Линклар

logo-print

Гулнора Каримованинг арзанда санъаткорлари тақиққа учради


Рашид Ҳолиқов нафақат Гулнора Каримова тадбирларининг фаол иштирокчиси, балки у билан дуэт ҳам айтган.

Рашид Ҳолиқов нафақат Гулнора Каримова тадбирларининг фаол иштирокчиси, балки у билан дуэт ҳам айтган.

Ўзбекистон Халқ артисти Мурод Ражабов, хонанда Нилуфар Усмонова, “Шаҳзод” гуруҳи хонандаси Рашид Ҳолиқов, таниқли актёр Алишер Узоқов, режиссёр Наби Абдураҳмонов ва “Зарба” гуруҳи учун теле ва радио эфирлар ёпилди. Шоу бизнес вакилларига кўра, Гулнора Каримованинг арзанда санъаткорлари саналган бу шахслар ўз “бошпаноҳи”нинг иқтидордан кетгани ортидан тақиққа учраяпти.

"Запрет" оғзаки бўлган

Сўнгги йилларда саҳнанинг тўрини эгаллаб келган санъаткорлар Мурод Ражабов, Нилуфар Усмонова, Рашид Ҳолиқов, Алишер Узоқов, Наби Абдураҳмонов ва “Зарба” гуруҳи хонандалари апрель ойидан бошлаб тақиққа учради. Наби Абдураҳмонов Гулнора Каримованинг аксар тадбирларига режиссёрлик қилган.

Наби Абдураҳмонов Гулнора Каримованинг аксар тадбирларига режиссёрлик қилган.



Ўзбек шоу бизнесидаги Озодлик манбасига кўра, мамлакатдаги телевидение ва радио компанияларга ушбу санъаткорларни эфирга чиқармаслик ҳақида буйруқ берилган.

“Ҳамма эфирлар улар учун ёпилди. Телевидение, радио ҳаммасига уларни запрет қилиш ҳақида айтилган. Ҳозир телевидение ёки радиоканалларда бирортасининг изини ҳам топа олмайсиз. Фақат сайтларга индашмаган. Чунки бизда сайтлар муҳим даражадаги оммавий ахборот воситаси саналмайди. Ҳатто "Тарона рекордс” ўзининг “Ўзбегим таронаси” радиосида Нилуфарни қўя олмаяпти”,- деди манбамиз.

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасининг мулозимларидан бири ушбу беш санъаткор ва битта гуруҳга нисбатан тақиқ борлигини тасдиқлаб, бу оғзаки кўринишдаги буйруқ орқали амалга оширилганини айтди.

“Лекин бу “Ўзбекнаво”нинг тақиқи эмас. Бизга юқоридан рўйхат берилиб, шу шахсларни эфирдан олиш топширилди. Тақиқ сабаблари бизга айтилмади. Биз юқорининг буйруғини бажараяпмиз. Лекин қўлимизда бу борада бирор ёзма буйруқ йўқ. Ҳаммаси оғзаки”,- деди “Ўзбекнаво” масъули.

"Гулноранинг арзандалари"

Ўзбек шоу бизнесидаги манбага кўра, тақиққа учраган санъаткорлар кейинги йилларда Гулнора Каримованинг энг севимли хонанда ва актёрлари саналиб келган.

Эндиликда Каримова хонимнинг иқтидордан кетиши ортидан унинг арзанда санъаткорларининг ҳам мавқеи заифлашган. Мурод Ражабов Гулнора Каримова тадбирларининг энг фаол иштирокчиларидан.

Мурод Ражабов Гулнора Каримова тадбирларининг энг фаол иштирокчиларидан.



​Ўзбекистон Халқ артисти 65 яшар Мурод Ражабов Озодлик билан суҳбатда ўзига нисбатан тақиқ борлигини эшитгани, бироқ бу борада қўлига бирор ёзма ҳужжат беришмаганини айтди:

- Мен шунақа деб эшитдим, лекин аниғини билмайман. Билолмаяпман. Бизга ҳеч ким айтгани йўқ. Лекин шунақа гап бор. Энди бу нарсалар эълон қилинмайди. "Эфирга чиқарилмасин", деб айтилади. Лекин эълон қилинмайди. Масалан, "эфирга чиқарилмасин", деган одамларга хат ҳам келмайди. Фақат "чиқарманглар", дейишади.

Озодлик: Мурод ака, Гулнора Каримовага яқин бўлган санъаткорлар мана шу тақиқ рўйхатига тушган, деган гап айтилаяпти.

- Балки шунақадир. Балки бошқа нарсадир. Мен ўзим билмайман,- деди Мурод Ражабов.


Мурод Ражабов ўтган ой “Муқимий” мусиқали драма театри раҳбарлигидан бўшатилган эди. Эндиликда унга киноларда рол ҳам берилмаслиги мумкин.

"Ҳеч қандай тақиқ йўқ"

Тақиққа учраганлар рўйхатида экани айтилган режиссёр Наби Абдураҳмонов эса Ўзбекистон Ёшлари театрида ўз ишини давом эттираяпти.

22 апрель куни Абдураҳмонов Озодлик билан суҳбатда ўзига нисбатан ҳеч қандай тақиқ йўқлигини айтди:

- Йўқ. Бунақа нарса умуман йўқ. Бекор гап. Бу гап қаердан чиқди билмайман. Ҳар доим қандай ишлаган бўлсам, шундай ишлаяпман. Унақа гап бўлиши мумкин эмас. Мана яқинда Санкт Петербургга фестивалга бориб келдик. Бир неча кун бўлди, қайтиб келганимизга. Ҳаммаси жойида. Биз ишлаяпмиз. Янги спектаклнинг репетицияси билан бандмиз,- деди Наби Абдураҳмонов.


Нилуфар Усмонованинг маъмури ҳам "Ҳеч қандай тақиқ йўқ", деган жавоб билан кифояланди.

Тақиқ рўйхатига кирган бошқа санъаткорлар билан боғланиш имкони бўлмади.

Алишер Узоқов тақиқдан аввал кинодан кетишини айтган

Актёр, режиссёр, хонанда ва пародиячи 30 яшар Алишер Узоқов тақиқ ҳақидаги хабар чиқиши олдидан кинони тарк этиши ҳақида маълум қилган эди.
Алишер Узоқов бир неча бор Гулнора Каримова ўтказган танловларнинг ғолиби бўлган.

Алишер Узоқов бир неча бор Гулнора Каримова ўтказган танловларнинг ғолиби бўлган.

Алишер Узоқов ҳам Гулнора Каримованинг деярли барча тадбирларида фаол иштирок этиб келган.

2012 йилда Каримовага қарашли бўлган М&ТVA танловида Алишер Узоқов “Энг яхши актёр” мукофотига сазовор бўлган.

Узоқов режиссёрлигида суратга олинган "Энди дадам бўйдоқ" картинаси ҳам ушбу танловнинг "Энг яхши фильми", деб топилган.

Алишер юзга яқин фильмда рол ижро қилган, асосан, уни бош ролларда кўриш мумкин.

Кейинги пайтда Алишер Узоқов “Истиқлол” футбол клубида ҳужумчи сифатида ўйнамоқда.

"Нилуфар Усмонованинг маст ҳолдаги видеоси тарқалди"

Нулуфар Усмонова хонанда Шаҳзода билан Гулнора Каримованинг хайрия тадбирларидан бирида.

Нулуфар Усмонова хонанда Шаҳзода билан Гулнора Каримованинг хайрия тадбирларидан бирида.

Юлдуз Усмонованинг қизи Нилуфар ҳам Гулнора Каримованинг хайрия тадбирларида фаол иштирок этиб келган.

Тошкентдаги манбамизга кўра, Нилуфар Усмонованинг тақиққа учраганига унинг кейинги пайтдаги ҳатти-ҳаракатлари ҳам сабаб бўлган.

“Нилуфар кейинги пайтда ўзидан кетиб қолаётганди. Яқинда битта видео тарқалди. Видеода Нилуфар ичиб, қотиб қолган ва ҳаммани сўкади. Оёғида тура олмайди. Оғзидан боди кириб, шоди чиқади. Шу видео ҳамма ёққа тарқалиб кетди”,- деди Тошкентдаги манбамиз.

Тақиқдаги машшоқлар

Ўзбекистон шоу-дунëси янгиликларини ëритадиган Саййод.Уз нашри мамлакатда тақиқ қўйилган қўшиқчилар рўйхатида Фаррух Зокиров¸ Шерали Жўраев¸ Фаррух Соипов¸ Шахзода Матчонова¸ Отабек Мадраҳимов¸ Шохруҳ рэп¸ Обид Асомов¸ Феруза Жуманиёзова¸ Озода Саидзода¸ Севара Назархон¸ Юлдуз Усмоновалар борлиги ҳақида ёзганди.

Ўтган йилнинг ёзида “Ойсара опанинг қизи Жумагул” қўшиғини айтиб танилган 27 яшар ўзбек қўшиқчиси Жасур Умиров "Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси томонидан “миллий-маънавий қадриятларимизга, одоб-аҳлоқ меъёрларига ва менталитетимизга зид бўлган қўшиқлар яратилиб, эфирга узатилаётганлиги кескин танқид қилинган” ҳолда лицензиясидан маҳрум қилинди.

Булар қаторига Андижон қатлиомини қўшиққа солгани учун судланган ҳофиз Дадахон Ҳасанни ҳам қўшиш мумкин.

Рўйхатдаги бу ҳофизларнинг миллий телеканалларда кўринмаслиги ва катта залларда концерт қўймаслиги борасида "ҳеч ким кўрмагану, аммо эшитган” буйруқ борлиги айтилади.

Бундан 14 йил олдин Озодлик мухбири билан суҳбатлашган Шерали Жўраев эрта- индин бу тақиқ бекор бўлишини интиқлик билан кутаëтганини айтган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG