Линклар

logo-print

Яманда ўзбек шифокори беш кундан буён гаровда қолмоқда


Ўзбекистонлик шифокорлар асосан, Яманнинг қишлоқларида ишлайди.

Ўзбекистонлик шифокорлар асосан, Яманнинг қишлоқларида ишлайди.

Яманнинг Мариб вилояти Серваҳ туманидаги маҳаллий қабила вакиллари 57 яшар ўзбекистонлик шифокор Мўмин Солиевни беш кундан буён гаровда ушлаб турибди. Яман Ички ишлар вазирлиги расмийларига кўра, ўзбек шифокорини гаровгирлар қўлидан озод этиш учун ўнлаб зирҳли машиналар жалб қилинган.


Яман Ички ишлар вазирлиги ўзбекистонлик шифокор Мўмин Солиевни Серваҳ туманидаги Ал Тўайман қабиласининг одамлари олиб қочганини тасдиқлади. Бу ҳақда вазирликнинг расмий сайтида эълон қилинди.

Ички ишлар вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими вакили Муҳаммад Низомнинг Озодликка айтишича, вазирликнинг 113 бригадаси кучлари ҳарбий машиналарда Сарваҳ туманига жўнатилган. Улар қабила вакилларидан шифокорни озод этишни талаб этмоқда.

Солиев Россиянинг "Здравэкспорт" ширкати билан шартнома асосида бундан етти йил аввал Яманга келган.

"Здравэкспорт" вакиллари Озодлик билан суҳбатда ўзбекистонлик шифокор Россия каналлари орқали Яманда ишлаётгани боис уни иши билан Россиянинг Санадаги элчихнаси шуғулланаётганини айтишди.

Ямандаги Россия элчихонаси шифокорнинг тез фурсатда озод этилишига умид қилмоқда.

Элчихона вакилининг Озодликка айтишича, Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси ҳам ўз фуқаросининг тақдири билан қизиқмоқда.

- Кеча Ўзбекистон элчихонаси вакиллари ҳам бизга чиқишди. Улар ҳам шифокор тақдири билан қизиқмоқда, - деди элчихона расмийси.

Марибдаги давлат касалхонасида анестезиолог варч бўлиб ишловчи Солиев 14 апрель куни маҳаллий вақт билан кечки соат 4 яримларда аҳоли гавжум бозорда олиб қочилган.

Гувоҳларга кўра, якшанба куни номаълум қуроллилар ўзбекистонлик шифокорни 1999 йилда ишлаб чиқарилган Toyota 4x4 жип машинасида олиб кетишган.

Ҳозир уни озод қилиш йўлида Яман ҳукумат хавфсизлик идоралари Ал Тўайман қабиласи вакиллари билан музокаралар олиб боряпти.

Маҳаллий кузатувчилар ҳукумат куч ишлатиш йўли билан хорижлик шифокорни озод этилишига эришиб бўлмаслигини айтишмоқда.

"Yaman times" нашрига кўра, Марибдаги йирик қабилалардан ҳисобланган Мурод қабиласи вакиллари шифокорни озод этишда Ал Тўайман қабиласи билан музокара қилишга тайёрлигини айтган.

Шифокорни ўғирлаб кетган шахсларнинг талаблари қандай эканлиги номаълум. Яманда хорижлик шифокорларнинг Ал Қоида билан алоқадор гуруҳлар тарафидан олиб қочиши тез-тез рўй беради.

Одатда хорижлик шифокорларни олиб қочган қабила вакиллари бундан беш йил аввал ҳукумат кучлари томонидан амалга оширилган ҳаво зарбаларидан ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳукуматдан товон пули ундириш ва айбдорларни жавобгарликка тортишни талаб этишади.

Бу ҳужум оқибатида тинч аҳоли вакилларидан 45 одамнинг ҳалок бўлгани айтилади.

Яманда собиқ Иттифоқ давлатлари, хусусан Марказий Осиё давлатларидан бўлган кўплаб мутахассислар ишлашади.

Аввалроқ Яманда ишловчи ўзбекистонлик шифокорлардан бири Озодлик билан суҳбатда, бу мамлакатда беш мингдан зиёд ўзбекистонлик ишлашини айтган.

Сешанба куни Мариб касалхонаси олдида юзлаб яманлик ўзбекистонлик шифокорнинг олиб қочилишига норозилик билдириб намойиш ҳам ўтказди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG