Линклар

Тошкент Тиббиёт педиатрия институти қошидаги академик лицейи ўқувчиси 16 апрель куни Учтепа туманидаги Уйғур кўчасида осилган ҳолда топилди. Озодликнинг расмий манбалардан олган маълумотига кўра, дастлабки текширувлар ўқувчининг ўзини ўзи осганини аниқлаган. Бироқ ўқувчи яқинлари унинг ўз ўқиш ва яшаш жойидан анча олисда ўз жонига қасд қилиши мумкинлигини савол остига қўймоқда.

16 апрель куни эрталаб соат 5 ларда Тошкент Тиббиёт педиатрия институти қошидаги академик лицей ўқувчисининг Учтепа туманидаги Уйғур кўчасидаги дарахтлардан бирида осилиб ётганини маҳалладагилардан бири кўриб қолиб, милицияга хабар берган.

Учтепа туман ҳуқуқ-тартибот идорасидаги Озодлик манбаси бу хабарни тасдиқлар экан, биринчи текширувлар 19 яшар йигит ўзини-ўзи осган деган хулосага келганини айтади:

“Бу бола академик лицейнинг 3-курс ўқувчиси бўлган экан. Учтепа туманининг Оқтепа маҳалласида жойлашган Касб-ҳунар коллежидан чиқишдаги Уйғур кўчасидаги дарахтлардан бирига осилган ҳолда топилган. Исми шарифи ҳозир эсимда йўқ. Ёнида телефони бўлган холос. Шахсини ўша телефон орқали аниқладик”, деди Озодликнинг исми-шарифини очиқланмаëтган манбаси.

Унга кўра, ўқувчи Учтепа туманининг 20-мавзесида истиқомат қилган, лицей эса осилган жой Оқтепадан анча олисда жойлашган Мирзо Улуғбек туманида бўлган.

Озодликка келган мактублардан бирида, исмини очиқламаган, марҳумни танийдиган шахс унинг ўзини ўзи осганига шубҳа билдиради:

“Ўзини ўзи осган дейишаяпти. Бунга ишонмайман. Ўзини осса уйида ёки уйига яқин жойда осади. 20-кварталдан Оқтепага бориб катта кўчада осмайдику. Нима воқеа бўлса ҳам бу ўша тунда бўлган”, дейилади мактубда.

Озодлик олган маълумотга кўра, бу иш юзасидан жиноят иши очилган ва Учтепа тумани прокуратураси тергов-суриштирув ишларини олиб бормоқда.

Озодлик бу воқеа тафсилотларини ўрганишда давом этади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG