Линклар

Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида ишхонада намоз ўқийдиган шахслар бошлиқлар томонидан босимга учраяпти. Бу ҳақда Озодликка хабар берган тўрткўлликларга кўра, ташкилотлар раҳбарлари ишхонада намоз ўқишни қаттиқ тақиқлаб қўйган.

Тўрткўл туманидаги касалхоналардан бирида ишлайдиган шифокор Суҳроб Вафоев (исми шарифи ўзгартирилган - таҳр.)нинг Озодликка айтишича, ишхонада намоз ўқимаслиги ҳақида бошлиғи томонидан қаттиқ огоҳлантирилган:

- Биз кундуз куни ишда бўламиз, баъзан кечқурун сменада турамиз. Пешинни ёки бошқа намозларни иш жойимизда ўқишга тўғри келади. Бу катталарга ёқмаяпти ва менга намоз ўқишни тақиқлашди. Секин бошлиқдан сўрасам, “юқоридан буйруқ келган, намоз ўқилмасин, агар ходимларингиз гапга қулоқ солмаса, бизга бу ҳақда хабар беринг дейилган”, деб айтди,- деди Суҳроб Вафоев.

Шифокорнинг айтишича масжидга мунтазам қатнаб намоз ўқиш ҳам хавфли бўлиб қолди:

- Масжидларга ҳам камералар қўйиб ташланган. Ёшлар мунтазам қатнаб ўқийдиган бўлса дарров хатга тушади. Шунинг учун уйда ёки иш кабинетимизда ўқиб оламиз,- дейди Суҳроб Вафоев.

Суҳбатдошнинг айтишича, Тўрткўлдаги барча корхона ва ташкилотларнинг раҳбарларига шундай топшириқ берилган.

Ўғли ҳукумат идораларидан бирида ишлайдиган тўрткўллик муштарий ҳам иш жойларида намоз ўқиш қатъий тақиқланганини айтади:

- Ишхоналарда рухсат йўқ. Бу фақат Тўрткўлда эмас, бутун Қорақалпоғистонда шундай. Ўғлимга агар намоз ўқисанг ишдан бўшатаман, деб бошлиғи тазйиқ ўтказибди,- деди суҳбатдош.

Ўзбекистон Мусулмонлар идораси раисининг ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансурнинг айтишича, ишхоналарда намоз ўқиш расман тақиқланган:

- Йўқ, мумкин эмас. Ишхонада ҳам, кўчада ҳам эмас, масжидга бориб намоз ўқинглар дейиляпти ҳозир. Ҳозир давлатнинг сиёсати шунақа. Ишхоналарда жамоат бўлиб ҳам, якка тартибда ҳам намоз ўқиш тақиқланган. Бу хавфсизлик масаласи билан боғлиқ. Агар рухсат берса, ишхоналарда баъзи бир экстремистик кучлар тўпланиб, бир нима қилиши мумкин деган маънода тақиқланган. Бу ерда намозга қарши ҳеч нарса йўқ,- деди шайх Абдулазиз Мансур.

Шу кунга қадар Озодликка келган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда қатор давлат идоралари ва бюджет ташкилотлари ходимларига иш жойида намоз ўқишни тақиқлашга оид ички тартиб ўрнатилган.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, ҳозир давлат ташкилотлари ва жамоат жойларида намознинг тақиқланишига қаратилган кампанияни юритаётган гуруҳлар нафақат ички йиғилишлар, балки, давлат матбуоти орқали ҳам фаолиятини кучайтирган.

Ўзбекистон 2006 йилдан буён АҚШ Давлат департаментининг диний эркинликлар борасида алоҳида хавотир уйғотувчи мамлакатлар рўйхатида қолиб келмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG