Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:14

Тошкентда олти диндор қўлга олинди


“Тошкентда олти нафар диндор Ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан ноқонуний қўлга олинди”. 16 апрель куни Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи ана шундай хабар тарқатди. Ҳибсга олинганлар “жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаганлик ёки тарқатганлик”да гумонланмоқда.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида яшовчи 1986 йилда туғилган Собиржон Турсунов 2014 йил 19 март куни Ички ишлар вазирлигининг Терроризмга қарши кураш бўлими ходимлари томонидан қўлга олинганини маълум қилди.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг айтишича, 19 март куни Собиржон Турсуновнинг Икром, Абдулазиз, Улуғбек ва Дониёр исмли дўстлари ҳам ҳибсга олинган.

Суръат Икромовга кўра, 2008 йилдан бери Ўзбекистонда қўлга олиш ҳақидаги санкция суд томонидан берилади. Бироқ Турсунов ва дўстлари аввал қўлга олиниб, кейин суд қилинган. Ҳуқуқ ҳимояси фикрича, бу амалдаги қонунчиликка зиддир.

- Бу ноқонуний. Биринчидан, ҳибсга олиш пайтида адвокат иштирок этиши керак. Иккинчидан, яқинларини чақириш керак. Гувоҳлар бўлиши керак. Улар мутлақо буларсиз қўлга олган, - дейди ҳуқуқ фаоли.

Суръат Икромов Собиржон Турсунов ва дўстлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 244-1 моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаганлик ёки тарқатганлик), 244/2-моддаси (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузганлик, уларга раҳбарлик қилганлик, уларда иштирок этганлик) ва 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилганлик) моддалари бўйича айбланаётганини айтди.

Собиржон Турсуновнинг рафиқаси Саида Пўлатова Озодлик билан суҳбатда турмуш ўртоғи қаерда эканини сўраб Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизматига қилган мурожаатлари жавобсиз қолгани ва унинг қандай жиноят содир этганликда айбланаётганини аниқ билмаслигини айтди.

- Нима сабабдан қўлга олишганини билмадик. 10 кунча қидирдик. Ҳеч қаерда йўқ. Ҳеч ким қаерда эканликларини бизга айтмади. Биз жуда хавотир олдик. Улар хўжайинимга адвокат ёллашибди. Кейин адвокатдан нима бўлаётганини сўрадик. У: “Хўжайиниз диний-экстремистик оқимларга аралашиб қолган, шунинг учун гумон сифатида ушлаб туришибди”, деб жавоб берди. Лекин бирор марта телефон қилдиришмади ёки учраштиришмади. Шу пайтгача биз ҳеч нарсани билолмадик, - дейди Саида Пўлатова.

Унга кўра, Ички ишлар вазирлиги ходимлари апрель ойи бошида ўтказган тинтув пайтида уйдан қонунга зид нарсалар топилмаган.

- Кейин уйимизга келишди. Роса тинтув қилишди. Тинтув қилганда уйимиздан ҳеч нарса топилмади. "Ҳеч нарса чиқмади", деб қандайдир ҳужжатларни ёзиб кетишди. Қўшнилар, домком ва участковой келди, - дейди суҳбатдошимиз.

Саида Пўлатованинг таъкидлашича, Собиржон Турсунов Янгийўлда ишлаб чиқарилган эшикларни сотиш билан шуғулланган. Беш маҳал намоз ўқиган. Намозни онасидан ўрганган, аммо бирор-бир диний оқим ёки гуруҳга аъзо бўлмаган.

- Беш вақт намоз ўқирдилар. Кинога борардик, паркка борар эдик. Ундай гуруҳларга аралашиб қолишларига ишонмайман. Бу уларга нисбатан туҳмат бўлиши мумкин, - дейди Саида Пўлатова.

У турмуш ўртоғининг иши билан шуғулланиш учун адвокат ёллашга маблағи йўқлигини, шу боис давлат тайинлаган адвокатдан умидвор эканини айтди.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовга кўра, қўлга олинган олти диндор ҳозир Тошкентдаги 1-сонли тергов ҳибсхонасида (Тоштурмада) сақланмоқда.

- Тергов бошланди. Қачон тугайди - буни айтиш қийин. Менимча, 1-1,5 ойда тугаса керак. Айблов хулоса бўлганидан кейин биз тўла-тўкис маълумот берамиз, - деди Суръат Икромов.
XS
SM
MD
LG