Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:03

АҚШ вице президенти Украинага ҳар томонлама ёрдам кўрсатишни ваъда қилди


АҚШ Вице президенти Ж.Байден (ч) ва Украина Бош вазири А.Яценюк.
АҚШ Вице президенти Ж.Байден (ч) ва Украина Бош вазири А.Яценюк.
АҚШ Вице президенти Жо Байден Америка халқи Украинадаги бўҳронни ҳал қилишда мамлакат раҳбарларига ёрдам беришга тайёр эканини билдирди. Сешанба куни Киевда сўзлаган Байден 25 май куни Украинада ўтказилиши режаланган президентлик сайловини мамлакат тарихида энг муҳим сайлов бўлади, деди. Айни пайтда Қрим татарлари етакчиси Мустафо Жамилевнинг Қрим ярим оролига кириши 2019 йилгача тақиқланди.


АҚШ Вице президенти Жо Байден 22 апрель куни пойтахт Киевда Украина парламенти аъзолари билан учрашувда Вашингтон бирлашган Украинани яратишда мамлакат раҳбарларига ёрдам беришга тайёр эканини баён қилди.

- Биз сизларга нисбатан кўрсатилаётган адолатсиз иқтисодий босимга қарши туришда ёрдам бериш орқали Украина иқтисодиётини барқарорлаштириш ва мустаҳкамлашда кўмаклашишимиз мумкин. Биз, Америка халқи бунга тайёр турибди. Мен, нафақат Барак Обама ва Жо Байден балки, Америка халқи бунга тайёр турибди, демоқчиман, дея баёнот берди АҚШ вице президенти.

Айни пайтда Байден Киев ҳукумати коррупция балосига қарши кураш чораларини кучайтириши лозимлигини қўшимча қилди.

АҚШ вице президенти Украинанинг энергетика масаласида Россиядан мустақил бўлиши учун АҚШ Киев ҳукуматига ёрдам кўрсатишга тайёр эканини урғулади.

Украина Бош вазири Арсений Яценюк билан музокарадан кейин сўзлаган Жо Байден Вашингтон Россиянинг Қрим ярим оролидаги хатти-ҳаракатини тан олмаслигини қўшимча қилди.

Жо Байден Қўшма Штатлар Украина хавфсизлик кучларига 20 миллион долларлик техник ёрдам, жумладан, алоқа ускуналари, сапёрлар учун қурилмалар, транспорт воситалари, инженерлик ускуналари етказиб беришини эълон қилди.

Ўз навбатида Арсений Яценюк Украинада президентлик сайлови режада белгиланганидек, келаси ойда ўтказилиши кераклигини урғулади.

Яценюк нутқи давомида Украинага қонуний сайланган президент кераклигини қўшимча қилди.

Украина ва Россия ўртасида бўҳрон давом этаётган бир пайтда Жо Байден Қўшма Штатлар Украинанинг янги ҳукуматини қўллаб-қувватлашини намойиш қилиш учун душанба куни Киевга икки кунлик ташриф билан келди.

Сешанба куни Жо Байден Украина Президенти вазифасини бажараётган Александр Турчинов билан учрашди.

Байденнинг Киевга ташрифи Украина ва Россия Украинадаги бўҳронни ҳал қилиш бўйича 17 апрель куни Женевада имзоланган келишувни бузганликда бир-бирини айблаётган пайтга тўғри келди.

АҚШ, Европа Иттифоқи, Россия ва Украина вакиллари имзолаган Женева келишувида Украина шарқидаги ўнгга яқин шаҳарда Россия тарафдори бўлган гуруҳлар ўз қуролларини топшириши ва эгаллаб олган давлат идораларини бўшатиб беришлари назарда тутилган.

Вашингтон агар Москва келишув талабини бажаришга уринмаса, Россияга нисбатан янги санкциялар қўллаш масаласи кўрилаётганини билдирди.

Ўз навбатида Россия Вашингтонни Киевнинг Мустақиллик майдонида Европа тарафдорлари ўтказаётган намойишни тарқатиб юбориш орқали шартнома талабини тўлиқ бажаришда Киевга ўз таъсирини ўтказишга чақирди.

Айни пайтда Қрим татарлари етакчиси Мустафо Жамилевнинг ўз ватани бўлмиш Қрим ярим оролига кириши 2019 йилгача тақиқланди.

Қрим Татарлари Мажлисининг матбуот котибасига кўра, 22 апрель куни Мустафо Жамилев Украина ҳудудига ўтган пайтда унга Қримга кириши 2019 йил 19 апрелгача тақиқланган ҳужжат кўрсатилган.

Жамилев буни Қрим Татарлари Мажлиси раиси ўринбосари Аслан Умар билан бирга АҚШ Вице президенти Жо Байден билан учрашиш учун Киевга кетаётган пайтда билган.

Уч кун олдин Мустафо Жамилев Қрим ҳудудига кираётган пайтда чегара текширув пунктида қисқа муддат ушлаб турилган эди.

Ўтган ой Россия Қримни ўз ҳудудига қўшиб олганидан бери Мустафо Жамилов Қримнинг россияпараст янги ҳукуматини қрим татарларига қарши кампания олиб бораётганликда айблаган.

Жамилевга кўра, Россия паспортини олиш учун ариза ёзишдан бош тортган қрим татарлари аллақачон ўз ишини йўқотган.

Қрим татарлари мухтор ўлканинг Украинадан ажралиб, Россияга қўшилиш бўйича Қримнинг янги ҳукумати ўтказган референдумни тан олмаган.
XS
SM
MD
LG