Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:19

"Олтин Маска" соврини тожик оқинларига топширилди


Театр.doc режиссёри Всеволод Лисовский.
Театр.doc режиссёри Всеволод Лисовский.

Москванинг Театр.doc саҳнасида икки йилдан буён ижро этилаётган “Оқин-опера” ёки “Муҳожирлар ҳақида баллада” спектакли актёрлари - оддий тожикистонлик меҳнат муҳожирлари Покиза Курбонасенова, Ажам Чакобоев, Абдулмамад Бекмамадов нуфузли “Олтин Маска” театр санъати махсус совринига сазовор бўлди. Россия пойтахтидаги Большой театрида ўтказилган танловда ғолиб деб топилган муҳожирлар опера давомида миллий чолғу асбоблари – тор, доира ва рубоб ёрдамида муҳожирнинг машаққатга тўла ҳаёти тўғрисида сўзлаб берадилар.


“Оқин-опера” ёки “Муҳожирлар ҳақида баллада” спектакли 2012 йилнинг 16 сентябрида илк бор саҳнада ижро этилган ва салкам икки йил давомида Москва театр ҳаётига бахшичилик жанри тўғрисида тасаввурни шакллантирди.

Ниҳоят, 18 апрел куни Большой театрида Москванинг Театр.doc саҳнасида ижро этиб келинаётган режиссёр Всеволод Лисовскийнинг “Оқин-опера”си ижрочиларига “Олтин Маска” мукофоти жюриси махсус мусиқавий соврини топширилди.

Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидан Москвага меҳнат қилгани келган Покиза Курбонасенова, Ажам Чакобоев, Абдулмамад Бекмамадов “Оқин-опера” давомида Россияга “саёҳатлари”, ишга жойлашиш машаққати, маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари билан доимий “учрашувлари”, фирибгарлик ва бошқа саргузаштлари тўғрисида сўзлаб бермоқдалар, дейди Всеволод Лисовский Озодлик билан суҳбатда.

- Мен учун бу совриннинг муҳимлиги, энг аввало, мигрантларнинг Россия жамияти ҳаётидаги ижобий ҳодисада иштирок этаётганидадир. Даставвал, бизнинг асар “Маска”нинг “Эксперимент” номинациясига лойиқ деб топилди, охир-оқибат мусиқий жюри махсус совринини олдик. Спектаклимиз таркиби дойим ўзгариб бормоқда, катта рўйхатимизда ҳозирча етти киши белгиланган. Чунки муҳожир-актёрларимиз ҳаёти бизга мунтазам театр билан шуғулланишга имкон бермайди. Қўпол қилиб айтадиган бўлсам, қурилишга цемент олиб келишса – театр бўлмайди. Ахир “Оқин-опера” ижрочиларини мен айнан қурилиш ва Москва кўчаларидан топганман,- дейди оддий муҳожирлар меҳнати бундай нуфузли танловда тақдирланганидан хурсандлигини билдирган режиссёр Лисовский.

Бош соврин эгалари бадахшонлик Покиза Курбонасенова, Ажам Чакобоев, Абдулмамад Бекмамадовлар 90-йилларда Тожикистоннинг Хоруғ шаҳар театрида ишлаб келишган.

Покиза бир муддат Душанбенинг “Ганжина” театрида ҳам саҳнага чиққани, бироқ 2000-йилларда мамлакатдаги оғир иқтисодий аҳвол туфайли Россияга иш излаб келиб, қолиб кетган, дея давом этади “Оқин-опера” саҳналаштирувчиси.

- Улар барчаси кундалик ҳаётда оддий муҳожирлар ишини бажариб келади. Қурилиш, коммунал хўжаликда, фаррош, қаровчи, курьер бўлиб ишлайди. Масалан, фахримиз саналган Асқар Рустамов шеърлар ёзишни бошлади, унда шоирлик қобилияти очилди. Қизиғи, ўз истеъдодини саҳнамизда очиш ёки намойиш этиш ҳар бир мигрантга берилади. Марҳамат! Ким ўзини театр, мусиқасиз тасаввур қила олмаса, одамларга айтадиган гапи бўлса – эшикларимиз доимо очиқ,- дейди Театр.doc режиссёри Всеволод Лисовский Озодликка.

Озодлик суҳбатлашган совриндорлардан бири – Абдулмамад Бекмамадов, “Муҳожирлар тўғрисида баллада” мусиқа операси унинг ҳаётига ҳам жиддий ўзгартириш киритгани билан ўртоқлашди.

- Спектаклимизда бошқа мамлакатлардан келганлар ҳам бор эди – Ўзбекистон, Қирғизистондан. Лекин улар шу йил келишди. Биз – тожик тилида қўшиқ айтувчилар эса ўтган, 2013 йил учун тақдирландик. Жуда хурсанд бўлдик, албатта. Ўзим стройкада ишлайман, бўш вақтимда келаман, қолганлар ҳам шу аҳвол. Мана ҳозир, ҳужжатларим жойида эмас – муддати ўтиб боряпти. Шунга қарамасдан Худога шукур. Келаси чоршанба куни Малий театрга ишга қабул қилишлари мумкин, суҳбатлашувга бораман. Худованд бир ишимга ёрдам берсаю, театрга ишга ишга кириб кетсам. Мана шу дилимдаги энг юксак орзу,- дейди “Олтин Маска” соврини соҳиби Абдулмамад Бекмамадов.

Всеволод Лисовский Театр.DOCда саҳналаштирган “Оқин опера” 2013 йил охирларида янги кўринишга эга бўлди. Янги спектаклда Ўзбекистон, Украина, Қирғизистон ва бошқа мамлакатлардан келган бахшилар иштирок этмоқда.

“Олтин Маска” фестивали ва соврини 1993 йилда Россия Театр намояндалари иттифоқи томонидан таъсис этилган. Йилига бир маротаба ўтказиладиган фестивалда спектаклларнинг барча жанрлари – драма, опера, замонавий рақс, оперетта, мюзикл, қўғирчоқ санъати бўйича совринлар топширилади.
XS
SM
MD
LG