Линклар

Сўнгги уч кун ичида Ўзбекистон “қора бозор”ида 1 АҚШ долларининг қиймати 3000 сўмдан ошди. Бир ҳафта илгари Тошкент “қора бозор”да саррофлар 1 АҚШ доллари учун 2980 сўм таклиф этган бўлса, ҳозир улар долларни 3050 сўмдан олишяпти.

18 апрель куни бир АҚШ доллари "қора бозор"да уч минг сўмдан кўпроқни ташкил этди.

- Доллар кўтарилди. Олиш 3050, сотиш 3100 сўм бўляпти, - дейди Тошкентнинг Паркент бозоридаги саррофлардан бири.

Хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан Ўзбекистон Марказий банки белгилаган расмий қийматларида эса ошиш сезилмайди.

Ўзбекистон Марказий банки маълумотига кўра, 18 апрел куни 1 АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати 2272.02 сўмни ташкил қилди.

Бу долларнинг сўмга нисбатан ўтган ойдаги расмий қийматидан деярли фарқ қилмайди.

Ўзбекистонда ҳукумат ўтган йилнинг феврал ойидан жисмоний шахсларга нақд хорижий валюта айирбошлашни тақиқлагани, ғайриқонунуний валютафурушларга қарши курашни кучайтирганига қарамай “қора бозорда” доллар ошишда давом этмоқда.

Кузатувчилар Ўзбекистонда сўмнинг қора бозорда хориж валюталарига нисбатан қурби пасайишини қўшни давлатларда доллар ва евронинг миллий валюталарга нисбатан қиймати ошгани билан боғлашмоқда.

Жумладан, Россияда сўнгги ойларда доллар ва евронинг курси рекорд даражада ошди. Ҳозир Россияда бир доллар 36 рублни ташкил этмоқда, бир евро эса қарийб 50 рублга яқинлашиб қолган.

Қозоғистоннинг тангаси ҳам сўнгги ой ичида 20 фоизга қадрсизланди. Бир АҚШ доллари Қозоғистонда 150 танга атрофида бўлиб келган бўлса, ҳозир доллар курси Қозоғистонда 180 тангадан ошган.

Қозоғистонда фаолият юритаётган иқтисодчи Сафарбой Жубаевга кўра, бунинг таъсири Ўзбекистонда ҳам кузатилмоқда.

- Ўзбекистонга хорижий валюталар, асосан, Россия ва Қозоғистондан оқиб келади. Бу мамлакатлардаги ўсиш ва тушишлар бевосита Ўзбекистон қора бозоридаги доллар ёки евронинг курсига ҳам таъсир қилади. Сўнгги ойлар ичида Россия ва Қозоғистонда доллар курси кўтарилди. Бунинг натижасида Ўзбекистонга доллар оқими камайди. Ўзбек муҳожири аввал 1000 доллар юборган бўлса, девальвация сабаб ҳозир 800 доллар юборади. Доллар оқими камайгани ўз навбатида бу “қора бозор”да долларга талабни оширди, - дейди Жубаев.

Иқтисодчиларга кўра, Ўзбекистон “қора бозор”да сўмнинг қадрсизланаётгани истеъмол бозоридаги нархларга ҳам таъсир этмай қолмайди. Асосан импорт қилинадиган истеъмол моллари нархининг ошиши мумкин.

Тошкентнинг Чорсу бозорида савдо қиладиган Жаҳонгир Шосалимовага кўра, доллар курси ошгани аллақачон бозордаги нарх-навода акс эта бошлаган.

- Нафақат импорт моллари, мамлакатда ишлаб чиқарилган махсулотларнинг баҳоси ҳам ошди. Бозорга мол олиб чиққан одам махсулотни доллар курсига қараб сотади-да. Кийим-кечакни Хитойдан, Туркиядан долларда келтиради ва шунга мос нархда сотади-да. Бозорда мева-сабзавот нархлари ҳам ошди. Бундан аввал газ, сув, электр ошди. Сўм қадрсизланяпти. Сўнгги икки ой ичида 20 фоизга қимматлаш бўлди, - дейди Жаҳонгир Шосалимов.

Доллар курсининг ошиши “GM-Ўзбекистон” қўшма корхонасининг Асакадаги заводида ишлаб чиқарилган машиналар нархига қандай таъсир қилади?

Буни билиш учун Озодлик мухбири Тошкентдаги автосалонлардан бирининг сотувчисига боғланди.

- Қора бозорда валютани қиймати ошган сари валютада сотиладиган машиналарнинг нархи пасаяди. Чунки, бизда машинана нархи маълум суммада белгиланади. Ҳисоб-китоб валютада ҳисобланади. Сўмдаги нархини валютага ўзгартирганда валютадаги нархи келиб чиқади, - дейди автосалон ходими.

Айни пайтда айрим ўзбекистонликлар йиғиб қўйган долларларини "қора бозор"га бориб сўмга алмашришга шошилишмаяпти.

- Чунки доллар курси яна ошади, деган гап бор. Атрофда "ностабил"ликлар, банклардаги бугунги аҳвол, валюта етишмовчилиги шундай тахминларга асос бўлмоқда, - дейди тошкентлик Жаҳонгир Шосалимов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG