Линклар

Ашраф Ғани собиқ дала қўмондонлари билан "яраш аҳди"ни тузишга ваъда берди


Ашраф Ғани

Ашраф Ғани

Афғонистон президентлигига номзод Ашраф Ғани президент этиб сайланган тақдирда миллий бирлик ҳукуматини тузиб, унга айрим собиқ дала қўмондонлари ҳам киритишини айтди.

17 апрель куни Озодлик радиосига экслюзив интервью берган Ашраф Ғани ҳарбий жиноятларга масъул бўлганларни жавобгарликка тортмасдан, унинг ўрнига “ҳақиқий яраш аҳди”ни тузишга ваъда берди.

Сиёсатчига кўра, Афғонистон ўтмиш ботқоғига ботиб қолса ўз келажагидан айрилиши мумкин.

Аввалги чиқишларида Ашраф Ғани мамлакатдаги фуқаролар урушига алоқаси борларга нисбатан қаттиққўл позицияга эга эканини айтиб келган.

Шунингдек, Ашраф Ғани президент этиб сайланган тақдирда қонун устиворлигини таъминлаш ва Афғонистонни хорижий ёрдамга қарамликдан қутқара оладиган иқтисодий тизимни ўрнатишни мақсад этганини айтди.

Афғонистон президентлигига асосий номзодлардан бири сифатида кўрилаётган Ашраф Ғани 5 апрель куни ўтган сайловларда ғолиб чиқишига ишонч билдирмоқда.

Президент сайловларининг дастлабки натижалари 24 апрелда эълон қилиниши керак.

Ашраф Ғани агар сайловда ғолиб чиқса, ўзбек миллатига мансуб афғон генерали Абдурашид Дўстумни биринчи вице-президент этиб тайинлашни ваъда қилган.
XS
SM
MD
LG