Линклар

Киевдаги Крешчатик майдонини эгаллаб турган евромайдончилар ҳам, Донецк вилояти ҳокимиятини ишғол қилган россияпарастлар ҳам Украинадаги вазиятни барқарорлаштириш масаласида Женевада 17 апрель куни эришилган келишимни бажармоқчи эмас.

Женевада 17 апрель куни ўтган музокараларда Украина, Россия, АҚШ ва Европа Иттифоқи Украинадаги кескинликни бартараф этиш масаласида келишимга эришди. Келишимнинг асосий шартларидан бири намойишчилар томонидан босиб олинган барча ҳукумат бинолари, кўчалар ва жамаот жойлари бўшатилиши ва эгаларига қайтарилиши лозим. Женевада. жумладан “ноқонуний қуролланган гуруҳларни тарқатиб юбориш”га ҳам келишилган.

Мазкур шартга асосан Украина шимолида россияпарастлар томонидан ишғол этилган ҳукумат бинолари бўшатилиши керак. Айни пайтда бу шарт Киевда ҳали ҳам Крешчатик майдонини эгаллаб турган евромайдончиларга ҳам тегишли.

Бироқ евромайдончиларнинг барчаси ҳам Женевада эришилган келишим шартларини бажармоқчи эмас. Евромайдондаги намойишчилардан бири Шамил Айлин “Женева келишимини бажариш учун майдонни бўшатишга тайёрмисиз?” деган саволга жавоб беришдан олдин футболкасини кўтариб, икки ой олдин снайпер отган ўқдан жароҳат олган танасини кўрсатди:

-Биз майдонда қонунни ҳурмат қилмаган ҳукуматга қарши турдик. Биз ҳозир янги ҳукумат шаффоф бўлишини талаб қилаяпмиз ва биз бу ерда қанча керак бўлса шунча қоламиз. Одамлар Украинада қонун устиворлиги ўрнатилиши учун, адолат учун ҳалок бўлишди, -деди Шамил Айлин.

Крешчатик майдонидаги бошқа намойишчилар ҳам 25 майда президентлик сайлови демократик тамойиллар асосида ўтказилмагунига қадар бу ердан кетмасликларини айтмоқдалар.

Айни пайтда Донецкдаги россияпараст шахслар “Женева келишувлари”ни бажаришдан бош тортиб, Донецк вилоят ҳокимияти биносини тарк этмасликларини билдиришди.

Ўзини “Донецк халқ губернатори” деб эълон қилган Денис Пушилин Россия телеканалига интервью бериб, Женевада қабул қилинган келишувларини бажариш нияти йўқлигини айтган.

Славянск марказида маҳаллий аҳоли вакиллари россияпарастлардан шаҳар ҳокимлиги биносидан чиқиб кетишни талаб қилишди.

АҚШ президенти Барак Обама Женева муҳокамаларида эришилган келишув Укараинада юзага келган тангликни дипломатия орқали юмшатишга йўл очиб беришига умид билдирди.

Россия президенти Владимир Путин эса 17 апрель куни Украина шимолидаги россияпарастлар ортида Россия армияси ва махсус хизматлари тургани тўғрисидаги иддоларни “бўлмаган гап” сифатида рад этди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG