Линклар

Президент намунавий уйларининг эгалари "емаган сомса" учун пул тўламоқда


Президент Каримов ғояси бўлган намунавий уйлар билан боғлиқ муаммолар ҳақида Озодлик биринчи марта хабар қилаётгани йўқ.

Президент Каримов ғояси бўлган намунавий уйлар билан боғлиқ муаммолар ҳақида Озодлик биринчи марта хабар қилаётгани йўқ.

Самарқанд вилояти Иштихон туманида қурилаётган намунавий уйлар вақтида битирилиб, эгаларига топширилмаяпти. Шунга қарамай уй эгалари банкдан олган қарзлари устама фоиз ҳақини тўлашга мажбурланмоқда. Бу муаммо билан Озодликка мурожаат қилган иштихонлик намунавий уй эгаларидан бирининг айтишича, шартнома бўйича мажбурияти бўлган Қишлоқ Қурилиш банки ҳам, Қишлоқ қурилиш инвест ширкати ҳам муаммони ҳал қилиш истагини билдираётгани йўқ. Уй эгаси номидан бу ташкилотларга мурожаат қилган Озодлик уй эгаларига нисбатан бор онанга, бор отанга қабилида муносабат бўлаётганига гувоҳ бўлди.



Самарқанд вилояти Иштихон тумани Митан қўрғонида қурилаётган намунавий уйлар ўтган йилнинг сентябрида тугатилиб, эгаларига топширилиши керак эди, дейди Озодликка шахси сир қолиши шарти билан гапирган иштихонлик.

Унинг айтишича, 140 миллион сўм турадиган уйнинг пули Қишлоқ қурилиш инвест ширкати билан тузилган шартнома бўйича давлатга қаршли бу ташкилотга ўтказиб берилган.

Уй нархининг бир қисми Қишлоқ қурилиш банкидан олинган ипотека кредити ҳисобидан қопланган. Уй вақтида қуриб битирилмаганига қарамасдан, кредитнинг устама фоиз ҳақини тўлаб бориш мажбурияти уй эгалари зиммасида сақланиб қолмоқда.

Бунда уй эгалари билан тузилган шартномага кўра, қурилиш ишлари мажбуриятини олган Қишлоқ қурилиш инвест ширкати Қишлоқ қурилиш банкининг шўъба корхонаси ҳисобланганига қарамай, намунавий деб аталаётган уйнинг вақтида қуриб битирилмагани банк томонидан инобатга олингани йўқ. Натижада уй эгалари кредит бўйича тўлаётган устама фоиз ҳақи ҳажми ҳам ошмоқда.

Озодлик билан гаплашган уй эгасининг айтишича, у ойига 473 минг сўмдан тўлашда давом этмоқда.

Озодлик мухбири унинг номидан Қишлоқ қурилиш банки Республика бошқармаси ҳамда Қишлоқ қурилиш инвест ширкати Самарқанд вилояти бўлими вакиллари билан гаплашди.

Банк ипотека бўлимининг ўзини таништирмаган расмийси бу банкнинг муаммоси эмас, уй эгасиинг муаммоси, қабилида жавоб берди. Унинг айтишича, уй битадими, битмайдими, бу президент ташаббуси билан қурилган намунавий уйни сотиб олганларни устама ҳақини тўлаш мажбуриятидан озод қилмайди.

- Кредит шартномада уйга кўчиб ўтгандан кейин фоиз тўлайди деган жойи йўқ. Сиз кредит шартнома қилган кунингиздан бошлаб¸ кредит ажратилгандан кейин фоиз тўлайверасиз. Кредит шартнома қилингандан кейин кредит шартнома ажратилади. Кредит ажратилган кундан бошланади фоиз тўланиши. Агар сизга кредит ажратилмаса¸ сизнинг уйингиз қайси маблағ ҳисобидан қурилади? Сиз тўлаган первоначалний ва кредит ҳисобидан қуриладида. Қурилишни битказмаган бўлса¸ инженеринг компанияга мурожаат қилингда.

Бунк расмийсининг яна айтишича, шартнома бўйича қурилиш учун жавобгар ташкилот банк таркибидан чиққани боис, барча эътирозлар Қишлоқ қурилиш инвест ширкатига билдирилиши лозим.

- Қишлоққурилишбанк билан Қишлоққурилишинвест алоҳида ташкилот. Қишлоққурилишинвест сиз билан шартнома қилган уй-жойни под ключ топшириш бўйича. У алоҳида ташкилот. У Қишлоққурилишбанкнинг ичида эди олдин шўъба корхона. Ўтган йилдан бошлаб у алоҳида ташкилот ҳисобланади, деди Қишлоқ қурилиш банки ходими.

Лекин уй эгалари билан шартнома тузилаётган пайтда Қишлоқ қурилиш инвест ширкати Қишлоқ қурилиш банкининг шўъба корхонаси бўлганку, деган саволга банк ходими жавоб бера олмади.

Озодлик мухбири давлатга қарашли Қишлоқ қурилиш инвест ширкати Самарқанд вилояти бўлимининг Ильич Очилов исмли мутасаддиси билан ҳам гаплашди. Ильич Очилов Иштихонда уйлар вақтида битирилмаганини тан олди. Лекин бунда ўз ташкилотининг айби йўқлиги, ҳамма айб пудратчи ташкилотда эканини таъкидлади Ильич ака.

- Тушунаяпман. Мен ҳозир ўзим қурувчига хат олиб юриб¸ прокуратурага бермоқчи бўлиб юрибман, дейди Қишлоқ қурилиш инвест вакили.

Ильич Очилов прокуратурага бериш билан таҳдид қилаётган пудратчи фирманинг Ойбек исмли мутасаддиси билан Иштихондаги намунавий уй эгасининг ўзи гаплашган. Ойбек Озодликк мурожаат қилган бу иштихонликка уйни ўзи қуриб битказишини маслаҳат қилган.

“Ойбек, уйни ўзингиз қуриб битказинг, кейин ўзим пулини тўлаб бераман, деб айтди”, дейди шахси сир қолишини сўраган Озодлик муштарийси.

Ўзбекистон бўйлаб президент Ислом Каримов ғояси ва ташаббуси билан қурилаётган намунавий уйларга доир муаммолар ҳақида Озодлик биринчи марта хабар қилаётгани йўқ.

Ўзбекистон расмийларининг ўзлари ҳам қурилаётган намунавий уйлар сифати қониқарли эмаслигини тан олишган.

Озодлик шунигндек, давлат дастурига кўра қурилаётган ва баъзи ҳолларда тадбиркорларга мажбурий сотилаётган уйларни қуриш харажатларининг бир қисми ўқитувчи ва шифокорлар зиммасига юкланаётгани тўғрисида ҳам хабар қилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG