартномаси автоматик тарзда ўз кучини йўқотади ва узайтирилмайди”, деб қайд этилган. Бизнинг билишимизча, ҳозир “Газпром” “Ўзбектрансгаз” билан музокараларни бошлаган, -деди Зина Азимкулова.

Қирғизистон Ўзбекистондан йилига тахминан бир миллиард кубометр газ сотиб олади. Ўзбекистон газ таъминотини ўзиб қўйган ҳолатлар кўп кузатилган. Қирғизистон томони Ўзбекистон газни жаҳон баҳосида сотишидан ҳам норозилик билдириб келади. Ўзбекистондан олинаётган табиий газнинг ҳар минг куб метри учун Қирғизистон 260 доллар атрофида ҳақ тўлайди.

10 апрель куни “Қирғизгаз”нинг “Газпром”га сотилишини шарҳлаган Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев бундан буён мамлакатда газ таъминотида узилиш бўлмаслигини билдирган эди.

-Президент Атамбаев, ҳукумат “Қирғизгаз”ни 1 долларга сотаяпти, деб шов-шув кўтарилди. Шартномага асосан “Газпром” Қирғизистонда газ соҳасини ривожлантириш учун 600 миллион доллар сармоя ётқизади, “Қирғизгаз”нинг 40 миллион доллар қарзини тўлайди. Бундан буён қишда мамлакатимизда газ ўчиб қолмайди. “Биз Россиядан газга қарам бўлиб қолдик”, деб билдираётган мухолифларга айтар сўзим шуки, биз газ таъминоти бўйича мустақилликка эришдик, - деди Атамбаев.

Аммо бу баёнотдан бир ҳафта ўтар-ўтмас Ўшга газ берилмай қолди. Шу сабабли ҳам қирғиз парламенти депутатлари ҳукуматни “Қирғизгаз”ни Россияга “Газпром”нинг Ўзбекистон билан шартномаларини ўрганмай туриб сотганликда айбламоқдалар:

-Ўзбекистон билан қўшничилик муносабатларини яхшилаб, уларга сув бериб эвазига газ олсак бўлар эди. “Қирғизгазни” Россия сотилишига ҳам рози бўлдик. Аммо “Газпром” биринчи кунларданоқ ўз зиммасига олган мажбуриятни-Қирғизистонни узлуксиз газ билан таъминлаш мажбуриятини бузди. Ҳукумат “Қирғизгаз”ни “Газпром”га сотишидан аввал бу ширкатнинг Ўзбекистон билан қандай шартномалари борлигини ўрганиши лозим эди, -деди парламент депутати Ўмурбек Абдираҳманов.

Қирғиз расмийларининг айтишича, айни пайтда “Газпром” Ўзбекистон билан Ўшга газ берилиши масаласида музокаралар ўтказмоқда. Аммо Ўзбекистон томони ҳозирча бу борада расмий маълумот тарқатгани йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG