Линклар

logo-print

Украина бўҳронини ҳал қилиш уринишлари давом этмоқда. Москва ва Киев бир-бирини провокацияда айбламоқда


АҚШ Вице президенти Жо Байден Украина етакчилари билан учрашгани Киевга келди. Байденнинг ташрифи Киев билан Москва 20 апрель куни Славянскда рўй берган отишмада бир-бирини айблаётган пайтга тўғри келмоқда. Айни пайтда, президент Владимир Путин Қримда миллий озчиликларни Россия тарафига оғдириш уриниши ўлароқ, Қрим татарлари ва бошқа миллатларни реабилитация қилиш тўғрисида фармон имзолади.




Оқ уй маъмуриятининг юқори мартабали мулозимига кўра, вице президент икки кунлик ташрифи давомида Украинага энергетик ва иқтисодий ёрдамни кўзда тутувчи техникавий кўмак режасини эълон қилади.

Украинанинг энергия хавфсизлигига доир хавотирлар Россия ўтган ойда Украинага сотиладиган газ нархини кескин оширгани боис кучайди. Москванинг қарори Россия Украинага қарашли Қрим минтақасини аннексия қилиши ортидан қабул қилинди.

Байденнинг 22 апрель куни Украина муваққат президенти Олександр Турчинов, бош вазир Арсений Яценюк ҳамда парламент вакиллари билан учршиши режалаштирилган.

Қўшма Штатлар Украинанинг янги ҳукуматини қўллаб-қувватламоқда. Вашингтон Россия Украина шарқидаги вазиятни юмшатиш бўйича қадамларни амалга оширмаса, Москвага нисбатан қўшимча санкциялар жорий қилинишидан огоҳлантириб келмоқда.

Украина шарқида россияпараст айирмачилар 10га яқин шаҳарда ҳукумат биноларини эгаллаб олган.

Байденнинг Киевга ташрифи Украина билан Россия 20 апрель куни рўй берган қонли тўқнашув юзасидан бир-бирини айблаётган пайтга тўғри келмоқда.

Душанба куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Киев ҳукуматини бўҳронни ҳал этишга қаратилган Женева битими шартларини бузганликда айблади.

- Ҳозир энг муҳими ҳар қандай зўравонликнинг олдини олишдир. Бу Женева келишувларининг асосий мақсади, Украинада бир-бирига қарши чиқаётган кучларга қўйилган асосий талабдир. Лекин бу ва бошқа масалаларда Женева битими шартлари бажарилмаяпти, аксинча Киевда ҳокимиятни эгаллаб олганлар тарафидан Женева битимини қўпол тарзда бузувчи ҳаракатлар амалга оширилмоқда, дея таъкидлади Россия расмийси.

Лавров 17 апрель куни Женевада Украина, АҚШ ва Европа Иттифоқи дипломатлари билан ўтказилган музокараларда битимга эришилган эди.

21 апрель кунги матбуот анжуманида Лавров Украинанинг Славянск шаҳрида бир кун аввал рўй берган отишмани қоралаб, ҳужум учун масъулиятни “Киевда ҳокимиятни эгаллаб олганлар”нинг тарафдорларига юклади. Киев ҳукумати, деди у, Украина шарқидаги радикал кучларни назорат қила олмаётир, ёки буни истамаётир.

Россия 20 апрель куни Славянск шаҳрида россияпараст айирмачилар ўрнатган блокпостда уч кишининг ўлимига сабаб бўлган отишмада Украинанинг ультрамиллатчи Ўнг Сектор гуруҳини айбламоқда.

Киев ҳукумати ва Ўнг Сектор вакиллари ҳужумга алоқаси борлигини рад этиб, Россияни провокацияда айбламоқда.

Лавров шунингдек Украина шарқида катта миқдорда Россияда ишлаб чиқарилган қуроллар пайдо бўлганига доир хабарларни ҳам инкор қилиб, Россия матбуотининг Славянскда 20 апрель куни россияпараст кучларга ҳужум қилганларнинг қўлида “Америка қуроли” бўлганига доир хабарини далил сифатида келтирди.

Россия ташқи ишлар вазири Украинани Женева битимининг шартларидан бири сифатида Киев майдонларидаги “ноқонуний норозиликлар”ни бартараф қилмаганликда ҳам айблади.

- Киевда Украина воқеалари бошланган пайтда зўравонлик билан эгаллаб олинган бинолар бўшатилгани йўқ. Кўчалар бўшатилгани йўқ. Майдон ҳали ҳам гуллаб яшнамоқда, бундай иборани ишлатганим учун узр. Аксинча парламент томонидан тайинланган ҳукмдорлар Женева битимининг Майдонга тааллуқли эмаслигини очиқчасига айтмоқда, дея таъкидлади Лавров.

Айни пайтда, 21 апрель куни Россия Президенти Владимир Путин Сталин даврида қатағон қилинган Қрим татарлари ва бошқа халқларни реабилитация қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади.

- Фурсатдан фойдаланиб, ҳурматли ҳамкасблар, Қримдаги Қрим татарлари, арманлар, немислар, греклар ва Сталин қатағонидан азият кўрган бошқа халқларни реабилитация қилиш тўғрисидаги фармонни имзолаганим ҳақида хабардор қилмоқчиман, деди Путин.

Инетрфакс агентлиги хабарида айтилишича, айни қарорда Қримда “ижтимоий-сиёсий вазиятни яхшилаш” тўғрисида ҳам гап боради. Путиннинг айтишича, Қримда бу масалага “кейинги йилларда, ҳатто бир неча ўй йиллик давомида ҳеч ким эътибор қаратмагани оқибатида ижтимоий ривожланиш у ёқда турсин, вазият ёмонлашган”.

Қрим аҳолисининг 12 фоизини ташкил қиладиган Қрим татарлари март ойида минтақани Украина таркибидан чиқариб, Россияга қўшиш масаласида ўтказилган референдумни бойкот қилган эди.

Путиннинг қарори Қримдаги рус бўлмаган миллий озчиликлар қўлловини қозонишга уриниш ўлароқ қабул қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG