Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:24

Қирғизистонда ўзбек дипломатига қарши жиноят иши очилди


Қирғизистоннинг Бишкекдаги элчихонаси биноси.
Қирғизистоннинг Бишкекдаги элчихонаси биноси.

2014 йилнинг 31 март куни Бишкек шаҳрининг Биринчи май туман ички ишлар бўлими томонидан Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчихонаси консули Меҳриддин Хайриддиновга нисбатан Қирғизистон Жиноят кодексининг 234-моддаси (“Безорилик”) бўйича жиноят иши қўзғатилди.


Ўзбек консули Хайриддинов 2013 йилнинг 23 август тунида қирғизистонлик Ж. Қадировга тан жароҳати етказганликда гумонланмоқда.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Жўрўбай Адбраимовга кўра, ўтган йилнинг 22 августидан 23 августига ўтар кечаси Бишкекдаги Раззоқов кўчасида жойлашган “Москва” кафеси қаршисида Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчисига тегишли "Тойота Прадо” русумли автомобиль ВАЗ-2106 автомашинаси билан тўқнашиб кетган, ҳодисадан ғазабланган маст ўзбек дипломатлари Жигули рулида ўтирган Ж. Қадировга тан жароҳати етказган.

- У ерда Ўзбекистон элчихонаси консули йўл-транспорт ҳодисаси содир этган. Пировардида у иккинчи томонга тан жароҳати етказган, - дер экан Жўрўбай Абдраимов авария содир бўлган пайтда ўзбек консули бошқарган машинада элчихонанинг бошқа ходимлари ҳамда Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчиси рафиқаси ҳам бўлганини қўшимча қилди.

Маълумотларга кўра, автоавариядан сўнг ўтказилган тергов чоғида жабрланувчи Қадиров ва бошқа гувоҳлар бир неча киши орасида айбдорни таниганлар ва у Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчихонаси консули Меҳриддин Хайриддинов бўлиб чиққан.

“Воқеа содир бўлганига 7 ойдан ошган бўлса, нега энди ҳозирга келиб очилди ўзбек консулига нисбатан жиноят иши?” деган саволимизга Жўрўбай Абдраимов қуйидагича жавоб берди.

- Гап шундаки, бу вақт ичида консул жабрланувчига етказилган зарарни қоплаши ва ундан узр сўраши мумкин эди. Агар шундай бўлганда, бу иш ёпилиб кетган бўларди. Консулнинг мақомини ҳисобга олган ҳолда, бир неча бор жиноят иши қўзғамасликка ҳаракат қилинди. Аммо ҳар сафар жабрланувчи прокуратурага мурожаат қилаверди. Охир-оқибат жиноят иши қўзғатилди, бунга эса етарлича асос бор эди, - деди Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Жўрўбай Адбраимов бу ишга оид қўшимча маълумотларни кейинроқ беришга ваъда қиларкан.

Бу борада изоҳ олиш истаги билан биз Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчихонасига ҳам қўнғироқ қилдик. Телефон гўшагини кўтарган ходима элчихона бу воқеа юзасидан изоҳ бермаслигини айтди.

- Биз унақа маълумотларга жавоб беролмаймиз, - дея гапни қисқа қилди ўзбек элчихонасининг ўзини таништирмаган ходимаси.

Ўтган йил август ойида ўзбек дипломатлари томонидан қирғиз фуқаросининг калтакланиши Қирғизистонда анча шов-шувларга сабаб бўлганди. Ўшанда ҳатто Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига норозилик нотаси юборганди.
XS
SM
MD
LG