Линклар

"Иегов гувоҳлари" диний гуруҳининг Европа уюшмаси раҳбари Луко Тоффоли 15-16 апрель кунлари Тошкентда Дин ишлари бўйича қўмита расмийлари билан сўзлашувлар ўтказди.

Мазкур сўзлашувлар ортидан Озодликка гапирган Тоффоли ўз диний ташкилотининг яқин фурсатда Ўзбекистонда тўлиқ рўйхатга олинишига умид қилаётганини айтди:

- Тошкентда ўзбек мулозимлари билан ўтказган сўзлашувлар бизда шундай умидларни пайдо қилмоқда. Энг асосийси¸ Ўзбекистон томони билан мулоқотни йўлга қўйдик ва бу мулоқот ижобий натижаларни беради, деди пайшанба куни Тошкентдан Брюсселга қайтиб келган “Иегова гувоҳлари” диний жамоаси вакили Тоффоли.

Насроний оқимларидан бири бўлган “Иегов гувоҳлари” сектаси аъзоларининг Ўзбекистонда бошқа аксар диний гуруҳлар каби тазйиқларга учраши айтилади.

Тоффолининг Тошкентга сафари арафасида Бухорода 11 апрель куни “Иегов гувоҳлари”нинг олти фаоли ноқонуний миссионерлик фаолиятда айбланиб ҳибсга олинди.

9 апрел2 куни Ўртачирчиқ туманида исломдан чиқиб, “Иегов гувоҳлари” сектасига аъзо бўлган 68 яшар чолнинг майитини мусулмонлар ҳам¸ насронийлар ҳам ўз қабристонида дафн қилишга рухсат бермади.

Озодлик мухбири билан суҳбатда “Иегов гувоҳлари” диний жамоаси етакчиларидан бири ўз сектаси жаҳон бўйлаб бундай тазйиқларга кўникиб қолганини айтади:

- Жамоамиз бу каби тазйиқларга доим юз тутиб келган. Тошкентдаги сўзлашувларда асосий эътиборни ташкилотимизни рўйхатга олиш масаласига қаратдик. Чунки Ўзбекистонда рўйхатдан ўтмаганимиз фаолиятимиз учун асосий тўсиқ бўлмоқда. Рўйхатдан ўтмаган ҳар қандай фаолият, биласиз, Ўзбекистонда ноқонуний ҳисобланади. Бошқа мамлакатларда рўйхатдан ўтиш керак, деган талаб йўқ. Ўзбекистон ва бошқа айрим мамлакатлардагина бор бундай талаб. Умид қиламиз, яқин фурсатда Ўзбекистонда рўйхатдан ўтамиз ва ана шунда бошқа муаммолар ҳам ўз ўзидан ҳал бўлади, деди Тоффоли.

Вашингтонда жойлашган Пью тадқиқот маркази ўтган ҳафта "Динлар хилма – хиллиги индекси”да Ўзбекистон 232 мамлакат орасида охирги ўринлардан бирини эгаллади.

Аҳолисининг қарийб 90 фоизи Ислом динига эътиқод қиладиган Ўзбекистонда бошқа дин вакиллари жуда озчиликни ташкил этади.

"Иегов гувоҳлари" фаоли Тоффоли сўнгги бир йил ичида Ўзбекистонда диний эркинлик вазияти яхши томонга ўзгараётгани, бошқа ташкилотлар қатори "Иегов гувоҳлари" ташкилотига ҳам шароитлар яратилганини айтади:

- Ўзбекистонга ташрифимиз чоғида Чирчиқда диний тадбир ўтказдик. Ўзбекистон бўйича фақат Чиқрчиқда Мен четдан қараб ўзбекистонликлар жуда бағрикенг халқ эканига, бошқа дин вакилларини ҳурмат қиладиган халқ эканига гувоҳи бўлдим, дейди “Иегов гувоҳлари” диний жамоаси вакили Тоффоли.

Ўзбекистонда "Иегов гувоҳлари" диний ташкилотининг дастлабки секталари ўтган асрнинг 50-йилларида пайдо бўлган ва норасмий равишда фаолият қилиб келган.

90- йиллар бошида ташкилотнинг иккита бўлими Фарғона ва Тошкент вилоятларида очилди. 2006 йилда улар Ўзбекистон қонунчилигини бузганликда айбланиб¸ қайта рўйхатга олинмади.

Ҳозир "Иегов гувоҳлари"нинг фақат Чирчиқда бўлими очиқ фаолият юритади.


Ташкилот фаолияти Хитой, Шимолий Корея, Туркманистон, Тожикистон, Саудия Арабистони, Эрон, Ироқ ва бошқа бир қатор мамлакатларда тақиқланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG