Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:22

Ўзбекистонда уруш фахрийларига 600 минг сўмдан берилади


Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Иккинчи жаҳон уруши фахрийларининг ҳар бирига 600 минг сўмлик пул мукофоти бериш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 4 мингдан ортиқ уруш фахрийси қолган. Уларнинг сони йилдан-йилга камайиб бормоқда. Кўпчилик уруш қатнашчиларининг ёши юзга яқинлашиб қолган.

Ўзбекистонлик уруш фахрийларига бериладиган мукофот пули қора бозордаги курс бўйича 200 долларни ташкил қилмоқда.

Нарх-наво кун сайин ошиб бораётган бир вақтда бу миқдордаги пул кўп эмас. Лекин самарқандлик уруш фахрийси Рашид ота Раҳмонов ўз ҳаётидан нолимайди.

1943 йил ёзида Курск остонасидаги қақшатгич жангларда қатнашган Рашид ота ҳозир 93 ёшида.

- Президентимиз узоқ умр кўрсинлар. Мен 93 ёшга кирдим. Иккинчи жаҳон урушининг биринчи гуруҳ ногирониман. Пенсиям етарли. 500 минг сўмдан кўпроқ нафақа оламан. Уни устига президентимиз бултур 500 минг сўм, бу йил 600 минг сўм беряптилар. Етади ҳамма нарсага, - дейди самарқандлик уруш фахрийси.

Уруш ветеранларига пул мукофотлари “Нуроний” жамғармаси орқали етказилади.

“Нуроний” жамғармаси расмийларидан бирининг Озодликка айтишича, уруш фахрийларига бериладиган бу йилги мукофот фақат 600 минг сўмдан иборат эмас.

-Хомий ташкилотлар томонидан ёрдам берилади. Ҳокимликлар ҳам совға-салом, кийим-бош, тайёрлаяпти. Ҳар бирини уйига кириб чиқилади. Кўпчилиги юролмайди. Совғалар уйларига олиб бориб берилади. Юрадиганлари хотира майдонида бўладиган масроимларга таклиф этилади. 7 майда ҳокимлар уларни қабул қилади, - дейди “Нуроний” жамғармаси расмийси.

Ўзбекистонда уруш фахрийлари жамоатчилик транспортида бепул юриш имтиёзига эга ва мол-мулк ҳамда бошқа тур солиқлардан озод этилган. Лекин ёши тўқсондан ошган уруш фахрийларининг кўпчилиги учун бу имтиёзлар аҳамиятини йўқотиб бўлган.

-Ҳозир кўпчилиги юролмайди. Жамоатчилик транпортида бепул юриш улар учун муҳим эмас. Улар биринчи навбатда ғамхўрликка ва лозим тиббий муолажага муҳтож. Лекин ҳозирги нархлар шароитида улар олаётган нафақа дори-дармондан ортмайди, - дейди ёши юзга яқинлашиб қолган самарқандлик уруш фахрийсининг ўғли Нормурод ака.

“Нуроний” жамғармаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ҳозир тўрт мингдан кўпроқ уруш фахрийси қолган. Сўнгги ўн йил ичида уларни сони тўрт баравар камайган. Бундан ўн йил аваал Ўзбекистонда 16 мингдан ортиқ уруш фахрийси бўлган.

1941-1945 йилларда, Иккинчи жаҳон уруши даврида 1,5 миллионига яқини ўзбекистонлик урушда қатнашган. Улардан 450 минг уруш жабҳасида ҳалок бўлди. 130 минг нафари бедарак кетган.
XS
SM
MD
LG