Линклар

АҚШ Россияга қарши янги санкциялар жорий қилиши мумкин


АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Жен Псаки.

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Жен Псаки.

Агар Москва ўтган ҳафтада Женевада имзоланган келишув шартларини бажаришга киришмайдиган бўлса, АҚШ унга нисбатан янги санкциялар жорий қилиши мумкин.

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Жен Псаки Вашингтон Москванинг Украина шарқидаги россияпараст айирмачиларни эгаллаб олган биноларни бўшатиб қўйиш ва ўзбошимчалик билан қуриб олган назорат-ўтказиш пунктларидан воз кечишга чақиришини кутаётганини билдирди.

Давлат департаменти матбуот котиби қуролланган бу фаоллар Украина ҳукумати томонидан таклиф қилинаётган амнистияни қабул қилиши ва ўз талабларини ифода қилиш учун сиёсий воситалардан фойдаланиши лозимлигини айтди.

Псаки яқин кунларда АҚШ Россиянинг Женева шартномасини бажариш бўйича амалий чоралар кўрган-кўрмагани ҳақида бир қарорга келишини баён қилди.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Россияни Украинадаги вазиятни барқарорлаштириш тўғрисидаги халқаро шартномани бажариш бўйича “конкрет қадамлар” қўйишга чақирди. Бу орада Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Вашингтонни мазкур битим шартларини бажариш бўйича Ғарб томонидан дастакланаётган Украина расмийларига босим ўтказишга чақирди.

АҚШ ва Россиянинг бу баёнотлари Керри ва Лавровнинг 21 апрель куни бўлиб ўтган телефон суҳбатидан кейин ёйинланди.
XS
SM
MD
LG