Линклар

Жанубий Кореядаги ўзбек муҳожирлари июлдан кейин 13-ойлигини ватанида олади


Жанубий Кореяда ҳукумат қарорига қарши мигрантларнинг намойишлар авж олди.

Жанубий Кореяда ҳукумат қарорига қарши мигрантларнинг намойишлар авж олди.

Корея Меҳнат вазирлиги расмийсининг Озодликка билдиришича¸ мамлакатдаги нолегал муҳожирлар сонини қисқартириш мақсадида Сеул ҳукумати 29 июлдан бошлаб хорижий ишчиларнинг 13-ойлигини ўз ватанида олиш амалиëтини жорий қилган. Бу ўзгариш Кореядаги ўн минглаб ҳам легал¸ ҳам нолегал ўзбек меҳнат муҳожирини оғир меҳнат эвазига кўз тиккани минглаб доллардан маҳрум қилиши мумкин.

Жанубий Корея Меҳнат вазирлиги тасдиқлайди...

16 апрель куни Жанубий Корея Иш билан таъминлаш ва Меҳнат вазирлиги қошидаги Хорижий иш кучи бўлими расмийси Пак Чонг Кил ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг Озодликка билдираëтган хавотирларига жавоб берди.

Расмийга кўра¸ жорий йил январь ойида Корея ҳукумати мамлакатдаги ноқонуний меҳнат муҳожирлари сонини камайтириш чора-тадбирларидан бири сифатида Корея Меҳнат вазирлиги орқали қонуний шартнома асосида ишга келаëтган хориж ишчилари учун мазкур шартномада кўзда турилган 13-ойликни олиш шартларини ўзгартирган.

29 июлдан бошлаб нафақат ўзбекистонлик¸ балки бошқа мамлакатлардан Жанубий Кореяга келиб ишлаëтган муҳожир ишчилар ҳаммасининг бу пулни олиш учун ўз ватанига қайтиши шарт қилиб белгиланган.

- Бундай ўзгартишни тақозо қилган сабаб¸ хориждан меҳнат шартномаси асосида келган ишчи-хизматчиларнинг шартнома муддати ўтганидан сўнг Кореядан чиқиб кетиш ўрнига¸ ноқонуний тарзда қолиб ишлашда давом этаëтганларидир. Беш йиллик шартнома ниҳоясида тўпланиб қоладиган каттагина пулни олиш истаги уларни Кореяни вақтида тарк этиб¸ ватанларига қайтишларини рағбатлантиришга қаратилган¸ деди Озодлик мухбири билан таржимон орқали узоқ суҳбатлашган Меҳнат вазирлиги мутахассиси.


Ўзбек мигрантлари ташвишда

Твежикгимнинг Ўзбекистондан олиниш эҳтимоли ҳақидаги хабар пайдо бўлиши ортидан Озодликка мурожаат қилаëтган Жанубий Кореядаги ўзбек муҳожирлари бу ўзгариш юзасидан икки жиддий хавотирни тилга олмоқдалар.

Биринчидан¸ бу пулларнинг Ўзбекистон банкларидан ола олмаслик эҳтимоли. Ўзбек банкларининг¸ турли баҳона ва сабаб важидан мижозга ўз пулини бермаслик тажрибасидан яхши хабардор муҳожирлар¸ Кореядаги иш берувчи Ўзбекистондаги банкка ўтказадиган 13-ойликнинг орада мутлақ йўқ бўлиб кетишидан чўчимоқдалар.

Бундай хавотирларда эса жон йўқ эмас. Икки давлат Меҳнат вазирликлари ўртасида меҳнат миграциясига оид дастлабки келишувларда ўзбек мигранти ойлигининг 20 фоизини Ўзбекистондан олиши белгиланган эди. Аммо жами қиймати ўнлаб миллионлаб долларни ташкил этган бу пуллар муҳожирга бориб етмай¸ ўртадаги фирибгарлик схемалари воситасида талаб кетилган эди. Кореядаги ўзбек муҳожири оғир меҳнат билан топган бу пулларни кимлар¸ қандай қилиб еб юборгани ҳозирга қадар сир бўлиб қолмоқда – Ўзбекистон тегишли тизимлари бу юзадан билдирилган шикоят ва мурожаатларни жавобсиз қолдирди.

- Бу ерга ҳаммамиз пул деб келганмиз¸ Ўзбекистондаги шароитимизни яхшилай деб келганмиз. Масалан¸ ман битта корхонада ишлаб¸ охирида твежикгимни Ўзбекистондан оласан¸ деса бу катта йўқотиш бўлади. Чунки Ўзбекистондаги мутасадди ходимларнинг қанақа ишлашини¸ масъулиятсизлик даражасини яхши биламиз. Документация¸ унга чоп¸ бунга чоп. Бу ерда тер тўкиб топган ҳалол пулимизни олиш учун у ерда яхшигина тер тўктиришади. Шунда ҳам¸ оламизми¸ йўқми¸ буни ҳеч ким билмайди. Коррупция балоси бор¸ қистир-қистир дейди. Бу ердан бизни мана бу жойга бориб¸ мана бу ердан оласан¸ деб чиройли қилиб тушунтириб¸ кузатиб қўйишди дейлик. Лекин Кореядаги гап Ўзбекистонга тўғри келмаса¸ у ëқда бутунлай бошқа гап айтишса¸ қўлимиздан нима келади? Пулимни бермaяпти деб яна Кореяга келолмаймизку! дейди уч йилдан бери Кореяда ишлаëтган ўзбек муҳожири.

Иккинчи хавотир эса¸ Жанубий Корея ширкати ўзбек банкига долларда юборадиган 13-ойликнинг долларда олиш имконининг йўқлиги билан боғлиқ. Айни кунларда АҚШ долларининг расмий ва қора бозор курси ўртасидаги фарқ қарийб 1000 сўмга етиб қолган ва беш йилда олинадиган 10-13 минг долларлик твежикгимни сўмга кўчиришда муҳожир 3300-4000 долларни йўқотишга мажбур қолади.

- Беш йил бу ерда ишлаб¸ тўпланиб қолган 13-ойликларни Ўзбекистондан олиш¸ катта йўқотиш. Масалан¸ мен ҳозир яна айни заводда қарийб уч йилча ишлайман. Бунинг твежикгими ўртача 4000 доллар бўлади. Бу пулни Ўзбекистонда сўмга чақса¸1500-2000 доллари йўқотилади. Бу Кореядаям¸ Ўзбекистондаям кичик пул эмас¸ дейди ўзбек муҳожири.

Корея расмийлари бу хавотирлардан хабардор¸ лекин қонун-қоида ҳамма учун бир хил...

Озодлик мухбири билан суҳбатда Жанубий Корея Иш билан таъминлаш ва Меҳнат вазирлиги қошидаги Хорижий иш кучи бўлими расмийси Пак Чонг Кил ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг бундай хавотирларидан хабари борлигини эътироф этди.

Аммо Жанубий Кореяга 15 давлатдан махсус давлат дастури доирасида келиб ишлаëтган меҳнат муҳожирларининг барчасига алоқадор бу қарор¸ ўзбекистонликларга ҳам тегишли ва уларнинг буни қабул қилишдан ўзга чораси йўқ¸ деди Сеул расмийси.

"Ўзбекистонга қайтиб кетиш олдидан ўзбекистонлик муҳожир ўз 13-ойликларининг қўлига етиб бориши юзасидан иш берувчи ва суғурта ширкатларидан кафолат олишни унутмасин. Бизнинг вазирлигимиз қонуний муҳожирнинг бу қонуний ҳаққини олишида нима ëрдам керак бўлса¸ беришга тайëрмиз"¸ дея қўшимча қилди Жанубий Корея Иш билан таъминлаш ва Меҳнат вазирлиги қошидаги Хорижий иш кучи бўлими расмийси Пак Чонг Кил .

Жанубий Корея расмийсига кўра¸ ҳозирда мамлакат заводларида давлат дастури орқали келиб легал меҳнат қилаëтган 10 мингдан ошиқ ўзбекистонлик бор. Нолегаллар сонининг эса¸ бир неча ўн мингни ташкил этиши тахмин қилинади.

Тошкентдан ҳозирча шарҳ ҳам¸ кафолат ҳам йўқ

Ўзбекистонликларни Жанубий Кореяга ишлаш учун шартнома асосида юбориш билан Ўзбекистон меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича агентлик шуғулланади.

Кореядаги ўзбек мигрантлари хавотирларига муносабат олиш мақсадида агентлик ўз сайтида қўйган - 214 47 29 телефон рақамига кун давомида қилинган уринишлар натижа бермади. Бу ва агентликнинг алоқа учун тақдим этилган 214 52 03 ва 214 34 85 рақамларидаги телефони гўшагини ҳам кун давомида ҳеч ким кўтармади.

Озодлик Жанубий Корея ҳукумати жорий қилган ўзгартишнинг Ўзбекистонда қандай амалга ошиши юзасидан Тошкент расмийларидан изоҳ олиш уринишларини давом эттиради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG