Линклар

Жиззахлик бош шифокор пора билан қўлга тушди. Озодбек Назарбеков хатолари учун мухлислардан узр сўради. Тошкентда газ баллони қўйилган машина портлади. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

“Ўзбекистонда сел-тошқин хавфини ўрганиш учун аэровизуал кузатув олиб борилмоқда”

Тошкент, Наманган, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг қор қатлами ва сел оқими хавфи бор тоғли ҳудудларида аэровизуал кузатув олиб борилмоқда (“Ўзбекистон овози”, 17 апрель).

2014 йилда республика бўйича аҳоли ва ҳудудларни сел-тошқинлар, ер кўчки ҳодисалари билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш мақсадида 14 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилган.

Сув тошқинлари олдини олиш мақсадида сув омборлари, селхона ва сел йўллари ҳам ўрганилмоқда. Қайд этилишича, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги уяли алоқа операторлари орқали об-ҳавонинг кескин ўзгариши ва фавқулодда вазиятлар эҳтимоли ҳақида 70 дан ортиқ SMS юборган.

“Жиззахлик бош шифокор пора билан қўлга тушди”

Жиззах вилояти эндокринология диспансери бош шифокори Абдуваҳоб Рўзимуродов порахўрлиги ва таъмагирлиги учун қамалди (“Ҳуқуқ”, 17 апрель).

Диспансерда бепул тиббий ёрдам кўрсатилиши белгиланганига қарамай, бош шифокор беморлардан мунтазам пул ундиришни йўлга қўяди. Хусусан, бўлим бошлиқларидан ҳар ойда бир неча миллион сўмдан пул йиғиб беришни талаб қилади.

Бош шифокор ходимларни ишга олишда ҳам пора талаб қилади, масалан, М.Оқиловани ҳамшира вазифасига қабул қилиш учун 300 АҚШ доллари ва 185 минг сўм пора олади. Бундан ташқари, Рўзимуродов турли баҳоналар билан ходимларидан пул йиғади, қўл остидагилар номига мукофот пули ёзиб ўзлаштиради. Қайд этилишича, бош шифокорга қонун доирасида адолатли жазо тайинланган.

“Тошкентда газ баллони қўйилган машина портлади”

Тошкент ҳалқа йўлининг Наманган-Тошкент автомобиллар тўхташ жойи яқинида Элёржон Халилов бошқарувидаги “Нексия-2” автомашинасининг газ баллони портлади (“Оила даврасида”, 17 апрель).

Портлаш натижасида учиб кетган газ баллони Абдунаби Халилов бошқарувидаги ВАЗ-21063 автоуловининг орқа эшигига урилиб, катта шикаст етказган.

Уловининг портлаш натижасида отилиб чиққан баллони эса бошқа бир “Нексия”га урилган. Фалокат оқибатида 6 нафар йўловчи жиддий азият чеккан ва шифохонага ётқизилган.

“Автомобил эгалари газ баллони ускуналарини дуч келган жойдан харид қилиб, қўлбола усулда ўрнаттиришмоқда. Уловни газга мослаштиришнинг техник нозик жиҳатларини эътибордан четда қолдиришмоқда. Оқибатда эса жуда хунук воқеалар содир бўлмоқда”, дея вазиятни изоҳлаган газета.

“Спорт тўгараклари тўлови отнинг калласидек экани ота-оналарга оғирлик қилмоқда”

Тошкент шаҳридаги мактабларда ташкил этилган спорт тўгараклари тўлови отнинг калласидек экани ўртаҳол оила вакилларида эътироз уйғотмоқда (“Новий век”, 17 апрель).

Масалан, Яккасарой тумани 89-мактабдаги шарқ яккакураши тўгараги ойлик тўлови 35 минг сўм, Миробод тумани 110-мактабдаги бадиий гимнастика тўгараги ойлик тўлови 70 минг сўмни ташкил этмоқда. Бу эса қўли калта оила вакилларига оғирлик қилмоқда.

Газетанинг ёзишича, ўртаҳол оила фарзандларини ҳам спортга жалб этиш муҳим. Шу мақсадда спорт тўгараклари фаолиятини Болалар спортини ривожлантириш фонди маблағи ҳисобидан бепул ташкил этиш лозим.

“Сирдарёда болафуруш фоҳишалар ушланди”

Сирдарё вилоятида болафурушлик қилган фоҳишаларга нисбатан суд жараён якунланди (“Адолат кўзгуси”, 17 апрель).

Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича вилоят суди судяси Улуғбек Жумаев маълум қилади. Маҳкама жараёнида битта қўшмачи ва вояга етмаган бир неча фоҳиша устидан ҳукм чиқарилган.

Исми ошкор этилмаган фоҳишалар “ишлашимга халақит беряпти”, деган важ билан танафурушлик фаолияти давомида орттирган икки чақалоғини мўмай пул эвазига сотиб юборган.

Чақалоқ сотган ва қўшмачилик қилган аёлларга 4 йилу 6 ойдан озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

“Криша”лар ҳомийлигидаги бозорлар сўм қадрсизланишига сабаб бўлмоқда”

Ароқ-винонинг ноқонуний савдоси Ўзбекистон миллий валютаси – cўмнинг банкларга эмас, сандиққа тушиб, жамият корига ярамаётганига ва қадрсизланишига сабаб бўлмоқда (“Диёнат”, 17 апрель).

“Ўйлаб суриштирса, туманда тўрттагина “спиртной” билан қонуний савдо қиладиган дўкон бор экан. Аслида-чи? Нечталигини ҳеч ким билмайди. Пистанинг панасида “Магарач” сотувчилар-чи? Уйнинг деразасини тақиллатилса кундир-тундир ёшларнинг ҳожатини раво қилувчилар-чи?” дея вазиятни Наманган тумани мисолида таҳлил қилади журналист.

Муаллиф, шунингдек, “криша”лар ҳомийлигида фаолият юритаётган ноқонуний бозорларни ҳам танқид қилади.

“Индустрия шундай. Ҳам бўйидан, ҳам энидан уради. Унинг ноқонуний савдоси пул тақчиллигини келтириб чиқаради. Банкларни очқатиб қўйишга қодир”, деб ёзади у.

“Озодбек Назарбеков: 40 ёшимда сочим тўкилади деб ўйламагандим”

Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков Тошкентдаги концерт дастурида айрим хатолари учун мухлисларидан узр сўради (“Даракчи”, 17 апрель).

“Забардаст устозлар сизларни йўқотишдан қўрққан. Улар олдида мен кимман? Шунинг учун хатоларим бўлса, кечиринглар”, деган Назарбеков мухлисларига қарата.

6 апрель куни бошланган ва 16 кун давом этадиган концерт давомида хонанда 24 та қўшиқни жонли куйламоқда. Газета хабарига кўра, Озодбек Назарбеков аёлларга қарата “40 ёшда сочим тўкилиб кетади деб ўйламагандим. Сизлар ёмонсизлар”, дея мурожаат қилган.

“Европага Урганч орқали учиш мумкин”

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси 2015 йилнинг 25 мартидан Тошкент-Урганч-Вена-Тошкент рейсини йўлга қўяди (“XXI аср”, 7 апрель).

Янги авиайўналишлар ҳақидаги хабар ишончли манбаларга асослангани таъкидланган. Шунингдек, 2015 йилнинг 28 мартидан Тошкент-Мюнхен-Урганч-Тошкент, 19 апрелидан эса Тошкент-Париж-Урганч-Тошкент авиақатнови йўлга қўйилади.

Янги авиайўналишлар 2013-2015 йиллари Хоразм вилоятида туризмни ривожлантириш дастури асосида ишга туширилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG