Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:48

OzodlikOnline: Ўзбек тўйига борган санъаткор азиз меҳмонми ёки шунчаки отарчи?


Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг Тошкент ресторанидаги тўйда меҳмонлардан бири томонидан калтаклагани OzodlikOnline навбатдаги сони мавзусига туртки бўлди. Халқ артисти мақомини олган ва миллионлар меҳрини қозонган санъаткорга бу тахлит муносабат янгилик эмас. 21 апрель, душанба куни Тошкент вақти билан 19:05 да бошланадиган жонли мулоқотимизнинг навбатдаги сонида тўйга борган санъаткорларга ўзбекча муносабат мавзусида суҳбатлашишга қарор қилдик.


Тошкентнинг Шайхонтохур туманида жойлашган Osiyo Grand тўйхонасида 4 апрель, жума куни бўлиб ўтган тўй базмида Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова базмга йиғилганларнинг кўз ўнгида калтакланди.

Базм иштирокчиларидан бир нечасининг Озодликка айтишича, "30-35 ёшлардаги бир йигит ўйин-кулги қилиб, Юлдузга пул қистирмоқчи бўлган, Юлдуз пулни олмасдан қўли билан итариб юборган... Ҳалиги йигит буни ўзига ҳурматсизлик, деб қабул қилган бўлса керак, Юлдуз Усмоновага тарсаки туширган".
Узр, лекин бу хизмат ҳозирча ишламайди

Хонандани созандалари ҳимоя қилишга уринган. Базмни ташлаб, жўнаворган хонандада қолган аламини "пулини тўлаб қўйган" маст-аласт "нозик меҳмон"лар созандалардан олган. Эртасига эрталабдан эса "бошоғриғи"га қўшилиб, мелисавозлик бошланган.

Ширакайф меҳмондан тарсаки еган хонанда эса Ўзбекистонда ҳақиқатда хизмат кўрсатган катта артист. 600 дан ортиқ қўшиқ ижро этган, 250 дан ортиқ қўшиқлари шлягер бўлган, нафақат Ўзбекистон ёки Марказий Осиё, балки МДҲ давлатларида севилган, Туркия, Германия, АҚШ, Ҳолландия, Англия ва қатор араб давлатларда танилган хонандадир. Унинг жами 25 миллион нусха диски сотилган.

Ўз вақтида "Ҳеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон!" қўшиғи билан миллионлаб ўзбекистонликлар меҳрини, юртбошиси Ислом Каримовнинг авфини қозонган. Гарчи, "Гулисан" қўшиғи билан эса зиёлиларнинг танқидларига кўмилган бўлсада, бетакрор истеъдоди боис ёшу-қари бирдек эшитиб мазза қиладиган хонанда.

Шунга қарамасдан, ёшгина меҳмон Osiyo Grandда бўлган базмда куйлаётган халқ артистининг қулоқ чаккасига тарсаки тортиб юборди. Аслида бу тарсаки санъаткор зотига туширилган биринчи тарсаки эмас ва афтидан, охиргиси ҳам эмас.

Муҳими, бу воқеа йиллаб йиққан миллионларини бир кунлик дабдабали тўйга шартта тўкиб, ғоз юришни обрў билган ўзбеклар учун янгилик эмас. Эҳтимол, айнан шунинг учун қобилияти, обрўси, эл олдидаги ҳурматидан қатъий назар, тўйган борган хонандага "пули тўланган отарчи" қабилидаги муносабатни кузатиш мумкин.

Бундай муносабатни ҳатто ўзбек халқининг орзу-умидлари, истак ва хоҳишларини куйлаган ва содда қилиб айтганда, кези келганда, халқ дардини Тошкентда ўтирган ҳукуматга етказишга урингани учун саҳналардан қувилган халқ артистларига нисбатан ҳам кузатиш мумкин.

Бошқа бир тарафдан эса чаккасига қистирилаётган пул бирлигининг катта-кичиклиги, миллий ёки хорижий эканига муносабати юзидан уфуриб турган хонандалар ҳам борини тўйга сарфлаётган ўзбекларнинг ғашини келтиради. Қўшиқ авжида тори аралаш юзига тузланган бодрингу помидор улоқтирилган айрим хонандаларни айнан калондимоғлиги учун қувиб солганлари ҳам бор гап.

Хуллас, неча бор муҳокамалар, танқидлар ва баҳслар мавзуи бўлган ўзбек тўйлари мавзуига яна бир бор қайтар эканмиз, бу гал тўй безаги бўлган санъаткорларга муносабат ҳақида суҳбатлашишга қарор қилдик:

Сизнингча, тўйга борган санъаткор азиз меҳмонми ёки шунчаки отарчи?

Халқ севган хонандаларнинг тўйда калтакланишига сабаб нима? Анъанавий муносабатми ёки бугунги жамиятда олиму сиёсатчига бўлгани каби санъаткорга ҳам ҳурматсизлик билан муомала қилинаяптими?

Ўзбек санъаткори тўйга нима учун боради? Муттасил такрорлангани каби "халқ хизматини қилиб, кўнглини олиш учун"ми ёки куни-тирикчилиги тўйга қолгани учунми?

Бугунги ўзбек жамиятида халқ артистларининг қадри нима билан ўлчанади? Тўйга белгилаган нархи биланми, президент Каримов қатнашадиган байрам тадбирларидаги ўрни биланми ёки истеъдоди билан?

Сизнингча, асл санъаткорнинг ўрни қаерда? Тўйдами, саҳнадами ёки МАЙДАНда?



OzodlikOnline жонли мулоқотининг 21 апрель, душанба, Тошкент вақти билан 19:05 да бошланадиган навбатдаги сонида шу ва шу каби бошқа саволларга жавобларингизни тинглаймиз.

OzodOvoz va OzodlikOnline Skype манзиллари орқали мулоқотда бевосита иштирок этинг!

Мабодо айни кун ва айни соатда Skype орқали мулоқотга қўшила олмасангиз¸ марҳамат, Озодликнинг Facebook ëки Одноклассники ижтимоий тармоғидаги саҳифасига кириб¸ шарҳ ва мулоҳазаларингизни ëзиб қолдиринг¸ суҳбат давомида уларни ўқиб эшиттирамиз. Бунинг учун ижтимоий тармоқлардан Озодлик радиоси деб қидиринг ва дўстларимиз сафига қўшилинг!

Ўз мулоҳазалари билан жонли суҳбатга қўшилиш истагида бўлган муштарийларимиз OzodlikOnline манзилига сўров юборишлари ва Skypeдаги дўстларимиз сафига қўшилишлари мумкин. OzodlikOnline Сиз учун 24 соат давомида очиқ!
XS
SM
MD
LG