Линклар

logo-print

Маданият вазирлиги санъаткорларни ишсиз қолдирадиган қарор қабул қилди

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистондаги Муҳиддин Қориёқубов номидаги академик ва халқ бадиий жамоалар дирекцияси билан бадиий жамоалар ижодий бирлашмаси тугатилмоқда. Бу ташкилотларда ишлайдиган ходимларга тақдим қилинган огоҳлантириш мактубида уларнинг янги иш жойи топиши учун икки ой муҳлат берилган. Ўзбекистонлик санъаткорлар бу қарор ижроси оқибатида уларнинг кўпчилиги ишсиз қолишидан хавотир билдирмоқда.

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирининг 402-сонли буйруғига кўра, 11 апрелдан бошлаб Муҳиддин Қориёқубов номидаги академик ва халқ бадиий жамоалар дирекцияси фаолияти тўхтатилади.

Дирекция раиси Ўлмас Саиджонов имзоси билан ходимларга тақдим этилган мактубда санъаткорлар билан шартнома муддати тугаганлиги ҳақида огоҳлантирилган:

“27 майгача бўлган муддатда сиз янги иш жойи қидиришингиз учун иш ҳақи сақланиб қолинадиган ҳафтасига битта эркин кун олиш ҳуқуқига эгасиз”, дейилади мактубда.

Худди шундай мазмундаги огоҳлантириш мактуби Маданият ва спорт вазирлиги қошидаги бошқа бадиий жамоаларга ҳам тарқатилган.

Муҳиддин Қориёқубов номидаги академик ва халқ бадиий жамоалар дирекциясининг ўзини таништирмаган мулозими ҳамма бу қарордан ташвишга тушиб қолганини айтади:

- Билмадик, биз ҳам тушунмай қолдик. Мажлисда вазирликдан қатнашган одам айтдики, бир-икки ҳафтада янги ташкилот тузилади деб. Кўпчилик иш ўрнини йўқотиб қўяман деб, ташвишга тушган, деди мулозим.

“Туркистон” камера оркестри дирижёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, профессор Элдор Азимов ҳам бу ўзгаришлар санъаткорлар фаолиятига салбий таъсир қилишидан хавотир билдирди:

- Мен ҳам ҳайрон бўлиб турибман, нега бундай қилинаётганининг негизига етолмадим. 22 йил олдин филармония бор эди, Ўзбекконцерт бор эди. Кейин ақлли одамлар буни парчалаб ташлашди. Энди яна бирлаштирмоқчилар. Билмадим, балки кимгадир жой керакми, билмайман, ҳозирча қоронғи. Буни тагида одамларнинг тақдири бор. Мисол учун пенсияга чиқишига бир-икки йил қолганлар қаердан иш топади, дейди Элдор Азимов.

Профессор икки катта жамоа бирлашганидан кейин қисқартиришлар бўлишидан ва одамлар ишсиз кўчада қолишидан чўчиётганини айтади:

- Одамлар тақдирини ўйлаш керак. Агар бу икки жамоани бирлаштирсак 700 га яқин одам бўлади. Булар кейин шу 700 ни тозалашни, ғалвирдан ўтказишни бошлайди. Кетганлар қаердан иш топади? Масалан, бутун умрини хор санъатига бағишлаган одам қаёққа боради, чунки бошқа хор йўқ бизда. Буни қаттиқ ўйлаш керак, деди “Туркистон” камера оркестри дирижёри, профессор Элдор Азимов.

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда бу ўзгаришлар санъат ва санъаткорлар учун қилинаётганини айтди:

- Муҳиддин Қориёқубов номидаги академик ва халқ бадиий жамоалар дирекцияси билан бадиий жамоалар ижодий бирлашмаси бирлаштирилиб оптимизация қилинади. Чунки икки ташкилотнинг фаолияти бир хил. Шунинг учун улар ўрнига Ўзбекистон бадиий жамолари бирлашмаси тузилади. Янги техник ва моддий база яратилади. Санъаткорларнинг огоҳлантириш мактубларидан хавотирланишига ҳожат йўқ. Ансамбллар жойида турибди. Фақат бошқатдан меҳнат шартномаси тузиши керак бўлади, деди вазирлик мулозими.

Таркибига Давлат хори, “Туркистон” камера оркестри, “Мумтоз” классик ансамбли, Муножот Йўлчиева ижодий гуруҳи, “ўзбекистон” Давлат қўшиқ ва рақс ансамбли, Тўхтасин Жалилов номидаги Давлат халқ чолғу оркестри, Ботир Зокиров номли эстрада-симфоник оркестри ва “Ўзбекистон солистлари” камера ансамбли кирадиган Муҳиддин Қориёқубов номидаги академик ва халқ бадиий жамоалар дирекцияси мустақиллик йилларида Ўзбекистон Давлат филармонияси ўрнига ташкил қилинган эди.

Ўзбекистон бадиий жамоалар ижодий бирлашмаси эса 2005 йилда ташкил этилиб, у “Дуторчилар”, “Мақом”, “Булбулча”, “Мухаллас”, “Қўшиқ ва рақс”, “Сайқал”, “Сайёр гуруҳ” каби ансамбллар ва “Гулёр” фольклор гуруҳидан таркиб топган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG