Линклар

Тошкент аэропортида арава текин бўлди


Ўзбекистон ҳаво йўллари самолëти Тошкент аэропортида.

Ўзбекистон ҳаво йўллари самолëти Тошкент аэропортида.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкати “Тошкент” халқаро аэропортида йўловчиларнинг юкларини ташийдиган аравачаларни текин қилиш борасида қарор қабул қилди.


Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат қўмитаси талаби ортидан қабул қилинган бу қарор “Тошкент” халқаро аэропортида юк ташиш аравачаларини “пуллаш” билан билан боғлиқ коррупцион жараëнга чек қўйгани айтилмоқда.

Шу пайтгача “Тошкент” аэропортига келиб тушган йўловчи 3 минг сўм гаров пули эвазига аравача учун жетон олиши лозим эди. Юкларини ташиб бўлган йўловчи орқага қайтиб, аравани қайтарганидан кейин гаров пулини қайтиб олиши мумкин эди. Амалда эса бу пулни қайтиб олиш анча мушкул бўлган.

“Тошкент” халқаро аэропортидаги юк аравачалари билан боғлиқ жараëнни ўзини Рашид Зоҳидов деб таништирган таксичи гапириб берди:

- Йўловчилардан 3 минг сўм гаров пули олинганидан кейин эвазига жетон беришади. Йўловчи юкларини таксига олиб келганидан кейин¸ яна ортига қайтиб аравани қайтарса, пулини қайтиб олиши мумкин. Атиги бир доллар атрофидаги пулни қайтариш учун шунча йўл босиб, орқасига қайтган кишини учратмадим¸ - дейди Рашид Зоҳидов.

Суҳбатдошимиз айтган тизим “Тошкент” халқаро аэропортига келиб тушган йўловчилар пулини ўзлаштириш учун асос бўлгани айтилади.

Бундан ташқари, Тошкент аэропортига келиб тушган ва ёнида ўзбек сўми бўлмаган меҳмонлар бу тизимдан азият чекишган.

Таксичи Рашиднинг айтишига кўра, ўзбек сўмининг курси ҳақида маълумоти бўлмаган йўловчилардан “жетон ҳақи” дея кўпроқ пул ундирадиган “аэропорт мулозимлари” ҳам бу тизимдан фойда кўриб келишган.

- Халқаро мақомга эга бўлган аэропортда йўловчиларга юк аравачасидан фойдаланиш учун жетон сотиб олиш тартиби бекор қилингани бу муаммоларга барҳам берди, - дейди суҳбатдош.

Тошкент аэропортидаги “жетон сотиш” бизнеси республика хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси назарига тушганидан кейин бу ерда махсус текшириш ўтказилган.

Бу қўмитадаги Озодлик манбасининг айтишича¸ мазкур қўмита йўловчилардан Тошкент аэропортида юк ташиш масаласида бир қатор муаммолар ва қийинчиликларга дуч келаётганлари ҳақида шикоят аризалари олган.

Суҳбатдошга кўра, шикоятларни ўрганиб чиққан қўмита ўз тузилмаси таркибида бўлган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиаширкатига мурожаат қилганидан кейин бу масала йўловчилар фойдасига ҳал бўлган.

Тошкентлик таксичи Зоҳиджоннинг айтишича, шу кунларда Тошкент аэропортида йўловчилар юк аравачаларидан текин фойдаланишмоқда.

Шу ой бошида Тошкент халқаро аэропорти МДҲ мамлакатларидаги энг яхши аэропортлар ўнлигидан ўрин олгани хабар қилинганди.

Британиянинг Skytrax ширкати тузган рейтингда Тошкент аэропорти 10 тайёрагоҳ ичида 9-ўринни эгаллади.

Бу рейтингда Россиянинг Домодедово, Шереметьево, Қозон, Внуково аэропортлари, Қозоғистоннинг Остона ва Олмаота аэропортлари, Беларуснинг Минск аэропорти ҳамда Озарбайжон пойтахти Бокунинг Ҳайдар Алиев номидаги аэропорти Тошкент тайёрагоҳидан олдинги ўринларни эгаллаган.

Тошкент халқаро аэропорти биноси янги ва ташқи кўринишдан замонавий бўлишига қарамасдан, кўпчилик мижозлар у ердаги хизмат сифати ва бошқа ноқулайликлардан шикоят қилиб келади. Хусусан, мустақил кузатувчилар ҳисоб-китобига кўра, пойтахт аэропортига келган йўловчи паспорт назоратидан ўтиб, юкларини олиб, ташқарига чиққунича камида 1 соату 40 дақиқа кетади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG