Линклар

Украина: Славянск яқинидаги тўқнашувда камида тўрт киши нобуд бўлди


Славянск шаҳри яқинидаги отишма содир бўлган жой, 2014 йил 20 апрель.

Славянск шаҳри яқинидаги отишма содир бўлган жой, 2014 йил 20 апрель.

Украинанинг Славянск шаҳри яқинида рўй берган отишмада камида тўрт киши ҳалок бўлди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги отишма содир бўлганидан “таассуф” билдириб, ҳужум учун Украинанинг “Ўнг қанот сектори” аъзоларини айблади.

20 апрель куни Россия давлат телевидениеси қуролли шахслар Россия тарафдори бўлган айирмачиларнинг Славянск шаҳри яқинига ўрнатган текширув пунктига ҳужум қилганини хабар қилди.

Воқеада қанча талафот кўрилгани ҳақида турли маълумотлар тарқатилди.

Украина томони ҳужумда бир одам ўлгани, уч нафари яраланганини маълум қилди.

Бироқ “Россия 24” телеканали воқеада тўрт киши, яъни текширув пунктида Россия тарафдорларидан уч киши ва ҳужум қилганлардан бир нафари ўлганини билдирди.

Славянск яқинида айирмачилар ўрнатган текширув пунктига ҳужумдан кейин россияпараст маҳаллий раҳбар шаҳарда комендантлик соати жорий қилди ва Россия Президенти Владимир Путинга мурожаат қилиб, россиялик тинчликпарвар кучларни жўнатишга чақирди.

Рейтерс агентлигига ўзини Славянск шаҳри ҳокими деб таништирган Вячеслав Пономарёв Славянскдаги Россия тарафдори бўлган айирмачилар бундан буён ҳеч кимга шафқат қилмаслигини айтди.

- Шу кунгача жуда кам талафотлар кўрилган тўқнашувлар содир бўлган бўлса, энди бу ёғига ҳеч ким биздан шафқат кутмасин, деди Вячеслав Пономарёв.

Украинанинг Донецк шаҳридан юз километр шимолроқда жойлашган Славянскда 130 минг киши истиқомат қилади.

12 апрель куни Россия тарафдори бўлган айирмачи гуруҳлар Славянск шаҳри милицияси бош қароргоҳи ва шаҳар маъмурияти биноларини босиб олганди.

Ҳозирда шаҳарнинг аксар қисмини Россия тарафдорлари назорат қилмоқда.

Россияпараст айирмачилар Краматорск шаҳрида Украина армиясига тегишли бир неча бронетранспортерни қўлга киритиб, уларни Славянск шаҳрида сақламоқда.

Якшанба куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги Украина шарқида эрта тонгда отишма содир бўлганидан “таассуф” билдирди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Александр Лукашевич 20 апрель куни Москвада журналистларга буларни айтди.

- Жанггариларнинг ушбу провокацияси Россия томонининг ғазабини қўзғатди. Бу Киев ҳукуматининг миллатчи ва эктртемистларни жиловлаш ва уларни қуролсизлантиришни хоҳламаётганига далилдир. Ушбу фожиа Россия, АҚШ, Европа Иттифоқи ва Украина вакиллари 17 апрель куни Женевада ҳар қандай зўравонликка йўл қўймаслик, қўрқитиш ва провокациялардан тийилишга чақирувчи тўрт томонлама баёнот имзоланганидан кейин рўй бергани бизни ҳайратга солди, деди Александр Лукашевич.

Россия Ташқи ишлар вазирилиги ҳужум учун “Ўнг қанот сектори”ни айблади. Москва ушбу гуруҳ аъзоларини Украинада тартибсизликлар келтириб чиқарганликда айблаб келмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG